Тадбирда Буюк Британия қироллик оиласи, олий ҳарбий-сиёсий доира вакиллари, дипломатлар, шунингдек, бошқа мамлакатлардан меҳмонлар иштирок этди. Маросимда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан келган 700 дан ортиқ киши, шу жумладан, курсантлар қатнашди.
Байрам Британия ҳарбий санъатининг асрий анъаналарига мувофиқ ўтказилган Академия кадетларининг улуғвор паради билан бошланди.
Параддан сўнг маросим иштирокчилари академиянинг тарихий залида афсонавий Сандхерст муҳитида бўлиб ўтган тантанали қабулга таклиф қилинди.
Қироллик академияси раҳбарияти таълим жараёнида юқори интизом, аъло даражадаги академик тайёргарлик ва етакчилик фазилатларини намойиш этган ўзбекистонлик офицерларнинг ажойиб натижаларини алоҳида эътироф этди. Бу ютуқлар ўзбек ҳарбий хизматчиларининг профессионаллиги ва халқаро тайёргарлик стандартларига содиқлигининг ёрқин намунасидир, деб хабар беради «Дунё» АА.
Сандхерст Қироллик ҳарбий академияси дунёдаги энг қадимги ҳарбий таълим муассасасидир. Академиянинг расмий таъсис этилиши 1947 йилга тўғри келсада, унинг келиб чиқиши XVIII асрга бориб тақалади. Асрлар давомида Сандхерст нафақат Буюк Британиянинг, балки бошқа мамлакатларнинг ҳам машҳур етакчиларини тайёрлаб, зобитлар элитасини шакллантирди. Унинг битирувчилари орасида Уинстон Черчилль, Қатар амири Ҳамад бин Халифа Ол Соний, Баҳрайн подшоҳи Ҳамад ибн Исо Ал Халифа, Бруней султони Ҳассанал Болкиях, Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал Мактум, шунингдек, инглиз қиролининг неваралари шаҳзодалар Уильям ва Гарри каби машҳур шахслар бор.