Ўртача умр кўриш давомийлиги 78 ёшга етади

    Ижтимоий ҳаёт 27 август 2023 2690

    Бу аниқ ҳисоб-китобларга асосланган

    Соғлом ва узоқ умр кечириш учун қулай яшаш шароити, соф табиий муҳит ва замонавий тиббий хизматнинг ўрни беқиёс. Юртимизда сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида аҳоли орасида касалланиш кўрсаткичи камаймоқда. Халқимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам ортиб бораётир.

    Статистика агентлигининг бу борадаги маълумотларига кўра, мамлакатимизда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 2021 йил бошида ўртача 73,4 ёшни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 73,8 ёшга кўтарилди.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида эса аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини икки баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш ҳамда сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш кўзда тутилган.

    Шу билан бирга, лойиҳада аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун келгуси етти йилликда 700 та поликлиника барпо этилиб, 28 минг шифо ўрни яратилади ва 16 минг шифокор штати ташкил этилади. Диабет билан хасталанган 350 минг, қон-томир касаллиги бор 1,5 миллион беморлар даволаш билан тўлиқ қамраб олинади. Тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш белгилаб олинди.

    Бу каби ислоҳотлар нафақат фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ортишига, шу билан бирга, аҳоли барча қатламининг саломатлиги янада яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиз. Хусусан, болалар ўртасида ирсий касалликлар икки баробар камаяди. Ҳар йили икки маротаба 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

    Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида нафақат аҳоли саломатлигини асраш, шу билан бирга, барча соҳаларда бўлгани каби ижтимоий соҳанинг ҳам барча йўналишларини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилган. Жумладан, таълим тизимининг барча босқичларида бошланган ислоҳотлар ҳам жадал давом эттирилиши мақсад қилинмоқда. 2023–2030 йилларда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш белгиланган. Бунинг учун 2 мингта янги боғча бунёд этилиб, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини 56 мингтага етказилади. Мактабгача таълим ташкилотлари тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминланади.

    Шунингдек, умумий ўрта таълим тизими учун “Таълим учун қулай муҳит” дастури амалга оширилиши кўзда тутилган. Натижада 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватлар ташкил этилиб, ўқув ўринлари сони 7,5 миллионгача етказилади. 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратилиши белгиланган.

    Ушбу жараёнда ўқувчи ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган интилишларини ҳам тўлақонли қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилган. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси камида 50 фоизга етказилиб, давлат гранти асосидаги қабул параметрлари 2 баробар оширилади. “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дипломли тизими” жорий қилинади. 5 та олий таълим муассасаси миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантирилиб, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилиши кўрсатилган.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши ва 100 та мақсадига жамланган ҳар бир лойиҳа инсон қадрини улуғлашдек ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган. Уларнинг ўз вақтида ижро этилиши мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишини таъминлаш ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга замин яратади.

    Музаффара АБДИЕВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates