Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ўтган учрашувда меҳмон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Қозоғистон биринчи Президентининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Айдос Укибай Нурсултон Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китобининг Ўзбекистон Президенти учун аталган муаллиф дастхати қўйилган нусхасини топширди.
Тарихий жараёнлар ва шахсий муносабатни ўзида мужассамлаштирган китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаётий йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Республикага раҳбарлик қилган охирги ўн йилликлардаги воқеаларга баҳо беради.
Китоб қаҳрамонлари орасида муаллиф сиёсий майдонда кесишган таниқли сиёсатчилар ҳам бор. Қозоғистоннинг биринчи Президенти давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, бошқа машҳур шахслар билан муносабатларини таърифлайди.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, “атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев"ни алоҳида қайд этади. Китобда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланган. Қозоғистон билан ҳар томонлама алоқалар янада жадал ривожлана бошлангани, Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ қардош мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани мамнуният билан қайд этилди.