Лого Лого-пв-уз

    Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 8 сентябр 2023 12513

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2022 йилларда оналар ўлими кўрсаткичи 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайишига эришилди.

    Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларни бепул дори воситалари, тиббий буюмлар ва махсус озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жорий этилиб, уларга тиббий
    ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш кўлами кенгайтирилди.

    Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари, шунингдек, поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилди.

    Барча “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни зарур витамин комплекслари, йод препарати, темир
    ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш жорий этилди.

    Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг самарали бошқарув тизимини яратиш мақсадида:

    1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:

    Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика “Она ва бола скрининг” маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказини (кейинги ўринларда – Марказ);

    ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда “Она ва бола скрининг” марказлари негизида Марказнинг 14 та ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    2. Қуйидагиларни назарда тутувчи оналар саломатлигини муҳофаза қилишнинг такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий қилинсин:

    а) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида “тиббиёт бригадалари”:

    ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳомиладор аёлларни аниқлайди, уларни ҳисобга олиш ва даврий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этади;

    туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхонаси” бўлими билан биргаликда ҳомиладор аёллар ҳолатини доимий мониторинг қилиб боради ҳамда хавф омиллари аниқланганда Марказнинг ҳудудий филиалларига юборади;

    туғуруқдан кейинги даврда она ва боланинг даврий патронажини олиб боради ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чораларини кўради;

    репродуктив ёшдаги аҳоли ва ҳомиладор аёллар ўртасида тиббий маданият, касалликлар профилактикаси ва соғлом оилани режалаштириш бўйича тарғибот ишларини олиб боради;

    б) Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий филиаллари:

    хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради;

    никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади;

    ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди;

    соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширади;

    в) Республика перинатал маркази:

    эрта туғуруқ хавфи бўлган ҳомиладорларга, шунингдек, муддатига етмасдан (22-28 ҳафталик) туғилган чақалоқларга барча турдаги тиббий хизматлар кўрсатади;

    алоҳида тиббий кўрсатмаларга асосан ҳомиладорлар ва чақалоқларга Марказнинг ҳудудий филиалларида консультатив ёрдам беради ҳамда зарур ҳолларда уларга тиббий стационар ёрдам кўрсатади;

    г) Марказ:

    республика, ҳудудий тиббиёт муассасалари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болалар скрининги, шунингдек, репродуктив ёшдаги аҳоли орасида экстрагенитал, туғма ва ирсий касалликлар профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва реабилитацияси бўйича ихтисослаштирилган ҳамда юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётларини жорий этади;

    акушерлик-гинекология, тиббий-генетик маслаҳат, соғлом оилани режалаштириш, молекуляр-генетик текширув, пластик ва эстетик гинекология, ёрдамчи репродуктив технологиялар хизматларини ташкил этади ва ушбу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштиради;

    репродуктив ёшдаги аҳоли, ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болаларга малакали тиббий хизмат кўрсата оладиган кадрлар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда иштирок этади;

    репродуктив ёшдаги аҳоли, ҳомиладор аёллар, янги туғилган болалар касалликлари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

    ўсмирлар орасида репродуктив аъзолар патологиясининг олдини олиш бўйича тиббий-профилактика тадбирларини ташкил этади;

    хорижий илмий-тадқиқот тиббиёт марказлари, клиникалар ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширади;

    соғлом оилани шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда илғор усуллар ва технологияларни йўлга қўйиш, туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта пренатал ва неонатал даврда аниқлаш, болалар ўлими ва туғма ногиронликнинг олдини олиш чораларини кўради.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил 1 октябрдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари мутахассисларини жорий этилаётган янги тизим бўйича ўқитишни ташкил қилсин.

    3. Белгилансинки:

    а) Марказ Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика “Она ва бола скрининг” маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг;

    Марказнинг ҳудудий филиаллари тегишинча ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда “Она ва бола скрининг” марказларининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

    б) Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари туғуруққа кўмаклашиш соҳасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига услубий жиҳатдан раҳбарлик қилади;

    в) янги ташкил этилаётган Марказ таркибидаги аҳоли репродуктив саломатлиги ва скрининг хизматига Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ҳамда Республика “Она ва бола скрининг” маркази учун амалда белгиланган молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади;

    г) Марказнинг электрон навбат асосида даволанишга йўналтириладиган ва имтиёзли тоифага кирувчи беморларни даволаш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилади.

    4. Қуйидагилар:

    Оналар ва болалар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

    2023-2027 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш дастури 2-иловага мувофиқ;

    2023-2027 йилларда туғуруқ комплексларида қўшимча киритиладиган туғуруқ ўринлари сони 3-иловага мувофиқ;

    Ҳудудий тиббиёт муассасалари учун харид қилиниши режалаштирилган тиббий жиҳозлар тақсимоти 4, 4а – 4о-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

    5. Ҳудудларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл хариталари” тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар
    ва Тошкент шаҳри ҳокимларига “йўл хариталари”да белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва самарали ижро этиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.

    6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йил 1 сентябрга қадар Марказда замонавий ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган энг илғор диагностика ва даволаш стандартларини амалиётга жорий этиб, ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини йўлга қўйсин.

    7. Белгилаб қўйилсинки:

    Марказ ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини қўллаш бўйича замонавий клиник протоколлар ва стандартлар ишлаб чиқади ҳамда ушбу йўналишдаги барча тиббиёт ташкилотлари фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;

    2024 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда бепуштлик сабабли фарзандсиз бўлган оилаларга, шу жумладан, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга нисбатан ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини қўллаш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда соғлом оилани шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта пренатал ва неонатал даврда аниқлаш, болалар ўлими ва туғма ногиронликни камайтириш, туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш аҳамияти ва зарурати тўғрисида аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

    9. Қуйидагилар 2026 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинсин:

    ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқланган дастурлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича четдан олиб кириладиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, дори воситалари ва болалар учун махсус озиқ-овқат маҳсулотлари;

    фенилкетонурияга чалинган болалар учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари.

    10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига
    5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.Ш.Иноятов ҳамда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари И.Э. Баситханова белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2023 йил 8 сентябрь

    No date selected
    феврал, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    Use cursor keys to navigate calendar dates