Бу ҳақда Президентнинг шу йилнинг 26 ноябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Републикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланди.
Ҳужжатда юридик таълим ва илм-фан ривожланишида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:
- юридик таълим самарадорлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш;
- Тошкент давлат юридик университетининг 2030 йилгача нуфузли Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1000 талик университетлар рўйхатига киришини таъминлаш.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий қилинади.
Янги тизимда 2-, 3- ва 4-курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи аудиторияларда, қолган 50 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади.
2027/2028 ўқув йилидан эса «Юриспруденция» йўналиши мавжуд бошқа давлат олий таълим ташкилотларида ҳам университет тажрибаси натижалари асосида амалий ўқитиш ва клиник-дуал таълим тизими йўлга қўйилади.
Университетда таълим-тадқиқот-амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида соҳавий факультетлар тизими янгиланади. Факультетлар академик департамент, тадқиқот, амалиёт ва карера марказларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Университет кафедралари негизида академик департаментлар ва улар таркибида бўлимлар ташкил этилади. Тадқиқот марказлари факультетлар йўналишидан келиб чиқиб илмий ходимлардан иборат бўлади ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни илмий ёндашувлар асосида тадқиқ қилади.
Факультет деканлари, департамент бошлиқлари ва марказ раҳбарларини сайлаш амалиёти жорий этилади. Улар 2 ўқув йилига сайланади ва бир шахс сурункалиги 2 муддатдан ортиқ мазкур лавозимларга сайланиши мумкин эмас.
Академик департаментлар бошлиқлари ва марказлар раҳбарлари факультет декани ўринбосарлари ҳисобланади. Бўлимлар профессор-ўқитувчилар таркибидан иборат бўлиб, уларнинг раҳбарлари кафедра мудирлари мавқеига эга бўлади.








