Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

    Ҳужжатлар 12 сентябр 2024 1889

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбек халқининг буюк қомусий олими, Темурийлар давлатининг машҳур ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ўзининг бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан юртимиз тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймодир.

    Ўрта асрларда она заминимизда юзага келган иккинчи Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси ҳисобланган Мирзо Улуғбек узоқ йиллар ўз салтанатини адолат ва инсонпарварлик ғоялари асосида бошқариш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш билан бирга илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг ташаббуси ва ҳомийлиги остида кўплаб мадрасалар, мактаблар, кутубхоналар, масжидлар, карвонсаройлар, кўприклар ҳамда сўлим боғлар барпо этилди. Натижада ўлкамиз ҳар томонлама тараққий этиб, Шарқдаги йирик маданият ва илм-фан диёрига айланди.

    Мирзо Улуғбек математика, физика, тарих, меъморчилик соҳаларида улкан натижаларни қўлга киритди. Буюк аллома, айниқса, Самарқанд шаҳридаги ўзи бунёд эттирган расадхонада амалга оширган кенг қамровли илмий тадқиқотлари ва кашфиётлари билан жаҳон астрономия фанининг ривожида туб бурилиш ясади. Улуғ ватандошимизнинг ана шундай изланишлари натижасида юзага келган “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ҳозирги пайтда ҳам юлдузлар илми соҳасида дунёдаги энг буюк асарлардан бири сифатида эътироф этилиб, олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

    Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида кўплаб тадқиқотлар, маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Унинг даврида бунёд этилган меъморий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

    Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб аҳоли яшаш масканлари, таълим муассасалари, пойтахтимиздаги йирик туман Мирзо Улуғбек номи билан аталади. Мамлакатимиз ва хорижда олимнинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилган.

    Буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний мазмун-моҳиятини, уларнинг ёш авлод интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш ва шу асосда Янги Ўзбекистоннинг муносиб бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида:

    1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2024 йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    2. Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

    3. Ташкилий қўмита (А.Арипов):

    а) бир ҳафта муддатда Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини масъул ижрочилар ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда тасдиқласин:

    мамлакатимиздаги Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ объектларни, шу жумладан, Мирзо Улуғбек шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш;

    аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш;

    Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишлаб “Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-адабий тадбирлар ўтказиш;

    давлат театрлари ва талабалар театр-студияларида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид спектакллар саҳналаштириш;

    Мирзо Улуғбекнинг бой меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек тилида нашр қилиш;

    Мирзо Улуғбек сиймоси тасвирланган, унинг шахси, давлат арбоби сифатидаги фаолияти ва алломанинг илмий-маърифий меросига бағишланган кўргазмали ахборот воситаларини тайёрлаш, медиа маҳсулотлар ва аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, интернет ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштириш;

    Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Мирзо Улуғбекнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти ва илмий-маърифий мероси, унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида илмий анжуманлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

    б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан Самарқанд шаҳрида 2024 йил 10-11 октябрь кунлари “Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилишини ташкил этсин. Бунда халқаро конференцияни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тенг улушда қопланади.

    4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

    манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий-маърифий меросини тадқиқ этишга оид илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилсин;

    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан алломанинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини ўзбек, рус ва инглиз тилларида, “Тўрт улус тарихи” номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилинишини ташкил этсин;

    Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий-маърифий меросини ўрганишга бағишланган энг яхши илмий мақолалар танловини ўтказсин.

    5. Фанлар академияси 2024 йил октябрь ойида:

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида Мирзо Улуғбек асарлари нашрининг тақдимотларини ўтказсин;

    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Мирзо Улуғбек даврига оид асарлар қўлёзмаларининг кўргазмасини ташкил этсин;

    Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда Мирзо Улуғбек ҳақида яратилган “Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм тақдимотини уюштирсин.

    6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти, унинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти ҳамда жаҳон илм-фани ва тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, шунингдек, таълим ташкилотлари ва меҳнат жамоаларида кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

    7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

    8. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

    9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2024 йил 12 сентябрь

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates