Минтақада сув масалалари муҳокама қилинди

    2025 йил 14 август куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 90-йиғилиши бўлиб ўтди.

    Унда Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев бошчилигида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

    Тадбирни Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари К.Бозумбаев расман очиб берди.

    Йиғилишда Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Д.Шоди ҳамда Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д.Генджиев (онлайн) ўз нутқлари билан иштирок этиб, муҳим масалалар юзасидан фикр билдирдилар.

    Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг сув хўжалиги соҳасига алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлар экан, жорий йил август ойида Сув кодекси ҳамда Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланганлигини айтиб ўтди.

    Йиғилишда минтақамизда сув тежовчи инновацион технологияларни кенг кўламда жорий этиш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

    Шунингдек, 2025 йилги вегетация мавсумида кузатилаётган сув танқислигини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.

    2025 йил вегетация мавсуми оғир кечганлигига қарамасдан Ўзбекистон томони Қозоғистон олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги таъкидланди.

    Шу билан бирга, ирригация тизимларини модернизация қилиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этиш, трансчегаравий сув ресурсларини самарали бошқариш йўналишида тажриба алмашиш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш зарурлиги билдирилди.

    Йиғилишда комиссия ижро этувчи органлари ҳисобланган «Амударё» ва «Сирдарё» ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, Илмий-ахборот маркази ва котибияти раҳбарлари, шунингдек Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси раиси, Қирғиз Республикасининг Қозоғистондаги элчиси, Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки, Швейцария халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги, БМТ Европа иқтисодий комиссияси каби ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирок этди.

    Минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи Давлат раҳбарларининг саммитларидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

    Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкилий тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинди.

    «Амударё» ва «Сирдарё» ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари раҳбарларининг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2025 йил вегетация даври учун сув омборлари лимитлари ва ишлаш режимларидан фойдаланиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

    Шу билан бирга, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонлари ўртасида 2026 йил вегетация даври бошлангунга қадар давлат чегарасидаги Чордара сув омборига сув киришини биргаликда аниқлаш мақсадида қўшма гидропост ўрнатишга, шунингдек, гидромет хизматлари ўртасида ҳаракатларни мувофиқлаштиришни яхшилаш бўйича қўшма чоралар кўришга келишиб олинди.

    Йиғилиш доирасида халқаро молия институтлари, жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки, шунингдек, бошқа хорижий донор ташкилотлари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

    Учрашувлар чоғида хорижий экспертлар билан трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, гидротехника иншоотларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, мазкур йўналишларда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

    Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги вакиллари ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги раҳбарияти билан 2025 йил 30 май куни имзоланган «Баҳри Точик» сув омборининг 2025 йил июнь август ойларида иш режимини белгилаш бўйича имзоланган Баённинг ижро ҳолати қўшимча равишда муҳокама этилди. Учрашув якунлари билан барча томонлар Баёнда келтирилган масалаларни ўз муддатларида амалга оширилиши тарафдори эканликларини таъкидлаб ўтди.

    Шунингдек, Туркманистон сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ишанкулиэв билан Сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан музокара олиб борилди.

    Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 91-йиғилишини Туркманистонда ўтказишга келишилди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates