Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига

    Ҳукумат 11 ноябр 2023 4339

    Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

    Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.

    Биз Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиийдир.

    Айни шу мақсадда кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Тизимга илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ этилмоқда.

    Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли бирламчи ва малакали тиббий хизматлар аҳолининг кенг қатламларига кириб бормоқда. Бунинг тасдиғини шу йилнинг ўзида жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокорлик пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бирламчи тиббий хизматлар 2 миллион 100 минг нафардан зиёд аҳолига яқинлаштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

    Бу ҳақда сўз юритганда, 8 миллион 600 минг нафар аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 685 минг нафари амбулатор, 72 минг нафари эса стационар шароитда соғломлаштирилгани, скрининг текширувлари орқали 167 минг нафар юртдошимизда юрак-қон томир, 52 минг нафарида қандли диабет касаллиги аниқланиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилганини таъкидлаш лозим.

    Айниқса, туғма юрак нуқсони бўлган 2 минг нафар боланинг давлат ҳисобидан операция қилингани ёш авлодга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

    Соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенг жорий этилмоқда. Шифохоналарни замонавий транспорт ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражаси кескин яхшиланмоқда.

    Айнан ана шундай ўзгаришлар, жонкуяр шифокорлар, юқори малакали тиббиёт мутахассислари, ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати туфайли юқори технологик жарроҳлик операциялари нафақат пойтахтимиз ва вилоятлар марказларида, балки туманларда ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда ва минглаб беморлар ўз дардига шифо топмоқда.

    Соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги 7 йилда ушбу тизимда самарали хизмат қилиб келаётган юртдошларимиздан 727 нафари Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

    Бугунги байрам муносабати билан уларнинг сафига яна кўплаб тиббиёт ходимлари қўшилганини алоҳида қайд этмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фидойи юртдошларимизни юксак мукофотлар билан табриклаб, барчасига ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

    Азиз дўстлар!

    Биз “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришларни амалга оширишни режа қилганмиз. Жумладан, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекистонни сил хасталигидан холи мамлакатга айлантириш устувор вазифамиз бўлади.

    Шунингдек, 350 минг нафар диабет ва 1 миллион 500 минг нафар юрак-қон томир касаллиги билан оғриган беморларни даволаш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, беморларни гемодиализ ўринлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ҳам амалий ишларни бошлаймиз.

    Аҳоли ўртасида мустаҳкам саломатлик гарови бўлган соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

    Қадрли тиббиёт ходимлари!

    Барчамиз биргаликда ҳаракат қилиб, тиббиёт соҳасини чинакам халқчил тизимга айлантириш бўйича олдимизда турган улкан вазифаларни албатта муваффақиятли адо этамиз.

    Ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман.

    Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман.

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти