Ўқитишнинг инновацион ва самарали шакли ёхуд масофавий таълим истиқболлари

    Таълим 7 май 2020 8439

    Пандемия сабабли тизимга масофавий технологиялар жорий қилиниб, 7 миллион ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилди.

    Мамлакатимизда коронавирус туфайли карантин тартиби жорий этилиб, барча таълим муассасалари фаолияти вақтинча тўхтатилганига бир ярим ойдан ошди. Айни пайтда ўқувчи-талабалар дарсларни телевидение ҳамда интернет орқали масофавий ўзлаштирмоқда.

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев билан суҳбатимиз яқинда бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимларига берилган топшириқлар мазмун-моҳияти, карантин шароитида онлайн ўқув жараёни изчиллигини таъминлаш, юртимиз олий таълим тизимида масофавий ўқитишни жорий этиш истиқболлари ҳақида кечди.

    — Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг айни пайтда таълим сифатини назорат қилувчи орган сифатида масофавий ўқитиш жараёнидаги ўрни ва масъулияти хусусида сўзлаб берсангиз.

    — Дарҳақиқат, умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилининг IV чораги учун режалаштирилган машғулотлар масофавий видеодарслар кўринишида ташкил этилмоқда. Ушбу жараёнда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси назорат органи эмас, балки ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этяпти. Тайёрланаётган видеодарслар сифатини ошириш бўйича малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда зарур тавсиялар берилмоқда.

    Қарийб икки йил давомида халқаро PISA тадқиқотларига тайёргарлик доирасида инспекция томонидан элликка яқин видеодарс тасвирга олинган эди. Ҳозирги кунда ушбу видеодарслар ҳам эфирга узатилмоқда.

    Масофавий таълимни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилганимизда, хорижлик ҳамкорларимиз кўпгина давлатларда мактаб ўқувчилари учун ҳам интернет орқали ўқув жараёни ташкил этилгани, бироқ интернет ва техник имкониятлар етишмовчилиги сабаб кўплаб муаммолар кузатилаётганини қайд этишди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бу борада тутган йўли, яъни онлайн дарсларнинг телевидение ва интернет орқали тенг тақсимланиши энг тўғри танлов бўлганини таъкидлашди.

    Юртимизда биринчи марта ташкил этилаётгани боис видеодарсларда, умуман, масофавий таълимни ташкил этишда ўзига яраша муаммолар кузатилиши табиий. Ҳозир Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан масофавий таълимни ташкил этиш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича халқаро экспертлардан таклиф ва тавсиялар олиниб, тизим такомиллаштирилмоқда.

    Шу ўринда масофавий бўлса-да, таълим сифатини таъминлаш ҳақида ҳам унутмаслик керак. Ҳозир айрим ривожланган мамлакатларда масофадан олиб борилаётган дарсларининг сифатини назорат қилиш учун онлайн сўровлар ўтказилиб турилади. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳам Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда масофавий таълимнинг ташкил этилиши юзасидан мониторинг олиб бормоқда.

    Жараёнда кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида инспекциянинг @edumonitoring_bot телеграм боти ишга туширилган. У орқали ота-оналар мактаб ва олий таълим муассасаларида масофавий ўқитишнинг сифати, уни ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги муаммо ва қийинчиликлар бўйича хабар ва таклифлар бермоқда. Айни пайтда ҳамкор вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан масофавий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар бартараф этилмоқда.

    Биз ўқувчиларнинг видеодарслар орқали таълим олаётганини ҳар бир хонадонга кириб назорат қилолмаймиз. Шу нуқтаи назардан, телеканаллар орқали мунтазам бериб борилаётган машғулотлар ўқитувчи-мураббийлар билан бир қаторда ота-оналарга ҳам масъулият юклайди. Жумладан, улар фарзандларининг телевидение орқали узатилаётган дарсларни мунтазам кузатиб бориши учун шароит яратиши, доим назорат қилиши, ўғил-қизининг мавзуларни ўзлаштириши, вазифаларни бажаришига ёрдамлашиши, шунингдек, ўқитувчилар билан хабар алмашиш учун интернет орқали мулоқотни таъминлаши лозим.

    — Мактабларда жорий ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланиши кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

    — Шу йил 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Президентимиз ўқув йилини сифатли якунлаш, бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда юртимиз таълим тизими учун энг мақбул йўлни танлаш вазифаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, таълим муассасаларида, айниқса, мактабларда меъёрларни қайта кўриб чиқиш зарурати мавжудлигини таъкидлади.

    Мазкур вазифаларга таяниб, инспекциямиз томонидан карантин шароитида умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилини якунлаш ва якуний давлат аттестацияларини ўтказиш бўйича ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Гувоҳи бўлдикки, бу борада тараққий этган давлатларда ҳам ҳали ягона тўхтамга келингани йўқ. Изланишлар давом этмоқда.

    Жумладан, Германия, Франция, Италия, Чехияда май ойининг иккинчи ярмидан мактабларда дарс давом этиши белгиланган. Акс ҳолда якуний имтиҳон баҳолари ўқувчиларнинг уйга вазифа сифатида бажарган топшириқларини ҳисобга олган ҳолда мактаб кенгашлари томонидан масофавий тарзда қўйилиб, келгуси ўқув йилида жорий йилда тасдиқланган мавзулар бўйича машғулотлар давом эттирилади.

    Японияда ҳам фавқулодда ҳолат 6 майга қадар давом этади. Ҳозир мамлакатдаги 32 фоиз мактаблар (коронавирус инфекцияси мавжуд бўлмаган ҳудудларда) апрелда бошланган янги ўқув йили муносабати билан очилган бўлса, 68 фоизи ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. Хитойда юқори синфлар учун таълим муассасалари босқичма-босқич очилмоқда. Россия Федерациясида коронавирус пандемияси шароитида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар мамлакатнинг барча ҳудудига юборилган.

    Ушбу маълумотлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорлик олиб бораётган қатор халқаро экспертлар билан ўтказилган онлайн мулоқотларда ҳам ўз тасдиғини топди. Суҳбат давомида хорижлик экспертлар карантин шароитида телевизион видеодарслар асосида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

    Халқаро экспертлар фикрича, бутун дунёда ўқувчиларни масофавий ўқитиш усулига ўтказиш жараёнида тизимли камчиликлар кузатилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Айни пайтда Ўзбекистондаги 6,2 миллиондан ортиқ ўқувчининг барчаси ҳам масофавий таълим олиш бўйича зарур ресурс ҳамда тенг шароитга эга, деб айтолмаймиз. Айниқса, пандемия туфайли кўмакка муҳтож аҳоли қатлами энг кўп зарар кўрмоқда. Бундай юртдошларимизнинг кўпи чекка ҳудудларда яшаётгани учун электрон қурилмалардан фойдаланиш ёки интернет тармоғига уланиш имкониятига эга эмас.

    Шу каби ҳолатларни инобатга олиб, коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз халқ таълими тизимига таъсирини юмшатиш, ўқувчиларнинг давлат таълим стандартлари талаблари асосида билим олишини таъминлаш ҳамда ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг саломатлиги, хавфсизлигини асосий ўринга қўйган ҳолда муайян ишларни амалга ошириш муҳим.

    Аввало, телевизион видеодарслар лойиҳасини ёзги таътилда ҳам давом эттириш, бу ўринда асосий эътиборни фанлар кесимида ўзлаштирилмай қолган мавзуларга эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, 754 та мактабда қардош (тожик, қозоқ, қирғиз, туркман) тилларда таълим олаётган 150 мингга яқин ўқувчи учун масофавий дарс тайёрлаш имконияти чеклангани сабабли уларнинг ҳам таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш лозим. Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларига тайёрланаётган ўқувчилар учун ҳам онлайн қўшимча таълим ресурсларини яратиш зарур.

    Шунингдек, онлайн мактаб лойиҳаси тажрибаси асосида масофавий ва қўшимча таълимни ташкил этишнинг инфратузилмасини яратиш керак. Ҳозирги кунда амалга оширилган ишларни охирига етказиш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими, ўқувчиларимизнинг билим олишга иштиёқини сўндирмаслик учун ўқитувчилар улар билан икки томонлама мулоқот қилишини таъминлашимиз, яъни ҳафтада икки-уч марта видеочат орқали мулоқотини йўлга қўйишимиз даркор. Интернетдан фойдаланиш имконияти бўлмаган жойларда эса телефон орқали алоқа ўрнатиш жуда муҳим. Бу ўқувчиларнинг билим олишга бўлган рағбатини янада оширади ҳамда ота-оналарга ҳам катта ёрдам бўлади.

    — Карантин даврига қадар мамлакатимиз олий таълим тизимида масофавий ўқитиш шакли бўлмагани ҳақида айтдингиз. Келгусида юртимиздаги олий таълим муассасаларида мунтазам масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилганми?

    — Пандемия сабабли жорий этилган карантиннинг салбий жиҳатлари ҳақида тўхталяпмиз, бироқ ушбу жараёндан унумли фойдаланиб қолиш имкониятлари ҳам мавжуд. Сабаби, барча университетлар масофавий таълимни йўлга қўйиш бўйича муайян даражада тажриба орттирмоқда. Шу билан бирга, ёшларда таълим турларини ўзаро солиштириб кўриш имконияти пайдо бўлмоқда. Албатта, биз карантин даврида масофавий таълим бўйича олинган тажрибадан келгусида ҳам кенг фойдаланамиз. Бунинг ижобий жиҳатларини таҳлил қиламиз.

    Карантин давригача масофавий таълим, асосан, юртимиз малака ошириш тизимида қисман қўлланаётган эди. Энди эса айрим мутахассисликлар учун тажриба-синов асосида масофавий таълимни ташкил этиш ва самарадорлигига қараб уни кенг йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

    Бунинг учун эса мавжуд ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ҳам шунга мослаштиришимиз лозим. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги қонунда ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим олиш шакллари белгиланган бўлиб, масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатида кўзда тутилмаган эди.

    Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган салмоқли ислоҳотлар туфайли “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланиб, тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Ундан масофавий таълим шаклида ўқитиш ҳам ўрин олган. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги тўртта олий таълим муассасасида масофавий таълим шаклида ўқитиш жараёнини ташкил этиш режалаштирилган.

    Ҳозир мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари масофадан туриб дарс жараёнини олиб бормоқда. Битирув-малакавий ишлар ҳимояси, давлат имтиҳонлари, назорат ишлари ҳам масофавий шаклга ўтказилмоқда. Бироқ таҳлиллар айрим профессор-ўқитувчиларнинг тажриба ва кўникмаси, ахборот-коммуникация технологияларини билиш даражаси талабга тўлиқ жавоб бермаётганини кўрсатяпти. Шунингдек, айрим талабаларда ҳам масофавий таълим олиш кўникмаси мавжуд эмас. Албатта, бу борада ҳали кўп ишлар амалга оширилиши шубҳасиз.

    — Юртимизда масофавий таълимни келгусида ҳам мунтазам давом эттириш бўйича хориж тажрибаси ўрганиляптими?

    Ҳар бир янгиликни амалиётга жорий этишдан аввал илғор хорижий тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ҳозирги замонавий тенденцияларга кўра, дунё бўйлаб олий таълим олувчилар сони 207 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг 100 миллиондан зиёди онлайн курслардан фаол фойдаланиш имкониятига эга. Онлайн курсларни танлаган талабгорларнинг 46 фоизи олий таълим муассасасига бориш имконияти йўқлиги, 21 фоизи онлайн курслар уларнинг қизиқишига мослиги, яна 21 фоизи ишхонадаги рағбатлантириш, 8 фоизи таълим муассасасининг нуфузи, қолган 4 фоизи эса бошқа турли сабабларни кўрсатган.

    Онлайн курслар провайдерлари орасида юқори ўринларни АҚШнинг Гарвард, Дрексел, Калифорния университетлари, Иллинойс технология институти каби олий таълим муассасалари эгаллаган.

    Масофавий таълим анъанавий таълим тизимидек тўғри ишлаши ва кутилган самарани бериши учун, аввало, талабаларнинг дунёқарашини ўзгартириш лозим. Бу ўринда масофавий таълимдаги имтиҳон жараёнининг шаффоф ўтиши, онлайн ўқув курслари, асосан, бошланғич маълумотларни тақдим этишга қаратилгани, аксарияти зарур малака бермаслиги, амалий кўникмаларга эга бўлмасдан туриб танлаган соҳасининг етук мутахассиси бўлолмаслигини талабалар тушуниб етиши керак.

    Қолаверса, масофавий таълим жараёни учун махсус мезон ва меъёрлар ишлаб чиқилиб, курсларга қўйиладиган талаблар тўлиқ ва мукаммал бажарилганда кўзланган натижаларга эришиш имкони ортади. Ҳозир мамлакатимизда масофавий ўқитиш бўйича нуфузли олий таълим муассасалари томонидан тажриба-синовлар ўтказилмоқда. Тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда жараёнларнинг мониторинги олиб бориляпти. Энг муҳими, қайси кўринишда билим берилишидан қатъи назар, сифатли кадрни тайёрлаш асосий мезон бўлиши шарт.

    — Мамлакатимиз олий таълим тизимида масофавий ўқитиш йўлга қўйилса, хорижий олий таълим муассасаларида онлайн ўқиганларнинг дипломини нострификация қилиш мумкин бўладими?

    — Таъкидланганидек, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг юртимизда ҳам масофавий таълим беришнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилади. Мамлакатимизда онлайн ўқитиш амалиётга жорий қилингач, чет эл олий таълим муассасалари томонидан берилган масофавий ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам белгиланган тартибда тан олиниши мумкин.

    Яхши тушунишимиз керакки, дунёда масофавий сифатли билим берадиган олий таълим муассасалари унча кўп эмас. Тингловчининг билим олишга интилиши юқори бўлса, онлайн таълим орқали кучли назарий билимни эгаллаши мумкин. Бироқ кўп йўналиш ва мутахассисликларда амалий кўникмани эгаллаш ҳамда лаборатория, амалиёт базаларида билим олиб, малака ошириш муҳим ҳисобланади.

    Шу ўринда юртдошларимизга мазкур ҳужжатлар тасдиқланиб, аниқ меъёрлари белгиланмасдан туриб, чет эл олий таълим муассасаларининг масофавий ўқитиш хизматидан фойдаланмасликни тавсия қиламиз. Чунки онлайн таълимни барча мутахассисликлар учун ҳам жорий этиб бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам фақат муайян мутахассисликлар учун масофавий таълим йўлга қўйилади. Техника, муҳандислик, тиббиёт каби бевосита амалий кўникма талаб этадиган ҳамда инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган соҳалар мавжуд бўлиб, улар учун масофавий ўқувни жорий этиш имконсиз. Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам бунга йўл қўйилмайди. Бироқ МДҲ таркибидаги давлатларнинг рейтинги ва нуфузи у қадар юқори бўлмаган айрим олий таълим муассасалари кўпроқ маблағ топиш мақсадида талаб юқори бўлган мураккаб мутахассисликлар бўйича ҳам масофавий таълимни йўлга қўйган. Кўпчилик ёшлар шундай ўқув муассасаларининг дипломини олиб келиб, уларни нострификациядан ўтказиш бўйича мурожаат қилмоқда. Бироқ уларни тан олиб, етарли малакага эга бўлмаган мутахассисларнинг ишлашига имкон бериш аянчли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

    — Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида айни пайтдаги масофавий таълимни янада яхшилаш учун қўшимча қандай вазифалар амалга оширилиши лозим?

    — Президентимиз томонидан 30 апрель куни ўтказилган йиғилишда вазиятга қараб ўқув юкламалари ва дастурларни қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш зарурлиги белгиланди.

    Бу бежиз эмас. Ҳозир олий таълим тизимида жорий семестрдаги фан дастурлари бўйича 6 минг 102 та фандан онлайн таълим ресурслари яратилиб, ҳар бир олий ўқув муассасасининг масофавий ўқитиш платформаларига жойлаштирилган. Шунга қарамай, тизимда масофавий таълимни ташкил этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд ҳамда уларни босқичма-босқич бартараф этиш керак. Масалан, онлайн ўқитиш бўйича ягона талаб ва мезонлар ҳамда улардан фойдаланувчиларни мониторинг қилиш, таълим сифатини баҳолаш механизмларининг ишлаб чиқилмагани, талабаларнинг барчасида ҳам смартфон, компьютер ёки ноутбук йўқлиги, ҳудудларда интернет ишлаши ва тезлигида ҳамда электр энергияси таъминотида муаммолар мавжудлиги, айрим профессор-ўқитувчиларнинг компьютер ёки мобиль телефон орқали масофавий таълим платформасидан фойдаланиш кўникмасига эга эмаслиги каби муаммолар мавжуд. Шунингдек, кўпгина олий ўқув муассасалари ахборот-ресурс маркази фондидаги ўқув адабиётларининг электрон базаси тўлиқ шакллантирилмагани ёки шакллантирилган бўлса-да, талабалар фойдаланиши имконияти чеклангани билан боғлиқ масалалар ҳам масофавий таълим ривожига халал беради.

    Бу борада, аввало, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари ўқув жараёнида масофавий таълим технологияларидан кенг фойдаланиш чораларини белгилаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бирга, таълимни бошқариш ҳамда талабалар ўзлаштиришини қайд этишнинг электрон тизимини жорий этиш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация воситалари орқали масофавий таълим платформасидан фойдаланиш кўникмасини ошириш учун махсус курслар ташкил этиш муҳим.

    Бугунги кунда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг зерикарли маърузалар ўқиши ва конспектлар ёздириши каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалардандир. Бу борада, албатта, масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш зарурати мавжуд.

    Хайриддинмурод АБУЛФАЙЗОВ

    суҳбатлашди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates