Илму меҳнати билан улуғдир инсон

    Халқимизда пиру бадавлат деган ибора бор. Бу рутба жуда улуғ, ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган неъмат. Қутлуғ 80 ёш арафасида бардам-бақувват, соғ-саломат, намунали фарзандлар қуршовида, ҳурмат-эҳтиромда яшаётган устоз, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали профессори, техника фанлари доктори Сойиб Абдураҳмонов ана шундай пиру бадавлат инсон.

    Домла Ўзбекистон металлургия саноати ривожига улкан ҳисса қўшган. Етук мутахассис сифатида илм-фанда илмий мактаб яратган. Соҳага оид ўқув ва илмий адабиётларни биринчилардан бўлиб ўзбек тилида яратиб, тоғ-кон саноати соҳасини ривожлантиришда жонбозлик кўрсатган.

    Устоз илм-фан тараққиёти йўлидаги меҳнати туфайли 1997 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Эллик йилдан ортиқ вақт мобайнида илм-фан тараққиёти йўлида билими, меҳнати билан катта илмий мактаб яратган Сойиб Абдураҳмонов ҳаёти ҳақиқий фидойилик намунасидир.

    ТДТУ Олмалиқ филиали жамоаси анъанани давом эттирган ҳолда Сойиб Абдураҳмонов таваллуд топган Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Аҳмадбек қишлоғида ва у таҳсил олган 59-мактабда бўлди. Филиал ташаббуси билан “Олим ўқиган мактаб” лойиҳаси доирасида мазкур мактабда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда С.Абдураҳмонов фаолият юритаётган олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, олимнинг яқинлари, маҳалладошлари, ёшлар вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Дадахонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали раҳбарияти вакиллари, профессорнинг дўстлари, маҳалладошлари ва шогирдлари иштирок этди. Самимият ва чуқур ҳурмат билан ўтказилган тадбирда устознинг ҳаёти, илмий фаолияти, мамлакатимиз тоғ-кон саноати ривожига, металлургия таълим йўналиши ва илм-фанга қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.

    Таниқли профессорнинг машаққатли ва шарафли ҳаёт йўли ҳақидаги хотиралари, бугунги кунда юртимизда илм-фан тараққиётига берилаётган юксак эътибор, ёшларга яратилаётган шароитлар, келажагимиз эгаларининг вақтнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, илм-фан, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллашлари лозимлиги хусусидаги фикр-мулоҳазалари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

    Мактаб ўқувчилари ва талабалар тайёрланган бадиий дастур учрашувга янада файз киритди. Тадбир якунида олим ўзи таҳсил олган мактабга замонавий компьютер жамланмалари ва бадиий адабиётлар совға қилди. Шунингдек, ТДТУ Олмалиқ филиали ҳам мактаб кутубхонасига китоблар тўплами тақдим этди.

    Муқаддас ЭРГАШЕВА,

    ТДТУ ОФ матбуот хизмати раҳбари

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates