Низом Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех тумани Зафаробод шаҳарчасидаги (шаҳарлар) бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартибини белгилайди.
Шаҳарлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун ойлик устама тўловлари бюджет ташкилотларида ишлаган иш стажидан келиб чиқиб, куйидаги миқдорларда белгиланади:
- 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,25 фоизи;
- 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,5 фоизи;
- 5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,75 фоизи.
Ойлик устамани олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қуйидагилар киритилади:
- шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ходимнинг ишлаган даври;
- ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин қонунчиликка асосан шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланган даври;
- «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Навоийуран» давлат корхонаси ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси тизимидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимига ўтказилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ушбу корхоналарда ишлаган даври.