Ўзбекистонлик тупроқшунос олимлар ISO аъзолари таркибида

    Бу уларга кейинчалик қўмитанинг расмий аъзоси мақоми берилиши йўлидаги муҳим қадамдир.

    Дунё озиқ-овқат саноати кун сайин ривожланиб боряпти. Истеъмол маҳсулотларимиз тури кўпайиши баробарида, уларнинг таркибида сунъий қўшимчалар улуши ҳам ортаётгани ачинарли. Аммо бу каби маҳсулотларнинг бозори қанчалик чаққон бўлмасин, охирги йилларда аксарият давлатларда органик озиқ-овқатга талаб ўсиб бормоқда.

    Одатий сўзлашувда “экологик тоза” тарзида қўлланиладиган органик сўзи “чекланган” маъносини англатади. Яъни, бундай маҳсулот қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатларсиз ва бошқа техноген таъсирларсиз, замонавий технологиялар асосида етиштирилади ёки табиий тоза хомашёлардан олинади.

    Бугунги кунда дунёнинг 179 мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. Уларда 2 миллиондан зиёд органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб боряпти. Натижада 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 миллиард еврони ташкил этган. Экспертларнинг баҳолашича, жаҳон органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йилда йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилгани ҳисобига, 2022 йилда савдо айланмаси 212 миллиард АҚШ долларга етиши тахмин қилинмоқда.

    Ана энди, асосий масала — озиқ-овқат сифатини таъминлашдаги муҳим жиҳатларга ўтсак. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ISO — Халқаро стандартлаштириш ташкилоти сингари кўплаб нуфузли тузилмаларнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланяпти. Ўзбекистон ушбу ташкилотга Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари сингари аъзо давлат саналади. Яқинда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти “Аналитик синов лабораторияси” бўлими ходимлари — қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди А.Боиров ҳамда қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Х.Нуриддиновалар ISO Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг “ISO/TC 190 Soil quality — Тупроқ сифати” техник қўмитасига кузатувчи аъзо сифатида қабул қилинди. Бу уларга кейинчалик қўмитанинг расмий аъзоси мақоми берилиши йўлидаги муҳим қадамдир.

    Очиғи, мамлакатимиз шу вақтгача мазкур тузилмага кузатувчи сифатида аъзо бўлмаган. Олимларимизнинг халқаро қўмита фаолиятида иштирок этиши диёримизда амалга ошириладиган тупроқ тадқиқотларини ISO стандартларида бажаришни босқичма-босқич жорий этишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозорига чиқишини янада кенгайтириш, пировардида, республикамиз экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшади.

    Халқаро стандартларга жавоб берадиган органик маҳсулот етиштириш, аслида, мураккаб ва узоқ вақт талаб этадиган жараёндир. Бунда белгиланган тадбирлар уруғ ёки кўчатни ерга қадаш жараёниданоқ бошланади. Яъни, илк босқичдаёқ кўчат, тупроқ, ҳатто сувнинг сифати назорат қилиниб, то ҳосил олингунча кечадиган жараёнларда сунъий қўшимчалардан фойдаланилмайди. Шундан кейингина маҳсулот экологик тоза, деб топилиб, унга халқаро сифат сертификати берилади.

    Мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалиги ёки органик деҳқончилик бўйича қонун талаблари, экологик тоза маҳсулот стандартлари ҳамда бундай маҳсулотларни тартибга соладиган ва маркировка қиладиган хуқуқий асослар охирги 5 йилда яратила бошлади. Ҳозирги вақтда кўплаб маҳаллий ташкилотлар, деҳқон ва фермерлар ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотга сифат сертификатини олишда фаол. Бу, аввало, замон талаби бўлса, бошқа томондан, юртимизда халқаро стандартларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари яратилганидан.

    Қолаверса, мамлакатимизда илм-фан ва илмий фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, дунё илм-фани ва технологиялари илғор ютуқларидан миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини юксалтиришда фойдаланиш, чет эл инвестициялари, етук илмий ва технология марказлари, олимлар, мутахассисларни юртимизга жалб этиш, илмий-тадқиқот билан шуғулланувчи ходимларнинг хорижда тажриба ва малака орттиришларини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

    Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонларида тармоқда жаҳон стандартларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

    Сифатли тупроқ — сифатли маҳсулот дегани(ми)?

    Биз тупроқ сифати халқаро стандартларини жорий этиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатининг жаҳон бозори талабларига жавоб беришига хизмат қилиши ҳақида гапиряпмиз. Яъни, экологик тоза маҳсулот етиштиришни тупроқ сифати билан боғлаётганимиз бежиз эмас. Чунки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тупроқда етиштирилади. Унинг кимёвий таркибини халқаро стандартлар билан аниқлаш эса тупроқнинг экологик хавфсизлик талабларига жавоб бериши ва зарур ҳолларда уларнинг соғломлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини беради. Табиийки, экологик хавфсиз тупроқда юқори сифатли, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва уни жаҳон бозорига киритиш мумкин.

    Шу ўринда савол туғилади, хўш, тупроқнинг сифати, деганда ўзи нима тушунилади? Оддий қилиб изоҳлаганда, тупроқ сифати — бу қишлоқ хўжалиги экинларининг яхши ўсиб ривожланиши ва режалаштирилган ҳосилни олишда тупроқнинг ишлаб чиқариш қобилияти ёки табиий унумдорлигига берилган қиёсий баҳони англатади. Тупроқлар сифати бўйича бир нечта гуруҳларга бўлинади. Ёмон ерлар, ўртачадан паст ерлар, ўртача ерлар, яхши ерлар, энг яхши ерлар ва ҳоказо. Тупроқнинг сифати унинг асосий хосса хусусиятлари яъни, механик таркиби, аргокимёвий хоссалари, шўрланиш даражаси, эррозияланиш жараёнлари, тош аралашганлиги ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

    Юртимизда 20174,0 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, умумий ер майдонларининг 9,7 фоизини суғориладиган ерлар, 2,9 фоизини лалми экин ерлари ташкил этади.

    Республикамизда тайёрланаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 90 фоиздан ортиғи суғориладиган ерларда етиштирилади. Аммо ушбу ерларнинг 47 фоизи турли даражада шўрланган. Шунингдек, 14 фоизи сув эрозияси, 15 фоизи шамол эрозиясига учраган. Суғориладиган ерларнинг 43,6 фоизи ўрта қумоқли, 23,9 фоизи енгил қумоқли, 20,3 фоизи оғир қумоқли, 8,0 фоизи қумоқли, 2,5 фоизи қумли ва 1,7 фоизи лойли механик таркибга эга тупроқлардан иборат. Табиийки, ушбу ерларда етиштирилаётган маҳсулотларнинг талаб даражасидаги сифатини таъминлаш учун, албатта, тупроқларнинг хосса-хусусиятларини аниқлаб, уларнинг ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини қўллаш керак бўлади.

    Бунда ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқилган янги, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу технологиялар негизида, аксарият ҳолларда, ISO стандартлари, жумладан, “ISO/TC 190 Soil quality —Тупроқ сифати” услубларидан фойдаланиш ўз самарасини беради.

    Юртимизда тупроқ сифатини баҳолаш ишлари бўйича тадқиқотлар барча суғориладиган қишлоқ хўжалик ер майдонларида ҳар беш йилда, лалми ер майдонларида ҳар ўн йилда бир марта ўтказилади ҳамда туман ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ер майдонларининг ҳолати турли ҳудудларда турлича бўлади. Масалан, республикамизнинг шимолий ҳудудлари — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари ва марказий зона ҳудудларидаги Жиззах, Сирдарё вилоятларида тупроқларнинг унумдорлиги бошқа вилоятларга қараганда пастроқ ҳисобланади.

    Экин экишга яроқсиз тупроқларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қайтариш асосий вазифаларимиздан бири. Бунда босқичма-босқич агромелиоратив тадбирлар амалга оширилиб, тупроқлар реабилитацияси ва рекультивациясини таъминлаш, органик ва органоминерал ўғитларни белгиланган меъёрларда киритиш, суғориш меъёрлари ва муддатларининг илмий асосланган тартибини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилади.

    Аммо айрим суғориладиган ва лалмикор ерлар борки, уларда тупроқ унумдорлигига кучли таъсир кўрсатувчи табиий ва антропоген омиллар сабаб салбий жараёнларни тўлиқ бартараф этишнинг имкони йўқ. Бундай тупроқлар доимий равишда мелиоратив тадбирлар ўтказилишини талаб этади, акс ҳолда, катта меҳнат ва маблағ эвазига тикланган унумдорлигини қисқа муддатда йўқотиши мумкин.

    Замонавий ускуналар зарур

    Ерларни суғориш, шўр ювиш, тупроққа ишлов бериш каби тадбирларни белгилаш тупроқнинг механик таркибига боғлиқ. Шу боис, аввало, тупроқларни механик таркибига кўра гуруҳлаш керак бўлади.

    Бугунгача мамлакатимиз амалиётида қўлланилаётган тупроқ механик таркибини аниқлаш услуби илғор мамлакатлар тажрибасидан фарқ қилади. Биздаги усуллар бироз эскиргани ҳолда, чет элда ишлаб чиқарилган янги технологиялардан самарали фойдаланиш талаб этилмоқда. Тупроқларни таҳлил қилишда ISO стандартларига киритилган янги техник воситалар ва услубларни қўллаш анча самарали. Шундай техник воситаларидан бири автоматлаштирилган таҳлил тизимидир. Бу технология орқали бир вақтнинг ўзида бир неча киши иштирокида амалга ошириладиган таҳлилларни бир оператор бажарадиган автоматлаштирилган тизимларда амалга ошириш мумкин. Бунга Германия давлатининг “Скалар” компанияси томонидан ишлаб чиқилган автоматик аналитик линияни мисол қилиш мумкин. Бу технология билан вақт ва реагентларни тежаб, тупроқ ҳолати тўғрисида бир нечта кўрсаткичларни аниқлаш имконияти мавжуд.

    Ҳозирда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институтида ана шундай замонавий технологияларни кўпайтириш ишлари олиб бориляпти. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига институтимиз замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. 2021 йилда амалга оширилган тажриба-конструктор лойиҳа доирасида икки дона “Тупроқ клиникаси” мобил инновацион лабораторияси ташкил қилинди. Ушбу мобил лаборатория Германиянинг “STEP Systems GmbH” компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосини “LASA AGRO Mobil” комплекси ташкил этади. Унинг таркиби эса “LASA AGRO DR 2800” спектрометри, люкс-метр, квантометр, влагомер ва термометр сингари охирги модел ускуналаридан иборат.

    Махсус автомобилга жойлаштирилган ихчам асбоб-ускуналар ёрдамида экин вегетациясининг турли босқичларида тупроқнинг мелиоратив ҳолати, озиқа моддалари билан таъминланганлиги ва бошқа агрокимёвий кўрсакичларини даланинг ўзида аниқлаш мумкин. Айни пайтда бажарилган тупроқ кимёвий таҳлиллари асосида экин вегетациясининг турли босқичларида минерал ва органик ўғитларни самарали қўллаш, суғориш муддати ва меъёрларини аниқ белгилаш бўйича амалий тавсиялар берилади.

    Шунга мос тарзда институтда қатор инновацион илмий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. “Республика тупроқларини халқаро тупроқ кимёвий таҳлиллари стандарти асосида таҳлил қилиш технологиясини яратиш”, “Геоахборот (GIS) технологиялари асосида гипсли суғориладиган тупроқларнинг 3D карталари ва гипслашганлик картограммаларини яратиш”, “Ғўзани ўғитлашда глобал иқлим ўзгаришларига мос NРК нисбатидаги инновацион агротехнологияни яратиш”, “Органик деҳқончиликда экологик соф тупроқ шароити ҳосил қилиш орқали маҳсулот олишга асосланган агротехнология ишлаб чиқиш” каби илмий-амалий ишлар шулар жумласидан.

    Тупроқ сифатини стандартлаштириш йўлида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларидан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичига эришишдан иборат. Ахир, тупроқ сифати ва унумдорлиги қанча юқори бўлса, биз истеъмол қилаётган маҳсулотлар табиийлиги шунча ошиб бораверади.

    Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,

    Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти директори, биология фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates