Тадбирда одам савдосига қарши курашишда миллий, минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида янги ёндашув ва таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида ислоҳотлар амалга оширилгани, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Таъкидланганидек, одам савдоси жинояти халқаро ҳамжамиятда барча давлатлар учун глобал муаммо сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу иллат кенг қамровли муаммо бўлиб, у нафақат одам савдоси билан боғлиқ, балки инсон ҳуқуқларини таъминлаш, унинг саломатлиги, она ва бола хотиржамлиги, таълим, хавфсиз миграция, меҳнат эксплуатацияси масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ушбу жиноят трансмиллий аҳамият касб этиб, бир давлатдан иккинчисига ёки яна бошқа давлатларга боғланиб давом этади ва глобал хавфсизликка таҳдид қилади.
Бундай шароитда, энг аввало, одам савдосига қарши курашиш миллий тизимини такомиллаштириш, қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш давр талаби ҳисобланади.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда мазкур глобал иллатга қарши курашишда давлат органлари билан биргаликда фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани, соҳани такомиллаштириш халқаро стандартлар асосида амалга оширилаётганига эътибор қаратилди. Бу борада Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича миллий ва ҳудудий комиссияларнинг ҳамда ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг фаолияти миллий ва маҳаллий даражада ҳар томонлама, мувофиқлаштирилган ва таъсирчан чораларни амалга ошириш имконини беряпти.
Таъкидлаш жоиз, халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида миллий қонунчиликда одам савдосига оид жиноятлар учун жазо масалалари кучайтирилди, шунингдек, очиқлик тамойилларига таянган холда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, бу борадаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Тадбир давомида халқаро экспертлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ислоҳотларга юксак баҳо берилди.
Таъкидланганидек, АҚШ Давлат департаментининг Дунёда одам савдоси тўғрисидаги сўнгги йиллардаги ҳисоботларида Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги фаолияти юқори натижаларга эришгани натижасида, алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилиб, халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхатига киритилди.
Шунингдек, 28 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан эълон қилинган «Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари» тўғрисидаги йиллик ҳисоботда Ўзбекистон Республикасининг позицияси энг юқори – «муҳим ўзгаришларни амалга оширган давлатлар» қаторига киритилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон 131 давлат ичидан энг юқори кўрсаткичга эга бўлган 9 та давлат қаторидан ўрин олган.
Одам савдосига қарши курашишда, соҳага халқаро стандартларни жорий этишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан самарали ҳамкорлик амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
ЕХҲТнинг Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакили В.Ричи, ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари маъруза билан иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида ЕХҲТ доирасида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, жумладан, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари фаолият юритаётган давлатларнинг парламентлари, ҳукуматлари, тегишли идоралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.