Унда мамлакатимиз раҳбари бир қатор долзарб ташаббусларни билдирди. Жумладан, Президентимиз томонидан БМТ кўмаги остида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича Минтақавий марказни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси, Марказий Осиё минтақасида транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ва ушбу йўналишдаги муаммоларни самарали ечимини топишга қаратилган. Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуснинг долзарблиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Фаррух Жўраев билан суҳбатлашдик.
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар миллий иқтисодиётни модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишга, уни барқарор ривожлантиришга ва жаҳон иқтисодий алоқаларига босқичма-босқич қўшилишига қаратилган. Бу йўналишдаги ишларни самарали амалга ошириш учун, шубҳасиз халқаро транспорт коридорлари орқали янги бозорларга чиқиш зарур.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида кўрмоқда. Бу йўналишда бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳаво қатнови ва Ғалаба — Амузанг — Хушади темир йўли тикланди. Ўзбекистон ва Туркманистон саъй-ҳаракатлари билан Амударё орқали ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Ушбу кўприклар Ўзбекистон – Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Афғонистондаги Ҳайратон – Мозори Шариф линиясини ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Истиқболда Афғонистон иқтисодиётини тиклашга хизмат қиладиган «Мозори Шариф – Ҳирот» темир йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Афғонистон билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда трансафғон йўлаги доирасида янги темир йўлларини барпо этиш истиқболда Марказий Осиёнинг энг қисқа йўллар орқали Ҳинд океани ва Форс кўрфазидаги бандаргоҳларга чиқишини таъминлайди, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлайди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида автобус йўналишлари, тезюрар темир йўл алоқалари ишга туширилди. Қирғизистон билан Марказий Осиёдан илк бор тўғридан-тўғри Хитойга чиқадиган Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар автомобиль йўлаги бўйича қатнов йўлга қўйилди. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши ҳам фаоллашди. Унинг амалга оширилиши лойиҳа иштирокчилари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имконини беради. Шуни таъкидлаш лозимки, 2019 йилда Хитой 2 триллиондан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни импорт қилди, шу қаторида ШХТ мамлакатлари билан эса 100 миллиард долларни ташкил этди. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин 15 йил ичида Хитой импортни 30 триллион долларга етказмоқчи. Шуни таъкидлаш керакки, товарларни Хитойдан Европага Марказий Осиё орқали ташиш масофаси денгизга қараганда 2 баробар, Россия орқали ўтадиган транспорт йўлаги бўйлаб эса 2,5 баробарга қисқароқ.
Қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари Боку—Тбилиси—Карс транспорт коридори доирасида хам фаол иштирок этмоқдалар. 2020 йил бошидан Грузияга Ўзбекистон орқали юк ташиш йўлга қўйилди. Ушбу йўналиш Туркия ва Европадан Марказий Осиё ва Хитойга доимий равишда юк ташишни йўлга қўйишга имкон беради. Марказий Осиёни Каспий орқали Европа билан боғлаш юк ташиш учун қисқа йўлни таъминлайди.
Шу билан биргаликда, минтақада транспорт-логистика соҳасида бир қатор муаммолар мавжуд. Бугунги кунда денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган минтақа давлатларининг транспорт-транзит харажатлари сезиларли даражада катта бўлиб, улар экспорт қилинаётган маҳсулот қийматининг 70-80 фоизигача етмоқда. Божхона тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги оқибатида юк ташувчилар товарларни етказиб беришга кетадиган вақтнинг 40 фоизгача бўлган қисмини беҳуда йўқотмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича Минтақавий марказни ташкил этиш ташаббуси минтақада транспорт-коммуникациялар соҳасини ривожлантиришга ва бир қатор устувор режаларни рўёбга чиқаришда, жумладан минтақада транспорт-логистика соҳасини умумий ривожлантириш бўйича минтақавий дастурлар ва стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни қабул қилишга, тўсиқларни бартараф этиш ва истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича ёндашувларни аниқ чора-тадбирлар асосида амалга оширишга йўналтирилган.
Қолаверса, Минтақавий марказнинг тузилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиёда транспорт-коммуникацияларни ривожлантириш бўйича илгари сурган бир қатор ташаббусларини амалга оширишга, жумладан, Марказий Осиёнинг минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва шу асосда Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш ва Марказий Осиё мамлакатлари транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашни шакллантиришга хизмат қилади.