Она тилим-жону дилим!

    Мамлакатимизда 18 октябр 2021 276045

    Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маънавияти, маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи, энг муҳими мустақиллик белгисидир.

    Дунёда 7 мингдан ортиқ тиллар муомалада бўлиб, дунё аҳолисининг
    90 фоизи 70 та тильда сўзлашади. 200 та тил давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Бугунги кунда дунёнинг 50 миллиондан ортиқ аҳолиси ўзбек тилида сўзлашиб, бу тильда сўзлашувчилар сони бўйича дунёда
    27-ўринда туради. 6 та (ўзбек, турк, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, уйғур) барқарор туркий тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбек тили дунёнинг
    60 дан ортиқ университетларида, 200 дан ортиқ мактабларида ўқитилади.

    Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

    Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

    Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

    Миллий тилимизга, она тилимизга бўлган эътибор, нафақат бугунги кунда, балки тарихнинг барча даврларида ҳам долзарб аҳамият касб этиб келган. Шу ўринда боболаримиз айтган қуйидаги пурмаъно фикрларни эслайлик: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур» (М.Беҳбудий).

    Эътибор беряпсизми, миллий тилни йўқотмак миллат тилини йўқотмакка қиёсланяпти. Дарҳақиқат, тилнинг аҳамияти, унинг мавжудлиги ҳар қандай юрт, миллат тараққиётини белгилаб бериши шубҳасиз. Айниқса, бугунги глобаллашув дунё халқларининг турмуш тарзи умумийлик касб этган бир даврда юқоридаги сўзларнинг залвори икки ҳисса ортади.

    «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10 апрелда Президент томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Бу билан давлат рамзларидан бири саналган маънавий қадриятимиз – она тилимиз қонун ҳимоясида эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.

    Ушбу байрамнинг мамлакатимизда кенг нишонланиши она тилимизга эътиборни юксалтириш, унинг мукаммаллиги ва бойлигини кўрсатиб бера олиш, нафақат ўзбек халқи, балки бошқа миллат вакилларини ҳам бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган тилимиз ва маданиятимизни ўрганишга илҳомлантиришда хизмат қилади.

    Биз эса ўз навбатида тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

    Бу йўналишда Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти Янгибозор туман бўлинмаси томонидан ҳамкор ташкилотларни жалб қилган ҳолда аниқ, манзилли чора-тадбирлар ташкил қилиняпти.

    Жумладан, Давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича туман ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, туман ҳудудидаги ташқи ёзувлар, реклама ва бошқа воситаларнинг давлат тили ҳақидаги қонун-ҳужжатлари асосида, имло хатоларисиз ёзилишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сонли қарори ижросини тумандаги идора-ташкилотларда тўлиқ таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти.

    Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллик байрамини кенг нишонлашга қаратилган тарғибот тадбирлари маҳаллаларда, таълим муассасалари, корхона-ташкилотларда кўтаринки руҳда ташкил этиляпти.

    Туман ҳокимининг ташаббуси билан туман ҳокимлиги катта мажлислар залида «Маънавият ва маърифат маскани кутубхонаси» ташкил этилди. Кутубхона ҳар куни аҳоли, айниқса ёшлар билан гавжум. Китобхонлар ўртасида она тилимизнинг аҳамияти, гўзаллиги, муқаддаслигини тараннум этувчи шеърлар, саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилиши байрамга янада кўтаринкилик бағишлаяпти.

    Айниқса, тадбирларга идора-ташкилотлар ходимларининг кенг жалб этилиши иш юритиш ҳужжатларини давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда олиб боришга замин яратади.

    Р.Матюсупов,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Хоразм вилояти Янгибозор туман бўлими раҳбари,

    Д.Тажимуратова,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Хоразм вилояти Янгибозор туман бўлими бош мутахассиси.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates