Очиқ ҳавода кўпроқ бўлишимиз кўзларимиз учун фойдали

    Саломатлик 19 июн 2021 2291

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё миқёсида камида 2,2 миллиард кишида кўриш қобилиятининг бузилиши ёки кўрлик ҳолатлари мавжуд.

    Кўз касалликларининг келиб чиқиш омиллари қандай, уларнинг диагностика ва даволаш усуллари қай даражада ривожланмоқда?

    Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов фикри билан бўлишади:

    — Кўз касалликлари орасида энг кўп учрайдиганлари қайсилар?

    — Жаҳон статистикасида кўз касалликларининг кенг тарқалиши ёки касалланиш кўрсаткичлари бўйича 1-ўринда конъюнктива касалликлари, 2-ўринда миопия ва ғилайлик, 3-ўринда склерит ва кератитлар, 4-ўринда шоҳ парда хиралашуви ва 5-ўринда гавҳар касалликлари — катаракта туради. Юртимиздаги кўз касалликлари бўйича статистика ҳолати ҳам деярли шу кўринишда.

    — Кўз касалликларининг келиб чиқиш сабаблари ҳақида гапириб берсангиз.

    — Кўрлик ва кўриш қобилияти бузилиши ҳолатлари кўпайишининг асосий сабабларидан бири бу дунё аҳолисининг тез қаришидир. Шу билан бирга, сўнгги ўн йилликлар ичида аҳолининг турмуш тарзи сезиларли даражада ўзгарди — одамлар вақтининг кўпроқ қисмини ёпиқ жойларда ва камроқ кўчада ўтказадилар, кўпчилик инсонлар компьютерларда ишлайди. Бу, хусусан, миопия ривожланиш хавфини оширади.

    Бундан ташқари, қандли диабет билан касалланганлар сони ҳам кўпаймоқда. Деярли барча бу хасталикка учраганлар ретинопатиянинг бирон бир шакли, кўз тўр пардаси касаллиги билан оғрийдилар.

    Кўзларни мунтазам равишда текшириб туриш ва кўриш қобилияти ёмонлашувининг биринчи аломатларини сезгандаёқ шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

    — Офтальмолог кўригидан ўтиш оралиғи қанча бўлиши лозим?

    — Одатда, охирги пайтгача одам кўриш қобилиятини пасайишига олиб келган белгилар ҳақида, хусусан, диабет туфайли глаукома ёки кўрлик келиб чиққани ҳақида билмайди. Шундай қилиб, муаммоларни дастлабки босқичда аниқлаш ва уларга тўғри ечим топиш учун мунтазам равишда офтальмолог кўригидан ўтиб туриш лозим.

    Бундай текширувларнинг оралиғини тартибга солувчи стандартлар мавжуд эмас, аммо 50 ёшдан ошган кишилар ёки қийин об-ҳаво шароитида ишлайдиганлар ҳар икки йилда бир марта офтальмологга мурожаат қилишлари керак. Қандли диабет билан оғрийдиганлар эса йилига бир марта шундай текширувлардан ўтиб туришлари фойдадан ҳоли эмас. Бундан ташқари, доимий равишда компьютерда ишлайдиганлар ҳам мунтазам кўзларини текширтириб туришлари лозим.

    Одатда, одамлар компьютерда ишлаганда, тез-тез кўзларини юммайди. Шунда кўзларда қуруқлик пайдо бўлади ва бу уларни безовта қила бошлайди, кўзлар қичишади. Бу одамлар ёшларидан қатъий назар, мунтазам текширувдан ўтиб туришлари керак. Чунки тўғри танланган кўз томчилари орқали бу муаммо билан осонликча курашиш мумкин. Кўз касалликлари, шу жумладан, глаукома белгиларини олдиндан аниқлаш учун ҳам бундай режали кўриклар зарур.

    — Компьютер олдида кўп вақт ўтириш, гаджетлардан фойдаланиш туфайли кўриш қобилияти ёмонлашишини айтиб ўтдингиз. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

    — Инсон кўчада, яъни тоза ҳавода қанча кўп вақт ўтказса, шунчалик кўриш қобилиятини пасайишининг олдини олиши ва миопия ривожланиш тезлигини пасайтириши мумкин. Барча ёшдаги кишилар учун очиқ ҳавода бўлиш фойдалидир.

    Aгар узоқни яхши кўролмаслик ёки миопия ҳақида гапирадиган бўлсак, бу касалликнинг ривожланишига таъсир қилувчи кўплаб шароитлар мавжуд. Улардан бири генетика бўлса, иккинчиси одамлар кўпроқ вақтини очиқ ҳавода эмас, компьютер экранлари олдида ўтказиши ҳисобланади. Шунинг учун барча ёшдаги кишилар учун умумий тавсия — очиқ ҳавода кўпроқ вақт ўтказиш.

    Шунингдек, қоғозли ёки электрон китобларни ўқиётганда маълум масофани сақлаш зарурлигини унутмаслик керак. Бунда масофа 30 сантиметрдан кам бўлмаслиги муҳим. Баъзида болалар китобни кўзларига яқинлаштириб ўқишади. Уларни масофа сақлашга ўргатиш лозим.

    Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates