баннер
18 мар 2025
10:27

    «Ўсиш нуқталари»да қарашлар ҳам, муносабат ҳам ўзгармоқда

    Гапнинг рости, яқин йилларгача Сурхондарёда фақат аграр тармоқни ривожлантириш мумкин, чунки бошқа соҳа ва тармоқлар истиқболсиз деган қарашлар мавжуд эди. Бироқ охирги етти йилда воҳада амалга оширилган катта ислоҳотлар бу қараш нотўғри эканини амалда исботлади.

    Бугун вилоятнинг асосий драйверларидан бири бўлган аграр тармоқ қаторида саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар ҳам изчил ривожланиб, янги иш ўринлари очилмоқда.

    Бу ўзгаришлар вилоятнинг асосий кўрсаткичларида ҳам ўз ифодасини топяпти. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот 2016 йил 12 триллион 179 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунида 40 триллион сўмдан ошди. Бу даврда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион 200 миллиард сўмдан 7 триллион 298 миллиард сўмга етказилди.

    Вилоятда 2017 йили 25 минг 674 корхона фаолият юритган бўлса, ўтган йил якунига кўра, улар сони 46 минг 250 тадан ошди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби тармоқларда ҳам йирик ҳажмдаги ўсиш суръати кузатилмоқда.

    Президентимизнинг Сурхондарёга ҳар бир ташрифини воҳа аҳли кўтаринки кайфиятда кутиб олади. Боиси, ташрифдан сўнг янгидан янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Аҳоли фаровонлашувига хизмат қилувчи қатор ташаббуслар илгари сурилиб, масъулларга зарур топшириқлар берилади.

    Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш юзасидан масъулларга қатор вазифаларни белгилаб бериб, аниқ йўналишларни кўрсатиб ўтган, жумладан, бундай деган эди: «Сурхондарё вилоятига инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришдаги энг катта захира — бу мавжуд конларни ишга солиш».

    Ҳақиқатан, воҳада ер ости ва ер усти бойликлари сероб. Эътибор беринг: 2017 йилгача вилоят ҳудудида 77 та фойдали қазилма кони давлат балансида қайд этилган бўлса, кейинги 7 йилда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва геология-қидирув ишлари натижасида қўшимча 1 та қўрғошин-рух ва 28 та норуда қазилманинг янги конлари аниқланиб, жами конлар сони 106 тага етказилди.

    Конларни ўзлаштириш натижасида янги саноат корхоналари барпо этилмоқда. Аҳолини иш билан таъминлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мавжуд захиралардан фойдаланиш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси таъминланяпти.

    Хусусан, Термиз туманида базальт плита ишлаб чиқаришга қаратилган йирик завод қуриляпти. Умумий қиймати 26 миллион долларлик мазкур лойиҳа ишга туширилиши натижасида 320 та янги иш ўрни очилиши режа қилинган. Қолаверса, воҳанинг Олтинсой туманидаги базальт захирасидан фойдаланиб, импорт ўрнини босадиган ҳамда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

    Сурхондарё вилоятининг шимолий қисми маъданли конларга бой тоғли ҳудуд. Ҳали воҳа саноатида бўй кўрсатмаган базальт плита ишлаб чиқариш лойиҳаси учун зарур хомашё, яъни базальт тошларининг жуда катта захираси Олтинсой туманида мавжуд.

    — Эсимни танибманки, Олтинсойнинг тоғли ҳудуди деҳқончилик ва чорвачиликка, пасттекислик қисми боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган эди, — дейди олтинсойлик иқтисодчи Рустам Қорабоев. — Айниқса, икки-уч йилда туманнинг ер ости бойликларини ўзлаштиришга қаратилган ­эътибор бу ерда ҳам замонавий саноатни ривожлантиришнинг истиқболли ­йўналишларини ­белгилаб берди. Иқтисодиётдаги, салоҳият ва имкониятдаги уйғунлашувдан юзага келган бу янгиланишлар олтинсойликлар ҳаётини ўзгартирмоқда. Бу каби қатор янги лойиҳалар юрт ободлиги, хонадонлар файзи, одамларнинг фаровон, тўкин турмуши учун хизмат қиляпти.

    Олтинсой туманидаги кўмир захираси ҳамда базальт участкасини ўзлаштириш юзасидан берилган тегишли топшириқлар ижроси юзасидан шу кунларда «Турон эко кўмир» масъулияти чекланган жамияти саноат усулида қиймати 50 миллион долларлик кўмир қазиб олиш лойиҳасини амалга оширяпти. Кон тўлиқ ишга тушиши билан йилига 360 минг тонна кўмир қазиб олинади. Мингдан ортиқ кишининг иш билан бандлиги таъминланади.

    Янги иш ўринлари очиш ва ишлаб чиқариш қувватини оширишда тоғ-кон маъданлари алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, Сариосиё, Олтинсой ва Шеробод туманларидаги захиралар янги саноат қувватлари учун замин бўлмоқда. Масалан, базальт, аввало, экологик тоза маҳсулот. Унинг афзаллиги иссиқ ва совуқни ўтказмаслигида. Бундан ташқари, иссиқликни тежаш билан бирга овоз ўтказувчанлиги ҳам жуда паст ва ёнғиндан ҳимоя қилиш хусусиятига эга. Маҳсулот алоҳида қайта ишлашни талаб этмайди, кимёвий бардошли ва узоқ вақт фойдаланишга мўлжалланган. Ушбу материал гидрофоб. Унга тушган сув ичкарига ўтмайди. Натижада иссиқлик сақлаш ҳолати ҳам ўзгармайди. Сувнинг ҳажм бўйича сўрилиши 2 фоиздан кўп эмас. Шу туфайли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва саноат объектларида ундан иссиқлик сақловчи восита сифатида фойдаланилади.

    Базальт плита ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада келгусида 320 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Бу 700 га яқин оиланинг қозони қайнайди, дегани. Шунингдек, хорижий мутахассисларга маҳаллий кадрларни бириктириб, келгусида малакали муҳандислар тайёрлаш ҳам мақсад қилинган. Корхонанинг бир йиллик маҳсулот айланмаси қиймати қарийб

    20 миллиард долларни ташкил этади. Ўз навбатида, маҳаллий бюджетга 16 миллиард сўм тушум тушади.

    Корхона Термиз эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашгани боис, Президентимизнинг тегишли фармони билан қатор солиқ имтиёзлари берилган. Бу эса ишлаб чиқариш қуввати кенгайиши, корхона ривожида муҳим ўрин тутади.

    Давлатимиз раҳбарининг ташрифлар доирасида вилоятдаги «ўсиш нуқталари»ни белгилаб бераётгани ҳудудда қишлоқ хўжалиги билан бирга қурилиш, тадбиркорлик, саноат ва бошқа тармоқларнинг ҳам изчил юксалишига хизмат қилмоқда. Саноат ривожига қаратилган янги лойиҳаларнинг қўллаб-қувватланиши ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим асос бўлмоқда.

    Сарвар ТЎРАЕВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Телеграм каналимиз
    Text to speech