Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Президентнинг шу йил 16-17 сентябрь кунлари вилоятга ташрифи том маънода Наманганда 2-уйғониш даврини бошлаб берди.
Дастлаб маҳалла аҳли, нуронийлар билан учрашувда давлат раҳбари ташаббуси билан маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартириш, бўш турган эски бинолар ўрнида саноат зонаси ташкил этиш, инфратузилмани ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, “Янги Наманган” ва унинг атрофидаги 6 та маҳаллани жадал ривожлантириш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш юзасидан мутахассислар, аҳоли вакилларининг таклифлари тингланди.
Шу ерда барча ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ташкил этилди ва фаолияти изчил йўлга қўйилди.
Норин тумани ҳокими шу маҳалла ҳудудига ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди ва бу билан ислоҳотларни тезлатиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, маҳаллани обод масканга айлантириш имконияти яратилди.
Нуронийлар Президентимиз ташрифидан кейин бошланган ишлар учун миннатдорлик билдириб, эзгу саъй-ҳаракатларга “оқ фотиҳа” бердилар.








