Ўрта Чирчиқда тадбиркор оилалар кўпаймоқда

    Буюртмалар вилоятдаги ички бозорлардан тортиб, республика бўйлаб етказиб берилади.

    Юртимизда ҳудудларни маълум соҳага ихтисослаштириш ишлари бошланганидан сўнг кўплаб маҳаллаларда оилавий тадбиркорлар сони ортиб боряпти. Қайсидир туман деҳқончиликда, яна бири пиллачилик, бошқаси касаначиликда илғор ҳудудга айланиб, аҳоли "бир маҳалла — бир маҳсулот" тамойили асосида даромад топа бошлади.

    Сердаромад йўналишлар аввал хонадонлар, кейин маҳалла, туман кесимида ихтисослашиб, янги тизим — ҳудудлар драйверига айланиб боряпти. Биз йўл олган Ўрта Чирчиқ туманида ҳам қатор маҳаллалар айнан бир йўналишдаги фаолияти билан танилиб улгурган.

    Тошкент вилоятининг пойтахтимиздан унча узоқ бўлмаган бу туманида кўпчилик оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 март ҳолатига туман-шаҳарларда жами 5 минг 5 та оилавий корхоналар рўйхатдан ўтган бўлса, ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Ўрта Чирчиқ тумани ҳиссасига тўғри келяпти. Унда оилавий корхоналар сони 554 тани ташкил этмоқда.

    Туман ҳокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўими бошлиғи ўринбосари Маҳмудхўжа Пўлатов бизни биринчи бўлиб саватчилар маҳалласига бошлади. Маҳалла ҳақида аввал ҳам кўп эшитганмиз. Айтишларича, деярли ҳар бир хонадонда 7 ёшдан 70 ёшгача — бари сават тўқийди. Бу ерда 367 та хонадон бўлса, юздан ошиғи саватчиликни оилавий тадбиркорликка айлантирган экан. Айтгандек, саватчилар маҳалласи, деган ном тилдан-тилга ўтиб, халқ орасида оммалашган. Маҳалланинг ҳақиқий номи эса “Бургалик”. Очиғи, маҳалла номини эшитиб, бироз таажубланганимиз боис, саватчилар хонадонига киришдан олдин, бу сўзнинг маъносини билишга қизиқдик.

    — Асли, тарихда маҳалланинг номи “Биргалик” бўлган. Бу ерлар 3 та булоқ бирлашган жой бўлгани боис, шундай аталган, — дейди “Бургалик” МФЙ раис ўринбосари Санобар Хайдарова. — Аммо Совет тузуми даврида “и” ҳарфи “у” га ўзгариб, шу тариқа “Бургалик” бўлиб кетган.

    Асосий хомашё — тол новдаси

    Маҳалланинг номини аввалги ҳолига ўзгартириш керак экан, деган ўй билан Ҳамида Каримбердиева хонадонларига кириб бордик. Бизни очиқ юз билан кутиб олган онахон маҳалладаги энг қўли гул саватчилардан. Салкам 15 йилдан бери турмуш ўртоғи, 2 нафар ўғли билан сават тўқийди. Охирги йилларда уларнинг ёнига келинлари, набиралари ҳам қўшилган. Ҳаммаси турли соҳаларда ишлайди. Ҳамида аянинг ўзлари ҳам 31 йилдан буён туғруқхонада доялик қиладилар. Оиланинг даромади ёмон эмас. Аммо саватчиликни ҳам ташлаб қўйишмайди. Оила вакиллари бўш қолди, дегунча сават тўқийди. Неча йиллик ҳунарнинг завқи, ҳатто, бироз оғир меҳнати онахон билан бирга, унинг фарзандларини ҳам ўзига тортаверади. Қолаверса, шу меҳнат ортидан оилага қўшимча даромад кириб турибди.

    — Маҳалла, қўни-қўшни қилаётган ишни кўриб, одамда ҳавас, қизиқиш уйғонар эканда, — дейди онахон. — Ўғилларим кичиклигида маҳалладошларимиздан шу ҳунарни ўрганиб, биринчи ўзлари қуруқ мевалар учун кичкина тарелкачалар тўқишган. Саватларни биргалашиб бозорга олиб чиқиб, сотганмиз. Харидорлар яна буюртмалар бергач, катта-катта саватларни ҳам тўқий бошладик. Кейин бу оилавий тадбиркорликка айланиб кетди. Аллоҳга шукур, даромадимиз ёмон эмас. Ҳар бир ишда бўлгани каби саватчиликда ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, аммо ҳалол меҳнатимиз ортидан бировдан кам бўлмай яшаяпмиз.

    Хонадонда турли хил ҳажмдаги саватларга кўзимиз тушди. Нон, мева-чева, парфьюмерия ва бошқа маҳсулотлар солишга мўлжалланган бу саватларнинг нархи ҳам турлича — 25 мингдан 80—100 минг сўмгача боради. Бундай саватлар, айниқса, тўй-тантана, катта байрамлар олдидан жуда харидоргир бўлади.

    Саватлар асосан изгрид ўсимлиги, Америка толи ва ўзимизнинг оддий толдан тўқилар экан. Битта кичкина сават учун 40—50 та тол новдаси керак бўлади. Аввал, тол новдалари қайнатилиб, нам ҳолида саватнинг таглик қисми тўқилади. Сўнг усти кўтарилиб, саватга бўёқ билан ранг берилади. Ҳамида аянинг айтишларича, 2-3 кунда 20—30 та сават тайёр бўлади. Маҳсулотлар ички бозорлардан ташқари, Қозоғистон, Тожикистонга экспорт қилиняпти.

    — Саватлар асосан Америка толидан тўқилишининг сабаби бор, — дейди Ҳамида ая. — У бошқа тол новдаларига қараганда мустаҳкам, майин, эгилувчан бўлгани боис, тўқилиши жуда осон. Бундай саватлар унча-бунчага синмайди, сифати яхши чиқади. Яна бир томони, толнинг ранги табиий жигарранг бўлгани учун, бўяшга ҳам ҳожат бўлмайди. Шунга яраша, бу хомашё бошқа толларга қараганда қимматроқ. Донасини 300—400 сўмдан сотиб оламиз. Ҳовлида ўстириш эса анча арзонга тушади. Баҳорда экилган тол кўчатини бир йилда бир ёки икки мартта ўриб олиш мумкин. Аммо бизда бу тол кўчати кўп тайёрланмайди. Новдаларни Янгийўлдаги плантациялардан олиб келамиз — транспортга ҳам қўшимча маблағ сарфланади.

    Шунинг учун саватчилар маҳалла ҳудудидан Америка толи етиштириш учун ер ажратилишини сўраб, ҳокимиятга мурожаат қилишган. Ҳозир Ўрмон хўжалиги ерлари ҳисобидан 3 гектар ер ажратилиб, фуқаролар ўртасида шартномалар имзоланмоқда. Талабгорларга 20 сотихдан бўлиб бериляпти. Келгусида ушбу ер майдонини 10 гектарга етказиш кўзда тутилган. Плантациялар ташкил этилса, янада яхши, шунда саватчилар хомашё учун узоқларга бориб юрмайди.

    Ҳамида ая эса фаолиятини кенгайтириш мақсадида кредит олиш ҳаракатида. Аёл истаса ҳунарманд, истаса оилавий тадбиркорлик учун кредит олиши мумкин. Ахир, Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан аҳолига қўшимча имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда 14 фоиз ставкада 3 йилгача муддатгача кредит ажратилади.

    Яна бир аҳамиятли жиҳати, жорий йил 1 мартдан бошлаб кредитларни тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратишни йўлга қўйиш белгиланган. Бунда кредит олиш учун аризалар барча босқичда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа орқали маълумот бериб борилади. Бу тизимда шаффофликни таъминлаб, аҳолининг онлайн жараёнлардан хабардор бўлиб туришини таъминлайди.

    Маҳсулот ўзимизники!

    Устоз-шогирд анъаналари асосида ривожланаётган саватчилар маҳалласидан чиқиб, кейинги манзилга йўл олдик. Айтишларича, туманда ҳунармандлар кўп бўлгани боис, аксар маҳаллаларда оилалар шу йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйган.

    — Ўрта Чирчиқ туманида 57 та маҳалла бор, — дейди туман ҳокимлиги иқтисод бўлими бошлиғи Маҳмудхўжа Пўлатов. — Улардаги 28 221 хонадонда 133 минг фуқаро яшаб келяпти. Аҳоли орасида тадбиркорликка қизиқиш юқори. 2017-2018 йилларда 851 та кичик бизнес субъектлари рўйхатдан ўтган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2 775 тани ташкил этяпти. Яъни, кўрсаткич охирги беш йилда 3 баробарга ошган. Албатта, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, кредитлар олишларида кўмаклашиб келяпмиз. Биргина “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида ўтган йили 1 927 та фуқарога 44 563 миллион сўм банк кредитлари ажратилди.

    Туманнинг “Бунёдкор” маҳалласида ҳам қўли гул ҳунармандлар яшайди. Кўп хонадонларда ҳажмли ва шаклли қолипларда қуйилган буюмлар ясалар экан. Уй безакларида ишлатиладиган сувинерлардан тортиб, гул ваза, турли буюмларнинг хилма-хилини шу ердан топиш мумкин.

    Хонадонлардан бирининг эшигини тақиллатдик. Эшик очилиб, уст-боши оппоқ оҳакка беланган Нилуфар опа Пайзиева чиқиб келди. Хонадон соҳибаси бизни кўриб, ҳижолат тортдида, ичкарига кийимларини алмаштириш учун кириб кетди. Биз эса уларнинг турмуш ўртоқлари чорлаган томон йўл олдик. Ичкарида иш қизғин. Ташқари совуқ бўлишига қарамай, хонадон эгалари ҳар доимги ишлари — кимдир гипс тайёрлаб, қолипга солиш, кимдир буюмларни клейлаш, кимдир печда қуритиш, кимдир краскада бўяб, безак бериш ёки тайёр маҳсулотни қадоқлаш билан овора. Хуллас, кичкинагина хонадонда ҳамманинг ўз бурчаги бор.

    Нилуфар опа бундан 4-5 йил олдин уй бекаси эди. Турмуш ўртоғи ва катта ўғли оилага даромад бўлсин, дея бир неча йил хорижда ишлаб қайтди. Аммо ўзга юртда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Яқинлар соғинчи, мусофирчилик одамни қийнаб юборади. Шу боис, аёлнинг 18 ёшга тўлган ўғли маҳалладаги усталарга шогирд тушиб, мазкур ҳунарни ўрганди. Қўшниларга ҳавас қилиб, ўзлари ҳам оилавий иш бошлашди. Аста-секин иш жойларини ҳам кенгайтириб боришяпти.

    — Даромадимиз яхши, банкротлик, деган нарсалар бўлмади, — дейди Нилуфар опа. — Бунинг сабаби тинимсиз меҳнатда. Бир ишнинг бошини тутган одам уни охиригача олиб борса, шу йўналишда янгилик яратса, ҳечам кам бўлмайди. Оиламиз билан меҳнат қиламиз, келиним ҳам ёрдамлашади. Ҳатто, маҳалладаги 10 дан ортиқ хотин-қизлар, ёшларни ишга жалб қилганмиз. Ҳар бири кунига камида 60-70 минг сўм пул ишлаб кетади.

    Хонадон цехидаги маҳсулотларни кўриб, кўзингиз қамашади. Гипсдан ясалган буюмлар бўяш ишларидан кейин янада жилоланади. Қизиғи, бозорларда кўриб, Хитойдан олиб келинади, деб ўйлайдиганим бу буюмлар ўзимизда, Ўрта Чирчиқ туманидаги ҳунармандлар маҳалласида ҳам тайёрланар экан.

    Чиндан, маҳсулотларнинг кўриниши, сифати хорижникидан сира қолишмайди. Шунинг учунми, харидорлар ҳам талайгина. Буюртмалар вилоятдаги ички бозорлардан тортиб, республика бўйлаб етказиб берилади. Ўтган йили оиланинг сўровига асосан газель машинаси учун 5 йил муддатга имтиёзли автокредит ажратилган.

    Хонадон эгалари бир хил турдаги маҳсулотлар билан чекланиб қолмайди. Нилуфар опанинг кичик ўғли чет давлатдан турли буюмларни олиб келади. Сўнг уларнинг қолиплари тайёрланиб, шу асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Албатта, ишнинг ўзига яраша машаққати ҳам бор. Ҳажмли ва шаклли қолипларда қуйилган буюмларни қуритиш, бўяш озмунча вақт талаб қилмайди. Битта маҳсулот салкам бир ҳафтада тайёр бўлади.

    Аммо Нилуфар опага қараб ишнинг қийинчиликларини тасаввур қилиш қийин. Самимий, хушчақчақ аёл ишни завқ-шавқ билан бажаради. Ҳар бир босқичда ўзи бош-қош бўлиб, ёш шогирдларга ўргатиб туради. Улардан энг аввало, сифатни талаб қилади. “Сифат яхши бўлса, маҳсулот ҳеч қачон ерда қолмайди”, дейди у.

    Ҳунармандликни оилавий тадбиркорликка айлантириш икки карра даромад, дегани. Ҳунармандлар уюшмаси Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳар бўлимлари раҳбари Сайёра Норбоеванинг айтишича, онлайн платформа орқали битта ҳунарманднинг йиллик даромади ҳисобланганда, 300 миллион сўмдан ошган. Оилавий тадбиркорликда бир вақтнинг ўзида бир неча киши шу иш билан шуғулланишини ҳисобга олсак, даромад янада юқори чиқиши табиий. Энг асосийси, оилавий тадбиркорлик ортидан одамларнинг бандлиги таъминланиб, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ўсиб боряпти. Ишбилармонликнинг янги йўналишлари ривожланиб, қатор соҳаларда ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичлари ошмоқда.

    Қорасув маркази — янги драйверлардан

    Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув маҳалласини кўпчилик мебель маркази сифатида яхши билади. Асосий кўчанинг икки томонида қаторлашиб турган мебель дўконларининг барида ўзимизнинг маҳсулотлар сотилади. Маҳаллий тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган мебеллар ҳам сифат, ҳам дизайн борасида хорижники билан тенг рақобатлашмоқда. Асосийси, ҳамёнбоп нархлардан харидорлар мамнун.

    Аммо 2015 йилда ҳозирги гавжум марказдан асар ҳам йўқ эди. Ишсиз қолиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятини бошлаган Раҳмон Отақулов ўша кезлари бу ерда илк мебель дўконини очди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан мебель олиб, дўконда сота бошлади. У вақтда ўзимизнинг мебелларга харидор топиш ҳам осон эмасди. Аста-секин бозорни ўрганган Раҳмон ака ўзи оладиган маҳсулотлар сифатидан кўнгли тўлмади. Ахир, мебелчилик юртимиз шароитида сўнгги йиллардагина ривожланаётган йўналишлардан саналади. Яқин вақтгача бу борадаги ютуқларимиз билан мақтана олмасдик.

    Шундан сўнг тадбиркор гаров таъминоти эвазига 250 миллион сўм банк кредити олиб, мебель ишлаб чиқариш цехи очди. “Қорасув мебель савдо” оилавий корхонасига асос солгач, ишига янда барака кирди. Фарзандлари билан шу ишнинг бошини маҳкам тутган қаҳрамонимиз бугунги кунда бир нечта мебель дўконига раҳбарлик қилмоқда.

    Дўконда харидорлар кўп. Мижоз бу ердан исталган тур ва рангдаги мебелни топиши мумкин. Ётоқхона комплектлари хонадон кўринишида жиҳозланган алоҳида хоналарга жойлаштирилган. Бу харидорда мебелнинг қайси ранги ва дизайни уйига мос келишини тасаввур қилиш имконини беради. Дўконниг пастки қаватларида эса ошхона, алоҳида ётоқ мебеллари, стол-стуллар жойлаштирилган. Мақтаган бўлмайликку, лекин ўзимизда шундай сифатли мебеллар ишлаб чиқарилаётганидан очиғи, ғурурландик.

    — Мана шу мебелларнинг бари ишлаб чиқариш цехида тайёрланади, — дейди Раҳмон ака. — Жами 120 хилдаги мебеллар чиқарилиб, харидорларга етказилмоқда. Заводда 50 нафардан ортиқ кишининг доимий бандлиги таъминланган бўлса, мебелларни ташиш, йиғиш, ўрнатиб бериш ишларига яна 10 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинади. Иш ҳақи кунлик, жараённинг оғир-енгиллигига қараб тўланади.

    Мебелбоп ёғоч материаллари асосан Россиядан олиб келинади. Боиси, бизда мустаҳкам ёғоч манбаи бўлган павловния ва бошқа дарахтлар плантациялари энди кўпаймоқда. Улардан ёғоч материаллари олингунча бир қанча вақт зарур. Аммо яқин йилларда бу борадаги талабни қоплаш имкониятимиз вужудга келади.

    Цехда хомашё келиб тушганидан тайёр мебелга айлангунига қадар қирқиш, бўяш, қуритиш, лаклаш, безатиш жараёнларидан ўтиб, сўнг қадоқланади. Тадбиркор мебель хилини кўпайтиришдан кўра, мавжудларининг сифати, дизайнини такомиллаштириб боришни афзал кўради. Уларнинг дизайни устида асосан ўзи ишлайди. Жараёнда, аввало, бозорни ўрганади, урф бўлаётган дизайн ва ранг асосида ўзимизнинг юртимиз шароити, аҳоли талабига мос маҳсулотни ишлаб чиқаради.

    Заводда маҳсулотлар талаб асосида ишлаб чиқарилади. Мавсум вақтида ойига 500—600 та мебель комплекти тайёрланади. Яқинда бу ҳажм бир неча баробарга ошиши кутиляпти. Боиси, Раҳмон ака оилавий тадбиркорликни кенгайтириб, инвестиция қиймати 2 миллион долларлик лойиҳани ишга тушириш арафасида. Бунинг учун банкдан оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 14 фоиз ставкада 2 миллиард сўм кредит олган.

    — Бугунга қадар 3 маротаба имтиёзли кредит олдим ва ҳар бири ишимни кенгайтиришимда катта ёрдам бўлди, — дейди тадбиркор. — Апрель ойларида янги мебель заводини ишга туширишни режалаштиряпмиз. 2019 йилда аукцион орқали 2 гектар ер сотиб олган эдик. Ҳозир қурилиш жараёни тугалланиб, Хитойдан олиб келинган энг замонавий мебель ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш ишлари кетяпти. Янги технологиянинг ўзи қуритадиган, гул соладиган қўшимча функциялари бор. Бу иш ҳажмини ошириб, янги қувватларни яратади. Маҳсулотларимизни нафақат ички бозор, балки Қозоғистон, Тожикистонга экспорт қилиш имконини беради. Асосийси, завод ишга тушгач, яна 150 кишининг бандлиги таъминланади.

    Янги заводнинг алоҳида қисмида маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Ҳамкорлар билан музокаралар учун катта офис, меҳмонлар учун ётоқхоналар ажратилган. Улар жаҳон стандартлари асосида қурилиб, энг замонавий мебеллар билан жиҳозланган. Хуллас, заводда хизмат кўрсатиш сифати ҳам аъло даражада.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates