Орол денгизи ҳавзасида 40 дан зиёд экологик лойиҳа амалга оширилмоқда

    Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бошқаруви иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Kazinform" хабар берди.

    Мезбон давлат Бош вазири ўринбосари Канат Бозумбаев раислигида ўтган тадбирда республика сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Тожикистон Бош вазири ўринбосари Сулаймон Зиёзода, Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазири Чорёр Четиев, Қирғиз Республикаси Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги сув хўжалиги хизмати директори ўринбосари Абдибой Жайлобоев иштирок этди.

    Йиғилишда халқаро ҳамжамият бугун масъуллардан нафақат декларациялар, балки аниқ қарорлар ҳам кутаётгани таъкидланди. Зеро, Орол тақдири, трансчегаравий сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш, табиий ресурсларни асраб-авайлаш каби долзарб масалалар эндиликда минтақа доирасидан чиқиб, глобал аҳамият касб этмоқда.

    - Бу барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги, ўн миллионлаб одамнинг турмуш сифати билан боғлиқ глобал экологик кун тартибининг бир қисмидир, - дейди К,Бозумбаев. - Яқинда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида раҳбарларимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ишонч, ҳамжиҳатлик ва жамоавий ҳаракатларни шакллантириш муҳимлигини таъкидладилар. Қозоғистон бундай ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

    Томонлар келаси йил апрель ойида бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик жараёнини ҳам таҳлил қилдилар. Бундан ташқари Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига кўмаклашиш бўйича Ҳаракатлар дастури ва Марказий Осиёда барқарор ривожланиш бўйича атроф-муҳитни муҳофаза қилиш минтақавий дастурини амалга ошириш, шунингдек Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосини такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳ фаолиятини баҳолаш масалалари муҳокама қилинди.

    Айни пайт Орол денгизи ҳавзасида 42 та экологик лойиҳа йўлга қўйилган. Жаҳон банки кўмагида иккита минтақавий грант лойиҳасини ишга тушириш имконияти ўрганиляпти.

    Иштирокчилар Жамғарма ижроия қўмитасининг "26 март - Халқаро Орол, Амударё ва Сирдарё бўйи куни" деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини ҳам маъқулладилар.

    Муҳокамалардан сўнг Бошқарув кенгаши қарорлари имзоланди.

    No date selected
    ноябр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates