18 мар 2025
23:38

    7 миллиард долларлик марра

    Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати энг тез ривожланаётган соҳага айланди

    Соҳада замонавий технологиялар жорий этилиши, янгича ёндашувлар ва ўзгача дизайн рақобат майдонини юзага келтирмоқда. Ўзбекистоннинг бу майдонга, катта бозорга кирганига кўп бўлмади. Миллий тўқимачилик саноатимизнинг янги даври ва ривожи кейинги йилларда кўзга ташлана бошлади.

    Меҳнатни қилган бошқаю мевасини тотган бошқа эди

    Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дун­ёда юқори ўринларда туради. Шундай бўлса-да, илгари маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар харидоргир эмасди. Боиси, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ишончсизлик ортидан хорижга миллий маҳсулот экспорт қилиш у ёқда турсин, ички бозорларда ҳам талаб жуда оз бўлган. Алалоқибат соҳада иш бошлаган аксарият тадбиркорлар фаолияти кўпга бормасди. Умуман олганда, бу соҳа фақатгина хомашё ишлаб чиқаришга мослашиб қолганди.

    Пахтани қайта ишлаш корхоналари ип-калава ва хом мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Корхонанинг ўзида матони бўяш, ички лабораторияларни гапирмаса ҳам бўлади. Бундай ҳолатда юқори қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни тасаввур қилиш амри маҳол эди.

    Аксариятимиз пахта теримида қатнашганмиз. Унинг машаққати ҳақида озми-кўп хабаримиз бор. Кетмон кўтариб, сув ёқалаб, пахта терими тугагунча қора терга ботиб, даладан бери келмаган инсонларнинг пешона тери ўз даврида арзимас пулга баҳолангани ҳам бор гап. Айниқса, биздан пахтани олиб, ўзимизга тайёр маҳсулот қилиб ўн баробар нархда сотган давлатларни ҳам биламиз.

    Оқибатда ўзимизда ишлаб чиқаришдан кўра хорижнинг маҳсулотини олиб келиб даромад топишни афзал кўрадиган ишбилармонлар сони ортди. Сўнгра биз тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ўрнига хорижга хомашё экспорт қилиб, тайёр маҳсулот импорт қиладиган давлатга айландик. Меҳнатни қилган бошқаю мевасини тотган бошқа эди.

    Бугун вазият тамомила ўзгарган. Энди биз пахта етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаб, ҳатто қўшни давлатлардан хомашё сотиб олиб, жаҳон бозорига тайёр маҳсулот экспорт қилмоқдамиз.

    Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, дейишади. Яхшиси, буни рақамлар мисолида кўриб чиқсак. 2016 йил Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 1,1 миллиард доллар атрофида бўлган, 2024 йилда эса қарийб 3 миллиард АҚШ долларига етди. Аммо ўзимизда етиштирилаётган хомашё ва ишчи кучини ҳисобга олсак, бундан ҳам юқори марраларни эгаллашимиз мумкин.

    Сўнгги йилларда юртимизда ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хусусан, ўзбек тўқимачилик саноати рақобатбардошлигини ­таъминлаш, тадбиркорларга маҳсулотини экспорт қилиш учун қулай шароит яратиш, кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантириш борасида қатор қулайликлар яратилмоқда. Жорий йил 16 январда давлатимиз раҳбари “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаши саноат ривожидаги яна бир одим бўлди.

    Ривожланган давлатларнинг юксалишида биринчи омил эркин тадбиркорлик муҳити билан бирга одамларда боқимандалик кайфиятини йўқотиб, уларни қобилиятига қараб меҳнатга йўналтириш ҳисобланган. Буюк Британия Бош вазири бўлган Маргарет Тетчернинг қуйидаги фикрлари бу борада ўринли: “Мен бошқарувга битта аниқ ўйлаб чиқилган режа билан киришдим: инглиз жамиятини тўлиқ давлат қарамоғидаги боқимандалик ҳолатидан ўз келажагига тўлиқ ишонган тадбиркор ҳолатигача, “ўтирамиз” ва “кутамиз” Англияси ўрнига “уйғон” ва “юр” Англияси ўрнатилиши учун анъанавий “марҳамат қилиб менга беринг”дан “ҳаммасини ўзимиз қиламиз” миллатигача ўзгартириш”. Шу жиҳатдан олганда, бугун Ўзбекистонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнлар ўзимизда кечаётгани, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётгани диққатга сазовор.

    Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари дунё миқёсида энг талабгир бўлиш баробарида глобал муаммо — ишсизликни камайтиришга ҳам катта ҳисса қўшади. Аксарият давлатлар ушбу тармоқни ривожлантириб, йирик иш берувчи саноатга айлантирмоқда.

    Фармонда ҳам бу соҳада қилиниши керак бўлган муҳим масалалар белгилаб берилди. Жумладан, 2025-2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш асосий мақсад экани қатъий белгиланди. Жорий йилда соҳада маҳсулот экспортини 4 миллиард долларга, 2027 йилда эса 7 миллиард долларга етказиш марраси олинди. Шунингдек, АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспортини 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинди. Илғор технологиялар ва замонавий дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий қилиш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш орқали жами экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улуши 70 фоизга етказилади.

    Кўзланган марра анча юқори. Энди эса бу мақсад сари қандай одимлаш, нималарга эътибор бериш кераклиги очиқланиши керак. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари билан жаҳон бозорларини забт эта оламизми? Хориж бозорларини анча йиллардан бери эгаллаб олган брендларга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун нималар қилишимиз, қандай чоралар кўришимиз керак?

    Бугунги кунда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларининг сифати билан бирга дизайни ва кўриниши ҳам муҳим бўлиб бормоқда. Мазкур жиҳатларни тўлдириш учун замонавий ускуналар жоиз. Бунинг учун эса тадбиркорлар олдида маблағ масаласи кўтарилади. Фармонда бу масалага ҳам алоҳида урғу берилган. Жумладан, эндиликда лойиҳа ташаббускори буюртмасига асосан, асбоб-ускуна қийматининг 15 фоизи миқдорида бўнак (аванс) тўловларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз ставкада (шундан 2 фоиз банк маржаси) 7 йил муддатгача ажратилади.

    — Ип-калавани қайта ишлашдаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш учун қўшимча қувватларни яратиш, жумладан, 62 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 37 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш ва 40 минг тонна матони бўяш, 95,4 миллион квадрат метр газлама тайёрлаш ҳамда 94,7 миллион квадрат метр газламани бўяш қувватлари яратилади, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бошқарма бошлиғи Абдуҳаким Абдураҳмонов. — Бундан ташқари, 4 та ҳудуд — Тошкент, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачилик индустриал зоналари ташкил қилиниб, 2024-2026 йилларда қиймати 452 миллион долларга тенг 38 та тармоқ лойиҳаси амалга оширилади. Натижада 9,2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

    Мутахассиснинг таъкидлашича, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги саноат зонасида “Zorlu Holding” компанияси томонидан қиймати 100 миллион доллар бўлган 250 миллион квадрат метр чойшаб, 110 миллион дона сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга ҳамда 17 минг тонна трикотаж матони бўяш лойиҳалари бўйича ишлар бошланган.

    Факторинг компания ташкил этилади

    Маҳаллий корхоналар ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида факторинг компания ташкил этилади. Бунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси компанияга унинг буюртмасига асосан, 5 йил муддатга 2028 йил 1 январдан қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада 100 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.

    — Бу билан факторинг хизматларни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш занжирига янги молиялаштириш механизмлари жорий қилинади, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Абдуғаффор Умаралиев. — Факторинг компанияларга зарур айланма маблағларига тезда кириш имконини яратади, бу эса ишлаб чиқариш жараёнини кечикишларсиз давом эттиришга ёрдам беради. Корхоналар молиявий кўрсаткичига қараб лимит белгиланади. Мисол учун, агар корхонага 1 миллиард сўмлик лимит белгиланган бўлса, факторинг компания ушбу маблағни 1-2 кун ичида таъминотсиз тўлайди. Бу ойлаб кутишга ҳожат қолмайди, дегани.

    Факторинг хизматлар учун комиссия ойига 0,5 ёки йиллик 6 фоизни ташкил қилади. Масалан, 3 ой учун 1,5 фоиз, 6 ой учун эса 3 фоиз бўлади. Бу банк фоизига нисбатан рақобатбардош ставкалардир.

    Ҳозир факторинг хизматни ташкил қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Корхоналардан таклифлар олинади, бу унинг қулай ва шаффоф бўлишига ёрдам беради.

    Янги бозорлар томон

    Давлатимиз раҳбари 2024 йил 16 апрелда тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ушбу соҳадаги ягона ишончли йўлимиз — юқори қўшимча яратиш учун мавжуд хомашёни тўлиқ қайта ишлаш ва экспортни анъанавий арзон бозорлардан янги, қимматроқ бозорларга йўналтириш керак”, дея таъкидлаганди.

    Бугунги кунда халқаро рақобат тез суръатларда ўсиб бормоқда, бу эса кўплаб бозор имкониятларига эшик очиши мумкин. Юртимизда доимий бозорлардан кўра Европа бозорларига кириб бориш учун муҳим ­ишлар амалга оширилмоқда. Яқин йилларгача бизда Европа бозорига кириб бориш масаласи қийин эди. Негаки мажбурий меҳнат ва болаларни меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари учраб турарди. Бу эса Европа бозорларида тўқимачилик маҳсулотларига тақиқ қўйилишига сабаб бўлганди. 2017 йилдан Европа Иттифоқи кенгашининг ижобий қарори асосида тўқимачилик маҳсулотлари ҳам ЕИга фаол экспорт қилина бошланди. Ўша йили Ўзбекистондан Европа Иттифоқига тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 45 миллион еврони ташкил этган бўлса, 2022 йилда 161 миллион еврога етгани шундан далолат беради.

    Маҳсулотларнинг халқаро майдонда тан олинган сертификатлари мавжуд. Фармонда бунга ҳам алоҳида урғу берилган. Эндиликда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан корхоналарга халқаро (“GOTS”, “OEKO-TEX”, “BCI”, “BSCI”, “Organic Cotton”, “SEDEX” ва шу каби) сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бериладиган молиявий ёрдам миқдори доирасида амалга оширилган бошқа харажатлар ҳам қоплаб берилади. Соҳа корхоналарининг халқаро стандартлар асосида маҳсулотлар ишлаб чиқаришини кенгайтириш орқали Европа ва АҚШ бозорларига тай­ёр маҳсулот экспорти 500 миллион долларга етказилади.

    Миллий бренд

    Юртимиздан денгиз транзит йўналишларига чиқиш учун икки давлатни кесиб ўтиш керак. Бу эса транспорт харажатлари ошишига ва жаҳон тўқимачилик маҳсулотлари бозорида нарх рақобатида ютқазишга олиб келади. Шу боис, Ўзбекистон устунликка эга бўлиш учун харидорларга тан олинадиган ва жозибадор миллий брендни ишлаб чиқиши керак. Бунинг учун эса замонавий талабларга жавоб берадиган бизнес моделлар яратиш, миллий бренд бўйича мутахассислар тайёрлаш зарур.

    Бугунги кунда юртимизда тўқимачилик маҳсулотлари ташқи бозорларда ягона тан олинган бренд сифатида эътироф этилиши борасида муайян камчиликлар мавжуд. Айниқса, маркетинг соҳасида оқсашлар кузатиляпти. Бу эса юртимиз саноатини ривожлантириш, салоҳиятини кўрсатишга тўсқинлик қилади.

    Бутун дунёда онлайн савдо кундан кунга ривожланиб бормоқда. Халқаро бозорда маркетплейслардаги савдо-сотиқ улуши ортиб, катта статистик кўрсаткичларга етди. Жаҳон тенденциялари билан ҳамнафас бўлиш бугунги куннинг талабидир. Эртанги кун IT технологиялар ва маркетплейслар билан чамбарчас боғлиқ экани қайд этилган фармонда ушбу йўналишга катта урғу берилди. Дастур доирасида маҳаллий бизнес вакилларини ўқитиш, ушбу йўналишни кенг татбиқ этиш ва дунё бозоридаги маркетплейсларда “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни ёйиш кўзланган. Бу борада ҳукуматимиз тадбиркорларга барча шароитларни яратмоқда. Жумладан, энди Савдо-саноат палатаси маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро маркетплейсларда тарғиб қилади, “Made in Uzbekistan” дастурини амалга оширишда фаол иштирок этади.

    Бир сўз билан айтганда, фармондан кўзланган асосий мақсад тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш орқали жаҳон бозорига маҳсулотларимизни миллий бренд остида чиқариш, хомашёдан маҳсулотгача бўлган жараённи технологик жиҳатдан тўлиқ қамраб олишдир. Агар белгиланган мақсадларга етилса, саноат ривожланиши билан бирга кўплаб инсонларни иш билан таъминлаш имкони юзага чиқади. Асосийси, Ўзбекистон бу борада улкан салоҳиятга эга. Энди эса унинг самарасини кўриш жоиз.

    Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Телеграм каналимиз
    Text to speech