Норма ижодкорлиги жараёнида фуқаролар қандай кўринишларда иштирок этишлари мумкин?

    Фуқаролар норма ижодкорлигига оид керакли ахборотларни турли манбалардан олишлари мумкин. Жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишга ваколатли давлат органлари йиғилишларида иштирок этиш орқали.

    Фуқароларнинг мазкур шаклда ўзлари учун керакли ахборотларни олиш тартиби “Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги намунавий низом” билан белгиланади. Бироқ фуқароларга норма ижодкорлиги жараёни ва босқичлари ҳақида тизимли ва тўлиқ маълумотлар берадиган электрон платформалар ҳалигача мавжуд эмас.

    Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида қонун лойиҳалари матнларини ва уларга доир таҳлилий материалларни ҳар бир ўқишдан кейин парламентнинг веб-ресурсларида тезкор эълон қилиб бориш, реал вақт режимида таклифлар ҳамда мулоҳазаларни йўллаш имкониятини жорий этган ҳолда мазкур жараёнларни оммавий ахборот воситалари, шунингдек, парламентнинг веб-ресурсларида онлайн трансляция қилиш каби концептуал қарашлар илгари сурилган. Бироқ, дастлабки амалиётларда техник носозликлар туфайли мажлисларнинг онлайн трансляция қилинмаганлиги ҳақли равишда жамоатчиликнинг кенг эътирозларига сабаб бўлди.

    Юқоридаги каби муаммоларнинг ечими сифатида Луизиана штати парламентида жорий этилган амалиётни миллий тажрибамизга жорий этиш мақсадга мувофиқ. Яъни, Луизиана штати парламентида қонун лойиҳаларининг муҳокамаси тўғридан-тўғри кенг жамоатчиликка трансляция қилиниши билан бирга муҳокама баённомалари ҳам юритилади ва мазкур баённомалар парламент сайтига жойлаштириб борилади.

    Қолаверса, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ваколатига эга субъектлар расмий веб-сайтида ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ахборотлар доим ҳам янгилаб борилмаслигини кузатиш мумкин.

    Мазкур шаклнинг ўзи бевосита фуқаролардан фаоллик талаб этмасада, бироқ норма ижодкорлигида иштирок этишнинг бошқа турлари учун замин ҳозирлаши билан аҳамиятга эга. Зеро, ушбу кўринишда фуқаролар норма ижодкорлиги жараёни, юридик техника, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси каби муҳим ва базавий маълумотларга эга бўлади. Бундан ташқари, Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш асосини, унинг аҳамиятини, шунингдек, қабул қилинишидан кутилаётган натижа бўйича қисқача маълумотни ўзида акс эттирган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳам эълон қилиниши акс этмаган. Натижада, фуқароларнинг норма ижодкорлигига оид зарур ахборотлар билан танишиш ҳуқуқи аниқ белгиланмаган. Бу борадаги муносабатлар умумий тарзда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади. Фикримизча, фуқаролар учун энг қулай ва осон бўлган Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга, уларни ишлаб чиқиш асоси, аҳамияти, шунингдек, қабул қилинишидан кутилаётган натижа бўйича қисқача маълумотни ўзида акс эттирган тушунтириш хати ҳам эълон қилиниши мақсадга мувофиқ.

    Юқоридаги муаммолар билан бирга, фуқароларни норма ижодкорлиги борасидаги ҳуқуқий билимларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини ҳам қайд этиш ўринли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган.

    Ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилган бўлиб, унда турли соҳалар бўйича фуқароларга малакавий юридик ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Мазкур порталдаги мавжуд ҳуқуқий бўлимлар ичида норма ижодкорлиги бўйича алоҳида соҳа йўқ. Фикримизча, эндиликда бундай бўлимни ташкил этиш фурсати келди.

    Норма ижодкорлиги ижодий жараён эканлиги сабабли муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси интеллектуал фаолият натижаси сифатида интеллектуал мулк объектлари жумласига киради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, норма ижодкорлиги жараёнидаги мазкур амалиётни самарали йўлга қўйишда аниқ ҳуқуқий механизмлар жорий этилиши зарур. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини буюртма асосида тайёрлаб берувчи консалтинг фирмалари, ёш норма ижодкорлари жамиятларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш имконини беради.

    Фуқароларнинг норма ижодкорлиги жараёнида иштирокининг кенг тарқалган шакли бу қонун лойиҳалари бўйича ўтказиладиган умумхалқ муҳокамаларидир. Фуқароларнинг норма ижодкорлиги жараёнида иштирокининг умумхалқ муҳокамаси шаклининг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда фуқаролар фақат қонун лойиҳалари бўйича муҳокамаларда иштирок этишлари мумкин.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, норма ижодкорлигида фуқаролар иштирокининг асосий шакллари таҳлили баробарида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси учун махсус платформа жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси ахборот тизими – Lex.uzга қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга мазкур ҳужжатлар бўйича ишлаб чиқилган тушунтириш хатларини ҳам жойлаб бориш тизимини йўлга қўйиш таклифини илгари суриш мумкин.

    Ботир БОЙМУРОДОВ,

    Тошкет давлат юридик университети катта ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates