Ўзбек оиласининг қирғиз келини

    Хонободлик Эркиной туризм орқали ўзбек-қирғиз маданиятини тарғиб қилмоқда.

    Саёҳатни хуш кўрмайдиган инсон бўлмаса керак. Айниқса, одамларнинг яшаш тарзи тобора замонавийлашиб бораётган бугунги кунда дам олиш мақсадида бирор давлатга чиқиш, ҳеч бўлмаганда, маҳаллий саёҳатларни амалга ошириш одатий ҳолга айланган. Шунинг учун ҳам, туризм жаҳон мамлакатлари миллий иқтисодиётида асосий ўринларни эгаллаб турибди ва бу соҳа даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, биргина туризмдан тушаётган даромад йилига 2,5-3 триллион долларни ташкил этмоқда.

    Тадбиркорлар учун ҳам туризм йўналиши доим жозибадор бўлган. Айниқса, охирги йилларда маҳаллий ишбилармонларимиз орасида сайёҳлик йўналишида хизматлар кўрсатиш кўлами сезиларли ошди. Таклифга яраша талаб ҳам юқори. Яъни, юртимизнинг барча соҳаларида кўзга ташланаётган катта ўзгаришлар дунё сайёҳларини ўзига жалб этмоқда. Жумладан, ўтган йили диёримизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 баравар ошгани ҳақида маълумотлар бор. Ички туризм дастурлари доирасида эса 11 миллиондан зиёд аҳоли саёҳат қилган.

    Жорий йил бу кўлам янада ошиши, Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кутилмоқда. 29 март куни давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, шу йилнинг ўзида 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиш, соҳа экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш имкониятимиз бор. Қолаверса, яқинда юртимизда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг йиғилишида Самарқанд — 2023 йилда Жаҳон туризм пойтахти деб белгиланади.

    Табиат бағридаги ўтовлар

    Одамлар нима учун кўпроқ табиат бағрига ошиқиши, табиий “бўёқлар”га бурканган гўзал манзаралардан завқланиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Чунки, наинки ижодкор киши, балки ҳар қандай соҳа эгаси тоза ҳаво, жонли табиат манзарасидан доим завқ, руҳий қувват олади. Замонавийлик сийратимизга ҳар қанча сингиб кетмасин, шууримиз сокин табиат томон талпинаверади.

    Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги 800 метр баландликда жойлашган “Олтин Ўрдо” дам олиш масканига борган киши шундай ҳисларни туяди. Меҳмонлар машинадан тушгани ҳамон, “ҳавоси нақадар тоза!”, дея илк таассуротларини билдиради. Кетаётганида эса бу сўлим масканга яна келишини айтиб, унинг бекаси Эркиной Абжамиловага миннатдорлик билдиради.

    Мазкур дам олиш маскани тоғ ёнбағрида жойлашган. Атрофини гўзал табиат манзараси ўраб туради. Меҳмонлар учун овқатланиш, дам олиш, ётоқхона хизматлари таклиф этилади. Ўзига хос томони, бу ерда қирғиз ва ўзбек миллатига хос анъаналар мужассамлаштирилган. Меҳмонлар дам олиши учун қирғиз ўтовлари ва ўзбекларнинг айвонча, сўрилари ўрнатилган бўлса, таомномадан ҳам икки миллат ошхонасига хос барча миллий таомларни топиш мумкин. Сайёҳларнинг таъбига қараб Европа таомлари ҳам тайёрланади.

    — Ўзим шу ерда туғилиб ўсганим учун ўрганиб қолган бўлсам керак, аммо узоқроқ манзиллардан келадиган одам борки, Хонободнинг бетакрор табиатига мафтун бўлиб, ҳавоси ниҳоятда мусаффо эканини таъкидлайди, — дейди Эркиной опа. — Яқин йилларгача бу жойлар ёпиқ шаҳар бўлган. Дам олиш масканлари деярли йўқ эди. 2017 йилда давлатимиз раҳбари Хонободни туризм шаҳрига айлантириш бўйича топшириқ берганларидан сўнг, ушбу яшил макон сайёҳлар учун очилди. Бу мен каби тадбиркорлар учун ҳам айни муддао бўлди. Биринчилардан бўлиб дам олиш маскани ташкил этишга киришдим. Менга ажратилган ер ташландиқ, қаровсиз аҳволда эди. Лекин ўз ҳолимча ташлаб қўйишмади. Зарур ёрдамлар берилиб, имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундай қилиб, катта машаққат билан “Олтин Ўрдо” қирғиз-ўзбек дам олиш масканини ишга туширдик. 30 нафар иш ўрни ҳам яратдик.

    Бошида ўтовларимиз сони кам эди, меҳмонлар оқими ҳам шунга яраша бўлган. Ҳозирги кунда ўнга яқин ўтовлар, алоҳида айвончалар бор. Ўтган йили АҚШ тараққиёт агентлиги (USAID)нинг агротуризмни ривожлантириш йўналишида ўтказилган танловда ғолиб бўлиб, яна 5 та ўтов ва 2 та айвончага эга бўлдим. Натижада меҳмонларни қабул қилиш имкониятимиз ошиб, сайёҳлар оқими ҳам, даромад ҳам янада ортди. Ҳозир Хонободда дам олиш масканлари сони анча кўпайган. Атрофда ўнлаб зиёратгоҳлар ҳам бор. Шаҳарчамиз водийнинг экотуризм марказига айланиб бормоқда.

    “Олтин Ўрдо” дам олиш масканига хорижлик сайёҳлар ҳам кўп келади. Уларнинг қирғиз миллий ўтовлари, таомларига қизиқиши баланд. Ўтовлар ичида барча шароитлар муҳайё. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши учун иситиш ва совутиш тизимлари ўрнатилган. Овқатланиш учун эса тапчанлар ҳам, замонавий стол-стуллар ҳам бор. Меҳмонлар ихтиёрига қараб улардан биридан фойдаланади.

    Ўтовлар кигиздан, ҳақиқий жун матосидан тикилар экан. Айтишларича, битта ўтовни тикиб, тайёр ҳолга келтириш учун салкам бир ой вақт кетади ва камида 3-4 киши меҳнат қилади. Ўтовларнинг ичида қирғиз миллий ҳунармандлик маҳсулотларини ҳам учратиш мумкин. Тадбиркор уларни Қирғиз Республикасидан олиб келади. Яқинда Андижондаги маҳаллий уста-ҳунармандлар билан миллий маҳсулотларни ясаб бериш бўйича келишиб олди. Ўтовларнинг бирини музей-дўконга айлантирмоқчи.

    Кўп миллатли маҳалла

    Эркиной опа асли қирғиз миллатига мансуб. Аммо Хонободда туғилиб ўсган. Ўзбек оиласига келин бўлган. Онаси Дилором ая 5 фарзандни ёлғиз боши билан катта қилган. Ўзи ҳам ҳозирги кунда турмуш ўртоғи билан 3 нафар фарзандни тарбия қиляпти.

    Қаҳрамонимиз туғилиб ўсган Хонобод шаҳридаги кўп миллатли Тейит маҳалласининг асосий қисмини азалдан қирғизлар ташкил этади. Аммо орада уларнинг кўпчилиги маълум сабабларга кўра кўчиб кетди. Эркиной опанинг оила аъзолари, қариндошлари ҳам ўша кезлари ўз юртига кетди. Йўллар ёпилиб қолиб, йиллар давомида борди-келди алоқалари узилди. Шундай кезларда ўзбек оиласи уни ёлғизлатиб қўймади, маҳалла-кўй ҳам ҳозиргача ўзаро қавм-қариндошдек. Асли, юртимизда доим шундай бўлган, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари дўстона, бир оиладек ҳаёт кечириб келади. Анъана, урф-одатлари бир-бирига уйғун халқларнинг меҳмоннавозлиги ҳам ўхшаш.

    Ниҳоят, қардош халқлар ўртасидаги йўллар очилиб, дўстона алоқалар тиклангач, қирғизларнинг кўпчилиги қадрдон Тейит маҳалласига қайтиб кела бошлади. Эркиной опа ҳам онаси билан қайта дийдор кўришди. Ҳозир улар биргаликда яшамоқда. Шаҳарчага меҳмон бўлиб келаётган қирғизлар ҳам кўп. Улар ҳудудларда кўпайиб бораётган меҳмон уйларида қолиб, дам олиб кетишяпти.

    Қаҳрамонимиз турли миллатлар аҳил, тотув ҳаёт кечираётган, тадбиркорлар, айниқса, хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган шундай юртда яшаётганини доим ифтихор билан гапиради. Асли, ишбилармонликни 20 йил олдин гўзаллик салони очишдан бошлаган аёл илк даврлардаги қийинчиликларини яхши эслайди. Бугунга қадар кўплаб шогирдлар чиқарди. Ҳозир мактаб битирувчиларига ўқув дарслари ўтиб, иқтидорлиларни ўзи иш билан таъминлаяпти.

    Охирги йиллардаги рағбат, имтиёзлардан фойдалана бошлаши ҳам қизиқ бўлган. Илк бор имтиёзли кредит олаётганида, қайтара олмаслигидан жуда қўрққан. Аммо бу ишини кенгайтиришига имконият экани боис, яна кредит олди ва уларни ўз вақтида тўлади ҳам.

    Эркиной опанинг тадбиркорлик салоҳиятини вилоятда кўпчилик яхши билади. У ўзидаги қобилиятни бошқаларга ҳам ўргатиб, кўпроқ одамларни иш билан таъминлашга интилади. Бугунги кунда Тейит маҳалласида хотин-қизлар фаоли лавозимида ишлаб келмоқда. Бир қанча йўналишларда иш ўринлари яратишга ҳам эришди. Яқинда маҳалладаги фойдаланилмай турган бинода хотин-қизлар учун турли йўналишларда цехлар ташкил қилмоқчи.

    Ҳудудда миллий қадриятлар, анъаналарни давом эттириб, авлоддан авлодга етказаётган оилалар кўп. Улардан бири шу маҳаллада истиқомат қиладиган Нортожи Бакирова. Аёл Эркиной опанинг кўмагида 5 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, қирғиз миллий шолчалари, болишлари, кўрпа-тўшаклар тикишни йўлга қўйди. Бу ҳунар унга она мерос. Ҳозир ўзи шу ҳунар ортидан яхшигина даромад топяпти, бир йилга қолмасдан кредитни ёпиб бўлди. Маҳалладаги 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Бундан ташқари ўзининг келинлари, қўни-қўшниларга ҳам ҳунарини ўргатиб келяпти. Маҳсулотларининг харидорлари кўп.

    “Меҳмонларга энг яхшисини илинамиз”

    Ҳозир тоғ ёнбағирларида айни дам олиш мавсуми бошланмоқда. Эркиной опанинг сайёҳлик масканлари, аллақачон, меҳмонларга ўз эшикларини очган. Яқинда у ерда кичик боғ ташкил этиб, резавор мевалар экилади. Бу Эркиной опанинг ғояси — меҳмонлар резавор меваларни томоша қилиб, улардан таътиб кўришларини истайди.

    Бу сайёҳларда ҳам ўзгача таассурот қолдириб, уларни табиатга янада яқинлаштиради. Ахир, сўнгги йилларда дунё аҳолиси орасида табиий ёки экотуризмга қизиқиш ортиб боряпти. Қолаверса, туристик хизматларнинг тобора ривожланиши натижасида сайёҳларга агротуризм, археологик, этнографик, диний туризм, экстремал шароитлар туризми ва бошқалар кенг таклиф этилмоқда. Ҳатто, мутахассислар мазкур йўналишлар одатий туризмдан кўра кўпроқ оммалашаётгани ва муайян бир мавзуга асосланган йўналишларда саёҳат қилиш истаги ортаётганини таъкидламоқда.

    Маълумотларга кўра, сайёҳлик бозорида экотуризмдан келадиган даромад 10—18 фоизни ташкил этар экан. Сайёҳликнинг бу тури нафақат катта даромад манбаи экани, балки табиатни муҳофаза қилиш, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини сақлаш ва кўпайтириш муаммоларини ҳал қилишдаги аҳамияти билан ҳам ажралиб туради. Яъни, экологик туризм табиатни муҳофаза қилишдаги янгича ёндашувдир. У орқали одамларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга чорлаш самаралироқ.

    Қаҳрамонимиз сайёҳлар талабини доим ўрганиб, уларга маъқул келадиган таклифларни беришга интилади. Таомномадан тортиб, хизмат кўрсатиш турларигача бойитиб бориш ҳаракатида. Дам олиш масканида ҳақиқий қирғиз қимизи (ичимлик)ни таътиб кўриш имкони ҳам бор. Эркиной опа қимизни ҳам шахсан ўзи Қирғизистондан, синовдан ўтган фермерлар қўлидан олиб, лаборатор таҳлилларидан ўтказган ҳолда олиб келади. Чунки меҳмонларига энг сифатли, тоза маҳсулотларни илинади. Келгусида сайёҳлик масканида от спортини ҳам ташкил қилиб, қимиз тайёрлашни йўлга қўймоқчи. Ўтов-меҳмонхоналарни ишга тушириш режалари ҳам бор.

    Аммо асосий мақсади кўпроқ хотин-қизлар бандлигин таъминлаб, ҳудуднинг туризм, иқтисодий имкониятлари ошишига ҳисса қўшишдан иборат. Аёл шу юртнинг бир бўлаги сифатида унинг тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда.

    — Мен Ўзбекистоннинг энг бахтли қирғиз қизиман, — дейди Эркиной Абжамилова. — Менинг ватаним шу ер. Мен шу ерда туғилиб, вояга етдим. Ҳар соҳада мени қўллаб-қувватлашади, ёрдам беришади. Бошқа миллат вакили эканимни сезмайман ҳам. Бу юрт, бу Ватан менга ҳамма нарсани берди. Доим нима қилсам, юртимга кўпроқ фойдам тегади, деб ўйланаман. Келажакда янги лойиҳалар билан кўпроқ одамларни иш билан таъминлаб, шу юртим тараққиётига хизмат қилишга бел боғлаганман.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 16.05.23 й, 94-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates