Ташриф доирасида инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ, ушбу давлатларнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказди.
Жаҳон инвестиция конференциясининг 28-йиғилишида 100 дан ортиқ давлатдан 3000 нафар вакил иштирок этди. Панель сессиялар ва бошқа тадбирлардан ташқари дастур доирасида 21 давлат инвестиция вазирлари даражасида «Парадигма алмашинуви - саноат сиёсати ва инвестицияларни жалб этиш стратегияси синергияси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Муҳокамалар натижасида, экспертлар келгуси йилларда халқаро инвестиция ландшафтига асосан яшил иқтисодиётга сармоя киритишни рағбатлантириш, технологик ривожланиш, глобал таъминот занжири ва инфратузилмани ривожлантиришни қайта кўриб чиқиш, демографик ўсишни таъминлаш каби омиллар таъсир кўрсатиши тўғрисидаги ҳулосага келдилар.
Тадбир доирасида Лазиз Кудратов инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама этилди. Томонлар консенсусга эришдилар ва келгусидаги ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар, шунингдек, 2025 йилнинг биринчи чорагида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форумни ўтказиш саналарини келишиб олдилар.
Саудия Арабистони компаниялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида компаниялар фаолиятини, имкониятларини, молиявий воситаларнинг мавжудлигини ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқлари салоҳиятини чуқур таҳлил этилиган ҳолда жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш, талабга эга бўлган маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва янги сармоявий ташаббуслар атрофлича муҳокама этилди.
Умуман олганда, ташриф давомида Саудия Арабистони ишбилармон доираларининг Ўзбекистонда яратилган инвестиция шароитларига ишончининг юқорилиги ҳамда бошқа услублар билан бир қаторда давлат-хусусий шериклик ва суверен бўлмаган молиялаштириш тамойилларида узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлиги қайд этилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.