Унда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш, илмий ишлар соҳасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳамкорлик меморандумларини имзолаш масалалари муҳокама этилди.
Мажид ат-Туркий икки мамлакат тарихан ўзаро бир-бирига боғлиқлигини, қардош халқларимиз ўртасида йўлга қўйилган биродарлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.
«Ўзбекистон ўзининг улкан тарихи ва бой маданияти билан бошқа давлатлардан ажралиб туради. Шунингдек, ўзбек халқи ўзининг меҳмондўстлиги билан жуда машҳур. Ушбу заминдан Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган йирик алломалар етишиб чиққан», — деди у.
Саудия вакили, шунингдек, Рус-араб тадқиқотлар ва ахборот маркази дунё миқёсида 35 дан ортиқ илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганини, улардан 6 таси Ўзбекистондаги илмий марказлар эканини билдирди.
Томонлар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Рус-араб тадқиқотлар ва ахборот маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликда илмий мақолалар тайёрлаш ва нашр этиш, давра суҳбатларини ташкил этиш бўйича келишиб олди, деб хабар беради «Дунё» АА.