Остонада минтақадаги сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

    Президент маслаҳатчиси Ш.Ғаниев бошчилигида Ўзбекистон делегацияси18–19 сентябрь кунлари Остона шаҳрида бўлди.

    Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) Бошқарувининг йиғилиши ҳамда Орол денгизи ҳавзасида лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари юзасидан Жамғарма Ижроия қўмитаси ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг Мувофиқлаштирувчи учрашувида қатнашди.

    Тадбирда Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари делегациялари ҳам иштирок этишди.

    Дастлаб давлатлар деллегация раҳбарларини ва Жамғарма Ижроия қўмитаси раисини Қозоғистон Бош вазири О.Бектенов қабул қилди. Учрашувда бош вазир минтақадаги мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш борасида минтақа давлатлари томонидан олиб борилаётган ҳамкорликнинг самарадорлиги, ОҚХЖнинг кейинги йилларда эришган натижалари тўғрисида тўхталиб ўтди.

    Қозоғистон Бош вазири Ўзбекистон Президентининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида мамлакатлараро манфаатли алоқалар, ўзаро қўшничилик ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларини юксак баҳолади.

    ОҚХЖ Бошқарувининг йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар юзасидан ҳисоботлар эшитилди.

    Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури, Жамғарма ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, минтақа давлатлари гидрометеорология хизматларини модернизация қилиш лойиҳасининг иккинчи босқичини тайёрлаш каби масалалар юзасидан келишувларга эришилди.

    Жорий йил охирида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Ягона сув» саммитига тайёргарлик кўриб чиқилди.

    Жамғарма Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон делегацияларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

    Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сув ва энергетика соҳаларида икки ҳамда кўп томонлама аҳамиятга эга бўлган муносабатларнинг жорий ҳолати ва келгусида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

    Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари Оролбўйи ҳавзаси мамлакатлари орасида географик жиҳатдан ўхшашлиги, шу боис минтақадаги дарёларнинг бош қисми ҳудудларида жойлашган сув омборларни қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ишлатиш, шунингдек, электр энергия масалаларида ҳам келгусида ишларни мувофиқлаштириб бориш тўғрисида келишиб олдилар.

    Кўп томонлама учрашувда Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари С.Зиёзода, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Т.Атахаллыев билан минтақа кун тартибида долзарб бўлиб турган сув, экология ва қишлоқ хўжалигига оид масалалар муҳокама қилинди.

    Шунингдек, 19 сентябрь куни Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сув хўжалиги раҳбарлари бошчилигида қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

    Йиғилишда соҳага оид икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати муҳокама қилиниб, мавжуд масалаларнинг ечими юзасидан аниқ фикрлар алмашилди.

    Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳаси, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги Минтақавий стратегия лойиҳасини минтақанинг бошқа давлатлари билан келишиш муҳокама қилинди. Давлатлараро аҳамиятга эга бўлган гидропостларда сувнинг ҳисоби ва мониторингини юритиш мақсадида уларда автоматик қурилмаларни жорий қилишга келишиб олинди.

    Шу билан бирга, Оролбўйи минтақасида сув, экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган умумий қиймати 25,3 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди. Жумладан, қўйидаги лойиҳалар кўриб чиқилди:

    Амударё ва Сирдарё дельталарида кичик сув омборларни ташкил этиш;

    - Оролбўйи минтақасида экотизимларни тиклаш ва сақлаш;

    - Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш;

    - Орол ҳавзаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитар вазиятни яхшилаш.

    Учрашувлар очиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates