Ўзбекистон амалиётида яна бир янгилик: тарвуздан қоқи тайёрлаш йўлга қўйилди

    Сублимация қилинган, яъни сунъий усулда қайта ишланиб, қуритилган тарвузнинг жаҳон бозоридаги нархи эса 22—28 долларга борар экан.

    Юртимиз қишлоқ хўжалиги учун жорий йил анча баракали бўлди. Деҳқонлар аксар турдаги маҳсулотлардан яхшигина ҳосил кўтариб, бозорларимизни тўлдирди. Нарх-наво шунга яраша арзонлашди. Одамларнинг бундан кўнгли тўлмоқда. Аслида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳам шу — арзон ва сифатли маҳсулотга бўлган талабни қондириш. Аммо бундан етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчи ҳам зиён кўрмаслиги керак. Баракали хирмон кўтарган деҳқоннинг даромади ҳам шунга яраша бўлса, нур устига аъло.

    Афсуски, ёз ойларида бунинг акси кузатилган ҳолатларга ҳам дуч келдик. Аввалига меъёридан ортиқ миқдорда етиштирилган пиёзнинг бир қисми сотилмай, далаларда қолиб кетди, мавсумнинг талабгир маҳсулотларидан бўлган тарвуз-қовун нархи кутилганидан арзон бўлди. Бунинг ҳисобига кўплаб деҳқонлар харажатини ҳам қоплай олмагани ҳақида эшитдик. Таклифнинг талабдан ортгани уларнинг даромадига сезиларли таъсир кўрсатган.

    Ахир бозорда нарх-наво ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди. Бир мавсумда қиммат бўлган маҳсулот, кейингисида кескин арзонлаши мумкин. Буни деҳқон ёки исталган маҳсулот етиштирувчи ҳисобга олиши, бозорни ўрганиши керак. Шунда ўтган йили нархи сезиларли қиммат бўлган қовун-тарвуз бу йил ҳам ундай бўлмаслиги, ёппасига етиштирилган маҳсулотга бозорда талаб тушиб кетиши мумкинлиги чамаланган бўларди.

    Бироқ буни камчилик деб ҳам бўлмайди. Маҳсулот қанча кўп бўлса, шунча мўл-кўлчилик бўлади. Бу яхши, фақат қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ошиб бораётган ҳозирги шароитда янги ечимлар топишнинг вақти келди. Яъни маҳсулотни саноат усулида қайта ишлаш орқали ҳам ҳосилни нес-нобуд қилмаслик, ҳам бир неча баробар кўпроқ даромад топиш мумкин. Замонавий қилиб айтганда, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, консервация ва сублимация қилиш энг тўғри ечимлардан бирига айланди.

    Биргина мисол. Ёз мавсумининг энг севимли маҳсулоти ҳисобланган тарвузнинг юртимиз бозорларидаги ўртача нархи 10—12 минг сўм атрофида. Сублимация қилинган, яъни сунъий усулда қайта ишланиб, қуритилган тарвузнинг жаҳон бозоридаги нархи эса 22—28 долларга борар экан. Бир килограмм қуритилган маҳсулот учун полиздан узилган 4 та тарвуз керак бўлишини чамаласак, қоладиган даромад бир неча баробар юқори эканини ҳисоблаш қийин эмас.

    Буни Хоразм вилояти Боғот туманидаги “Perfect Logistics” корхонаси ўз тажрибаси мисолида исботламоқда. Барча турдаги маҳсулотларни сублимация усулида қайта ишлаш қувватига эга корхонада илк бор қуритилган тарвуз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу юртимиз амалиётида ҳам ўзига хос янгилик. Қадоқланган маҳсулотнинг синов намуналари хориж давлатларига маъқул келиб, аксарияти ҳамкорлик таклифини билдирган. Ҳозирча Россиянинг иккита йирик компанияси билан қиймати 2,5 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланган. Тайёр маҳсулотлар бири-кетин Хитой, Туркия, Буюк Британия, Германияга ҳам чиқарилади.

    — Сублимация усули барча маҳсулотларни 99 фоиз табиийлигини сақлаган ҳолда қуритиш имконини беради, — дейди корхона директори Отабек Матчонов. — Умумий майдони 7,5 гектардан иборат комплексимизда маҳсулотларни конвекцион, сублимация усулида қуритиш ҳамда жем-мураббо, шарбат ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та завод қурилган. Шундан дастлаб сублимация усулида қуритиш заводимиз ишга туширилди. Бу ерда мева-сабзавот тўлиқ қайта ишланиб, замонавий усулда қуритилади. Бироқ бошқа турдаги маҳсулотлар, масалан, сут-қатиқни ҳам сублимация қилса бўлади. Талабга қараб маҳсулот чиқарамиз. Ўтган йили синов тариқасида тарвузни қуритиб кўргандик, яхши чиқди. Намуналарни бир неча давлатга юбордик, уларга маъқул келди. Оз миқдорда айрим давлатларга экспорт ҳам қилдик. Очиғи, маҳсулот сотувида муаммо бўлмайди, чунки қуритилган маҳсулотларга хориж бозорида талаб юқори, нархи ҳам анча қиммат. Қуритилган тарвузни бу йилдан катта ҳажмда ишлаб чиқаришни бошладик. Маҳсулотларга “ISO 22000” ва “Ҳалол” сертификатлари олинган.

    Жараёнга тайёргарлик корхонада анча олдин бошланган. 2019 йилда қурилиши бошланган заводлар 2020 йилда ишга тушиши керак эди. Аммо пандемия сабаб ишлар ортга сурилди, Хитой ва Туркияга буюртма қилинган қурилмалар икки йил кечикиб келди. Ниҳоят, 2023 йилда завод қуриб битказилди ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг бевосита кўмагида ишга туширилди. Йил охирига бориб йирик ҳамкорлар билан шартнома имзолашга эришилгач, 750 килограмм намуна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хорижга жўнатилди. Жорий йилдан сотув учун маҳсулот ишлаб чиқариш бошланган бўлса, сентябрь ойидан катта ҳажмда экспорт амалга оширилади. Ҳозир корхона 30 фоиз қувватда ишлаяпти ва 40 кишининг бандлиги таъминланган. Мавжуд 3 та завод тўлиқ қувватда ишга тушганда, 200 дан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

    Бу оддий қоқи эмас

    Муҳими, маҳсулотга талаб бор. Мижозлар эса юқори қийматли бозорлар. Айниқса, Европа давлатлари қуритилган тарвузга катта қизиқиш билдирмоқда. Талабни доим юқори қўядиган ушбу мамлакатлар, аввало, сифатга ишонч ҳосил қилгани турган гап. Иш аввалида намуналар Европанинг бир қанча давлатига юборилиб, ижобий хулосалар асосида фитосанитар сертификатлар олингани бунинг тасдиғи.

    Корхонада иш жараёни энг сўнгги технологиялар асосида ташкил этилган. Мева-сабзавот ҳозирча Хоразмнинг ўзидан олинаётир. Аввал ҳаммаси лаборатория текширувларидан ўтказилиб, кейин иш бошланади. Заводда маҳсулот сақлаш учун 2 минг тонна сиғимга эга табиий омборхона ҳамда 1600 тонналик музлаткич ҳам бор. Корхонанинг конвектив усулда қуритиш заводида маҳсулотлар икки соат ичида буғ ёрдамида қоқига айлантирилади. Бу ўзимиз билган мева-сабзавот қоқилари бўлиб, одатда маҳсулот табиийлигини сезиларли даражада йўқотади. Аммо бозорда бунинг ҳам ўз харидорлари бор.

    Сублимация усули эса анча мураккаб жараён. Бу бир ҳолатнинг иккинчи ҳолатга ўзгаришини англатувчи усул бўлиб, мазкур технологияда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари вакуум остида, паст ҳароратда совитилиб, қуритилади. Натижада мазаси ва фойдали элементлари бошқа қуритиш технологияларига қараганда юқори даражада сақланиб қолади. Шу боис, жаҳон бозорида сублимация усулида тайёрланган маҳсулотларга талаб юқори, нархи ҳам анча баланд юради.

    — Заводда қуритиш жараёнларининг бари махсус технологиялар ёрдамида амалга оширилади, — дейди Отабек Матчонов. — Яъни тарвуз фақат ювилиб, тозаланади ва керакли шаклда кесилиб, техникага жойланади. Жараёнда сиғими 1200 килограммга тенг 2 та музлаткичда ҳаво ҳарорати 5 сония ичида минус 50 даражагача тушади. Кейинги босқичда эса маҳсулот вакуум ичида қуритилади. Салкам 24 соат деганда ўз табиийлигини 99 фоиз сақлаган тайёр қуритилган тарвуз олинади. Бундан ташқари, технология тарвузнинг қандай ҳажмда кесилган бўлса, шундайлигича қолишини таъминлайди.

    Сублимация усулининг ўзига яраша мураккабликлари ҳам бор. Аввало, уни тушунадиган ва ишлата оладиган кадрлар ҳозирча кам. Иккинчидан, жараёнда газ ёки электр энергиясидан узилиш бўлиши керак эмас. Акс ҳолда қурилма ичидаги 10—15 минг долларлик маҳсулот бир неча дақиқалар ичида яроқсиз ҳолга келади.

    Завод бир суткада 2-2,5 тонна тарвузни қайта ишлаш қувватига эга. Тадбиркорлар хомашёга талабни юртимиз шароитида бемалол қондира олади. Боиси, серқуёш ўлкамизда тарвуз етиштириш мавсуми 7-8 ой — апрель ойидан то ноябргача давом этади. Зарурат бўлса, йил-ўн икки ой ҳам етиштириш мумкин. Қишлоқ хўжалигидаги илмий ёндашув ва ривожланишлар бунга имкон беради. Агар ҳар бир ҳудудда шундай қайта ишлаш корхонаси бўлса борми, бу йил кузатилгани каби меъёрдан ортиқ етиштирилган мева-сабзавот далаларда қолиб, нес-нобуд бўлмайди. Аксинча, қайта ишланиб, қиймати янада ортади.

    Корхонада барча турдаги мева-сабзавот сублимация усулида қуритилиб, синовдан муваффақиятли ўтказилган. Айримлари талабга кўра экспорт ҳам қилинган. Ҳозирча энг қиммат сотилгани сублимацияланган қулупнай бўлиб, унинг 1 килограмми нархи 32 долларгача боради. Тадбиркорнинг айтишича, жаҳон бозорида кўпроқ юртимизда етиштирилган сабзи, қулупнай, қовун, олма, шафтолига талаб юқори. Уларни қуритилган ҳолда сотиб олишга тайёр харидорлар эса талайгина. Корхона яқин ойларда ана шу қувватларини ҳам фаол ишга туширмоқчи. Қўшимчасига шарбат, жем-мурабболар ҳам тайёрланади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates