Унда Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисини 2025 йил 29 апрелда чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Таъкидланганидек, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, мудофаа ҳамда суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қонунларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
Жумладан, молия бозорини соғломлаштириш ва банклар фаолиятини барқарорлаштириш мақсадида тайёрланган «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар муҳокамасига қўйилади.
Ялпи мажлисда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилади. Унда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласи тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилиши устидан тизимли назоратни таъминлашга эътибор қаратилган.
Шунингдек, миллий мудофаа ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган «Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида»ги Қонунни ҳам муҳокама этиш назарда тутилган. Мазкур ҳужжат билан давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш, келишиш, тасдиқлаш ва бажаришга оид муносабатларни тартибга солишнинг ягона ҳуқуқий механизми яратилади.
Бундан ташқари, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларини самарали ижро этишга доир қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақидаги қонунлар ҳам ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган.
Сенаторлар томонидан тамаки ва никотин маҳсулотлари муомаласига оид талабларни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ҳақидаги Қонун ҳам кўриб чиқилади. Бу эса аҳолини зарарли одатлардан муҳофаза қилиш борасидаги қонунчиликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш масаласини ҳам муҳокама қилиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илм-фан ютуқларини соҳага жорий этиш ва илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳам назарда тутилган ,деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.