Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг аниқ мақсад ва чегараларини белгилаш, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизмат турларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали улар учун тартибга солиш юкини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг давлат томонидан тадбиркорлик фаолиятини фақатгина қуйидаги воситалар орқали тартибга солиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг айрим турлари бўйича лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш;
техник жиҳатдан тартибга солиш;
тариф ва нотариф тартибга солиш;
қонунда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;
давлат назорати;
рақобатни ҳимоя қилиш;
қонун билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ўрнатиш;
ҳисоботларни жорий этиш;
ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотга аъзолик (иштирок этиш) асосида ўзини ўзи бошқаришни жорий этиш.
Қонунлар билан тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг бошқа воситалари ҳам белгиланиши мумкин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади;
норматив-ҳуқуқий ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
3. Қуйидаги талаблар 2023 йил 1 январдан бекор қилинсин:
тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш;
янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар –ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан
амалга оширилиши;
электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 мартдан:
солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бунда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали нодавлат хизматлар кўрсатиш тартиби Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
5. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2023 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солишни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини (кейинги ўринларда – Махсус ҳуқуқий режим) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан:
а) Махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат этилади:
янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик;
лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш, бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно;
б) Махсус ҳуқуқий режим тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади. Бунда:
келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади;
ҳар бир лойиҳа бўйича Махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади;
в) Махсус ҳуқуқий режим якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда:
синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади;
маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 1 январга қадар “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни, шу жумладан, уни аниқ йўналишлар кесимида амалиётга татбиқ этиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин.
Адлия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда тегишли ваколатли органлар билан биргаликда 2025 йил 1 январга қадар Махсус ҳуқуқий режим жорий этилган лойиҳалар таҳлили натижалари бўйича “Махсус ҳуқуқий режим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига (кейинги ўринларда – Ягона реестр) киритиш, такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Белгилансинки:
а) Ягона реестр тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича ўрнатилган барча талаблар, уларнинг муддатлари, улар билан боғлиқ молиявий харажатлар, талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қилувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чораларини ўз ичига олади;
б) Ягона реестрга маълумотлар тегишли соҳани тартибга солувчи ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилади;
в) Адлия вазирлиги Ягона реестрнинг оператори ҳисобланади, Ягона реестр юритилишини услубий таъминлайди, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
г) Ягона реестр қуйидаги босқичларда шакллантирилади:
биринчи босқичда (2023 йил) – қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, таълим ва транспорт соҳаларидаги мажбурий талаблар рўйхати шакллантирилади;
иккинчи босқичда (2024-2025 йиллар) – барча соҳалардаги мажбурий талаблар рўйхати шакллантирилади;
д) Ягона реестрни шакллантириш жараёнида мажбурий талабларнинг долзарблиги танқидий таҳлил қилинади, тартибга солиш таъсири баҳоланади ва уларнинг сони қисқартирилади;
е) Ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади. Бунда, Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларнинг бажарилишини текшириш тақиқланади.
Ягона реестрни шакллантириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда Ягона реестрни шакллантириш, юритиш ва маълумотларни янгилаб бориш тартибини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
9. Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Ишчи гуруҳ (Ж.Ходжаев) тегишли ташкилотлар мутахассисларидан иборат кичик ишчи гуруҳларни тузган ҳолда мазкур Фармоннинг 8-бандига мувофиқ тартибда ва муддатларда мажбурий талабларни қисқартириш, уларнинг ягона реестрини шакллантириш ишларини ташкил этсин.
10. Тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:
мазкур Фармон билан жорий этилган янги тартиб-таомилларни амалга ошириш механизмларининг Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида назарда тутилишини таъминласин;
қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев, адлия вазири Р.Қ.Давлетов ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Касимов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 9 ноябрь