Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Йил якунига қадар 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент ишлаб чиқарувчиларда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда фильтрларни янгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратиб, жами 10 миллион туп дарахт экиш ташкил этилади.
Қурилиш корхоналари ҳам ижтимоий масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Тошкентда “яшил белбоғлар” ташкил қилиши кераклиги таъкидланди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга “ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш” тизимини жорий қилиш топширилди.
Оҳангарондаги 23 гектар ва Янгийўлдаги 37 гектарда жойлашган собиқ чиқинди полигонлари ҳудудида “яшил боғлар” ташкил қилиш бошланади.
Сувга зарарли ташланмаларни оқизаётган ва ўзидан зарарли чиқиндиларни кўп чиқараётган корхоналар билан ишлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.









