Олий таълимнинг жамиятдаги масъулияти қандай бўлиши керак?

    Жорий йил 5 февраль куни мамлакатимиз ижтимоий соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда бугунимиз ва эртанги кунимизга дахлдор муҳим масалалар ўртага ташланди, асосли фикрлар билдирилди, ташаббуслар илгари сурилди. Дастлаб сўнгги кунларда рўй берган ҳодисалар, тинчлик ва барқарорликка таҳдидлар хусусида сўз борди. Давлатимиз раҳбари бугунги чақириқлар ва таҳдидлар моҳиятини очиб, маънавият, ватанпарварлик, ҳушёрликнинг аҳамиятини аниқ-тиниқ тушунтириб берди.

    Йиғилишда белгиланган вазифалар қаторида олий таълим мазмуни ва стандартларини шаблонли мезонлардан холи тарзда хорижий тажрибага асосланиб, юртимизда яратилаётган замонавий индустрия ва технологиялар талабига мувофиқлаштириш зарурати кўрсатилди. Таълимнинг ўзгарган ва янгиланаётган босқичлари билан олий таълим узлуксизлигини мазмунан боғлаб, мутлақо янги ҳуқуқий базада ўзгаришлар амалга ошириш топшириқлари берилди.

    Ўзбекистон олий таълим тизимида ҳақиқий туб ўзгаришларни амалга ошириш, дунёнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш вазифаси бундан етти йил муқаддам, яъни 2017 йилдан эътиборан, Ўзбкистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган эди.

    Ўтган давр мобайнида олий таълим тизимини такомиллаштиришга асос бўла оладиган ўзгаришлар амалга ошди. Бу вақтда мазкур тизимнинг ташкилий, тузилмавий ва ҳуқуқий асослари янгиланди, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси, академик мустақиллик, олий ўқув юртларининг ҳуқуқий-ташкилий турлари дунё тажрибасига мувофиқлашиб ривожланиши каби масалалар ечимини топа бошлади.

    Президентимизнинг педагоглар ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтидаги муҳим қарорлари тизимдан ёш олимлар чиқиб кетишини тўхтатди, олий таълим жамоаларида соҳанинг ривожланишига ишончни мустаҳкамлади.

    Йиғилишда илгари сурилган ғоялар олий таълим муассасаларидан постиндустриал жамият сўровларига жавоб берадиган истиқболли таълим тизимини яратиш, рақобатбардош кадр ва мутахассисларни тайёрлаш каби вазифалардан ташқари жамиятдаги интеллектуал салоҳиятни юзага чиқарувчи — маърифат драйвери бўлишни талаб этади, уларга ижтимоий масъулият юклайди.

    Бугун замонавий университет кадрларни профессионал даражада тайёрлаш, илмий тадқиқот олиб бориш билангина чегараланиб, ривожлана олмаслиги муқаррар. Жаҳон информацион ва ғоявий маконларида аҳоли, айниқса, ёшларга ўтказилаётган таъсир ва тазйиқнинг мазмун ва шаклланишига қарши адекват фикрлайдиган, миллий ўзлигини англайдиган, мақсад ва келажагини тўғри тасаввур этадиган авлод тарбиясига дахлдорлиги ва бу йўналишдаги фаолияти олий таълимнинг учинчи муҳим миссияси бўлиб олдинга чиқади.

    Университетлар жамиятда замонавий дунёқарашни шакллантириши, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга сезиларли таъсир ўтказиши керак, бу — тан олинаётган концепция. ОТМларнинг профессионал кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи муассаса эканидан ташқари, ўзи жойлашган ҳудуднинг маданиятига таъсир ўтказувчи маънавият ва маърифат, тарбия маскани сифатидаги роли ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб боради.

    Олий таълим муассасалари ҳозир ҳудудларда ижтимоий ҳамкорлик доирасида амалий ишлар олиб бормоқда. Жумладан, мактаблар билан бирга лойиҳалар, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, ўқитувчиларга методик ёрдам, ўқувчиларни касбий йўналтириш, ўқув фанлари бўйича мактабларда маҳорат дарслари ташкил этяпти. Университетнинг маҳаллалар билан ҳамкорликдаги ишлари, маҳалла ёшлари иштирокидаги маънавий-маърифий, спорт йўналишларидаги тадбирлар, маҳалла ёшларининг олий ўқув юртига ташрифлари уюштирилмоқда. Бундан ташқари, туризм соҳасида ҳудудлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар, касбга ўргатиш ўқув курслари ва бошқа қатор ташаббусларни ижтимоий ҳамкорлик намуналари сифатида айтиш мумкин.

    Ўзбекистон Миллий университетида бир неча йўналишдаги ижтимоий ҳамкорлик ишлари қаторида “Амалий этнология” лабораторияси ташкил этилиб, тадқиқотлар олиб борилмоқда. Уларнинг натижалари халқаро ва маҳаллий журналлардаги илмий мақолаларда, ОАВларда, ўқув-илмий адабиётларда, илмий ишларда хулоса ва тавсиялар тарзида ўз аксини топмоқда.

    Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда Ижтимоий иш кафедрасининг мактабларда психологик муҳитни тадқиқ этиш, социологик сўровлар натижалари таҳлили бўйича амалга оширган лойиҳа ва ташаббусларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Ўқувчилар учун психологик, мотивацион тренинглар, келажак мақсадларни аниқлашга кўмаклашувчи амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

    Биология ва экология факультетларининг ташаббускор талаба ёшлари ва профессор-ўқитувчилари томонидан Мўйноқ туманидаги Орол денгизи бўйи ва қуриган ҳудудида университетнинг 1,3 гектар майдонга эга ўқув-илмий полигонлари ташкил этилди. Ўсимликлар экилиб, Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда уларни тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш тадқиқотлари олиб борилмоқда.

    Бу каби ташаббуслар Инновацион ривожланиш агентлиги, тегишли ташкилотлар томонидан илмий лойиҳалар эълон қилиш йўли билан қўллаб-қувватланса, янада кўпроқ самара беради.

    Муҳими, ижтимоий ҳамкорлик лойиҳалари университетимизга ўқув дастурларини бойитиш, ҳудудий, соҳавий муаммоларга боғлаш, амалиётларни мазмунли ва самарали ташкил этишга ҳам замин яратмоқда. Шу билан бирга, университетларнинг ижтимоий ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти жамиятдаги долзарб масалаларга янада кенгроқ кириб боришни, айниқса, мавжуд илмий, интеллектуал, маданий-маърифий салоҳиятни сафарбар этишни талаб этади.

    Университет ижтимоий масъулияти, деганда, биринчи ўринда, таълим муассасасининг жамият олдидаги масъулиятини тушуниш керак. Бунинг учун университет маънавият, илм, таълим, маданият ва маърифат ўчоғи бўлиш билан бирга, ижтимоий ҳамкорлар билан бир неча вазифаларни амалга ошириши зарур.

    Аввало, жамиятдаги орзу-умидлар, интилишларни, ўзгаришлар ва ижтимоий жараёнларни, ёшларнинг қизиқиш ва мақсадларини илмий изланишлар, социологик ўрганишлар воситасида таҳлил қилиб бориш керак.

    Аҳолининг турли қатлами, жумладан, ёшлар ўртасидаги ҳудудий-ижтимоий масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар, хулосалар, аниқ ечимлар ва таҳлилий материаллар тайёрлаш, университет билан бирга амалга ошириладиган ишлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш лозим.

    Ҳудуд ва шаҳарларни ривожлантириш стратегияларига ҳисса қўшиш, аҳолининг ҳуқуқий онги, билимини ошириш, ижтимоий ва маданий муҳитга ижобий таъсир этиш, ёшларни илмга қизиқтириш, тадбиркорликка ўқитиш масалаларида маҳаллий бошқарув органлари, ташкилот ва муассасалар, иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, шаҳар ва ҳудудларни экологик ривожлантириш бўйича лойиҳалар, илмий экспертизалар тайёрлаш мақсадга мувофиқ.

    Юқорида қайд этилган вазифаларни тизимлаштириш учун олий ўқув юртларининг ижтимоий масъулиятини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилади. Бу таълим муассасасининг асосий ҳамкорларини белгилаб олиш имконини беради, шунингдек, узоқ муддатли ижтимоий ҳамкорликка асос яратади.

    Бугунги кунда олий ўқув юртларига инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, катта ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг билими, дунёқараши, маънавияти, ватанпарварлигини шакллантирувчи маърифат маскани сифатида жиддий эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

    Энг муҳими, таълим, айниқса, олий таълим муассасалари жамоалари учун ўқитиш сифати билан бир қаторда ижтимоий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, жамиятнинг ижтимоий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиш масалалари юқори малакали, ватанпарвар кадрлар тайёрлашнинг энг асосий вазифалари сифатида қабул қилиниши зарур.

    Ином МАЖИДОВ,
    техника фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 39-сонида (2024 йил 23 февраль) чоп этилган.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates