Янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддимасида “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибаси, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси” алоҳида таъкидланади.
Ўзбек халқининг келиб чиқиши, шаклланиши жуда узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу борада тарихчи, археолог, этнограф ва бошқа соҳа олимлари кўплаб изланишлар олиб борган. Ҳали-ҳануз хилма-хил фикрлар билдирилади. Масалан, халқимизнинг тўлиқ шаклланиши антик даврда юз берган, деб айтилади. Антик давр милоддан аввалги IV — милодий IV асрларга тўғри келиб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ўша даврга оид юзга яқин манзилгоҳ топилган. Амударё соҳилидаги Бақтрия, Суғдиёна, Марғиёна, Парфиёна ва Қадимги Хоразмда аждодларимиз — суғдлар, хоразмийлар, бақтрийлар, саклар яшаган. Сирдарё ҳавзасида эса қадимдан туркийзабон аҳоли истиқомат қилган. Бу милоддан аввалги уч мингйилликларга тўғри келади.
Халқимизнинг келиб чиқиши тарихини, аждодларимиз ўтмишини газетхонлар, умуман, кенг оммага етказиш мақсадида “Янги Ўзбекистон” газетасида бугундан бошлаб “Миллий давлатчилигимиз тарихидан” рукни остида туркум материаллар бериб борилади.
Бу рукнда бир неча минг йилга бориб тақаладиган ўтмишимиз, тарихий шаҳарларимиз, осори атиқаларимиз, адолати ва илми билан дунёни забт этган улуғ боболаримиз ҳақида туркум мақолалар эълон қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари халқимиз, хусусан, ёшларимизни давлатчилигимизнинг шонли 3000 йиллик тарихи билан таништириб бориш муҳим аҳамиятга эга эканини доим таъкидлаб келади. Ишончимиз комилки, ўзбек халқи тарихи, аждодларимиз босиб ўтган шонли йўл ҳақидаги мақолалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади ва ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Зеро, доноларимиз айтганидек, тарихини билмаган халқнинг келажаги йўқдир.
Ўзбекистон ҳудудида сўнгги жез ва илк темир асрида, яъни 4000-3000 йил олдин давлатчилик шакллана бошлаган. Бу даврда марказлашган ҳокимият, иқтисодий ихтисослашув ва мураккаб ижтимоий табақалар билан ажралиб турадиган илк шаҳарлашган аҳоли манзиллари пайдо бўлган. Жарқўтон, Сополлитепа, Кўктепа, Сангиртепа ва Афросиёб каби археологик ёдгорликлар шундан далолат беради.
Илк давлатчилик ва давлатларнинг юзага келиши кишилик ўтмишида туб бурилишлардан бири саналиб, кенг кўламли, зич аҳолига эга, сиёсий томондан марказлашган ва ижтимоий табақалашган тоифаларни кучли етакчилар томонидан бошқарилиши билан амалга ошган. Тарихчиларнинг айтишича, бирламчи ва иккиламчи давлатлар бўлган. Улар бир-биридан фарқланиб, бирламчи давлатларга ўз ички юксалиш жараёнлари орқали мустақил келиб чиққан давлатлар киради. Олдиндан бор бўлган давлатлар таъсирида юзага келганлари эса иккиламчи давлатлар деб аталади.
Илк давлатлар ўз атрофидаги давлатчиликка эга бўлмаган жамиятлар билан тижорат, урушлар, кўчишлар каби алоқаларни олиб бориши натижасида тўғридан тўғри ёки айрим омиллар таъсирида қўшниларида иккиламчи давлатларнинг юзага келишига сабабчи бўлган.
Ўзбек археологларининг сўнгги йиллардаги изланишлари Турон ўлкасининг илк шаҳарлари ва давлатлари ҳақидаги билимларимизни янада бойитишга хизмат қилди. Ушбу илмий тадқиқот натижаларига кўра, Турон ўлкасини ҳам 3000 йил олдинги бирламчи давлатчилик келиб чиққан ўчоқлар қаторига қўшиш мумкин.
Илк цивилизациялар илк шаҳарларга таянган бўлиб, бу ҳудудлар турли юмушлар билан шуғулланган атрофдаги аҳолини ўзига тортган. Одамлар шаҳарга қўлидаги маҳсулотни айирбошлаш, ёлланма ишчи бўлиб ишлаш ёки яхшироқ яшаш учун келган. Натижада шаҳарлар бир-бирини танимайдиган, турли тушунча ва қадриятларга эга кишилар ўртасида муносабатлар ўрнатиладиган йирик ижтимоий-иқтисодий, маданий, сиёсий ўчоқларга айлана борган. Бундай шароитда ҳокимият, дин ва тил инсонлар ўртасида бирлик тушунчасини ҳамда турли касбларни юзага келтирган.
Сўнгги йилларда илк шаҳарчилик маданиятини ўрганиш чуқурлашгани сайин цивилизацияларнинг келиб чиқиши муаммолари ҳам кўндаланг бўлмоқда. Изланувчилар олдида қандай қадимий аҳоли маскани шаҳар деб белгиланиши, унинг асосий хусусиятлари ва юзага келишидаги омиллар, нега илк шаҳарлар теварак аҳолисини тинмай ўзига тортгани, шаҳарнинг ўсишида диннинг ўрни каби кўплаб сўроқларга жавоб топиш масаласи туради.
Шаҳарлашган жамиятга тавсиф берилганда қуйидаги омилларга эътибор қаратилади: аҳолининг зичлиги, меҳнат тақсимоти, йирик кўламдаги ҳунармандчилик, ижтимоий табақалашув, солиқ ёки бож тизими, аниқ белгиланган давлат чегараси, ҳукмдор саройининг мавжудлиги, марказий омбор (ғазна), суғориш ва мудофаа иншоотлари тизими, топиноқлар каби улкан жамоавий қурилишлар, узоқ масофали тижорат, ёзув, аниқ фанлар, масалан, оддий арифметика.
Археологик изланишларда Турон ўлкасининг турли теграларида жез асрига тегишли экин-тикинчилик жамоаларининг қишлоқ ва шаҳар қолдиқлари ҳамда чорвачилик билан шуғулланган гуруҳларнинг мозор-қўрғонлари очилган. Жанубий Туронда жез асрида гуллаб-яшнаган Амударё цивилизацияси бугунги кунда Жанубий Туркманистон, Жанубий Ўзбекистон, Жанубий Тожикистон ва Шимолий Афғонистонгача ёйилиб, унинг эрамиздан олдинги III минг йилликдаги, яъни 5000 йил олдин илк шаҳарчилик босқичига тегишли Олтинтепа, Намозгоҳ, Қўнғир (Гонур) каби археологик қолдиқлари кўп йиллар давомида қазиб ўрганилган.
Жанубий Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида эса эрамиздан олдинги II минг йилликнинг биринчи ярмида — 4000-3500 йил олдин илк шаҳарчилик маданиятига асос солинган. Сополлитепа мажмуаси Турон ўлкаси илк шаҳарчилигининг ёрқин кўриниши бўлиб, келиб чиқиши Жанубий Туркманистондаги Копетдоғ этакларидаги Намозгоҳ мажмуаларига боғлиқ бўлгани тахмин қилинади.
Сополлитепа археологик ёдгорлиги Амударё яқинида, Куҳитанг тоғларидаги Пашхурт воҳасидан Шеробод чўлига олиб чиқувчи даралардан бирида ўрин олган. Бу ердаги Қайнарбулоқ ва Уланбулоқ сой сувларига таянган ҳолда эрамиздан олдинги
II минг йилликнинг 2-чорагида — 4000-3700 йил олдин қадимги экин-тикинчиларнинг шаҳарчаси қад кўтарган. Бу ёдгорлик харобалари маҳаллий аҳоли орасида Сополлитепа деб ном олган. Сополлитепа майдонининг катта қисмига шўролар даврида пахта экилиб, унинг марказий қалъа қисмигина сақланиб қолган. Қалъа атрофидаги ёдгорлик майдонида сочилиб ётган сопол парчалари, тош ёрғучоқлар, урчуқтош ва ҳайвон суяклари, турли меҳнат қуролларига қараганда, унинг умумий майдони ўз даврида 4-5 гектардан кам бўлмаган. Бу ерда ўтказилган археологик қазишмалар асосида ёдгорлик фавқулодда ноёб, уй-жой мажмуаларининг меъморий қурилиши ҳамда мудофаа иншоотларининг мукаммаллиги билан аждодларимиз муҳандислик илмининг юксак намунаси бўлгани аниқланган.
Сополлитепа ёдгорлигига яқин жойда — Бўстонсойнинг чап соҳилида бундан 3500 йил олдин Жарқўтон шаҳарлашган аҳоли пункти қад кўтарган. Афсуски, унинг катта қисми шўролар даврида пахта ва сабзавот экин майдонларига айлантирилган. Ўзлаштириш қийин бўлган қисми Бўстонсой соҳили бўйларидаги жарликлар туфайли сақланиб қолган. Ёдгорликнинг бизгача етиб келган шаклига кўра, у икки қисмдан — мудофаа деворлари билан ўралган ҳукмдор саройи, унга туташиб кетган аҳоли зич яшаган майдондан иборат бўлган. Унинг жанубида бир неча табиий тепаликларга жойлашган шаҳар-қабристон бўлган. Ёдгорлик юзасида сочилиб ётган сопол парчалари, тош ёрғучоқлар, бошқа меҳнат қуроллари бу ерда уй-жой ва ишлаб чиқариш устахоналарининг ўз даврида гуллаб-яшнаганидан далолат беради. Жарқўтонда олиб борилган археологик қазишмалар гувоҳлик беришича, бу ердаги иншоот мажмуалари хом ғиштлардан кўтарилган пойдеворлар устига қурилган. Жарқўтон жез асрининг 100 гектарга тенг энг йирик илк шаҳар қолдиғи саналади.
Илк темир асрининг бошланғич босқичида, эрамиздан олдинги I минг йилликнинг биринчи ярмида, яъни 3000-2500 йил олдин Шимолий Бақтриянинг уч йирик экин-тикинчилик ҳудуди — Шеробод, Бойсун ва Сурхон воҳаларининг ҳар бирида йирик марказий шаҳарлар — Жондавлаттепа, Қизилтепа, Ҳайитободтепанинг юзага келиши кузатилади. Бир-бирига яқин жойлашган бу уч илк шаҳар атрофида кўплаб қишлоқ, мозор-қўрғон ва ҳарбий қароргоҳлар ўрнашган. Шунингдек, улар қадимий йўллар ва суғориш тармоқлари орқали бир-бирига боғланган ягона воҳа давлати тизимини шакллантиргани аниқланган.
Суғд тарихий-маданий ўлкаси Зарафшон ва Қашқадарё водийларини қамраб, шартли ўлароқ уч қисмга бўлинади — Марказий Суғд (Юқори ва Ўрта Зарафшон), Ғарбий Суғд (Қуйи Зарафшон) ва Жанубий Суғд (Қашқадарё воҳаси).
Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Узунқир, Сангиртепа ва Подаётоқтепа ёдгорликлари Жанубий Суғдда эрамиздан олдинги I минг йилликнинг биринчи ярмида — 3000-2500 йил олдин — шаҳарлашган тусга эга йирик тизимни ташкил қилган. Узунқир шаҳар қолдиғи бўлиб, зардуштийликнинг муқаддас китоби Авестода ҒаваСуғда деб аталган қадимий ўлканинг маъмурий маркази бўлиши мумкин.
Узунқирнинг умумий майдони 70 гектар, мудофаа деворининг узунлиги 650 метр, эни 20 метрга тенг бўлган. Бу девор биринчи бўлиб эрамиздан олдинги Х-IХ асрда гуваласимон хом ғиштлардан қурилган. Ушбу усул Марказий Суғднинг Кўктепа ва Афросиёб сингари қадимги шаҳарлари деворларига ҳам хос. Шаҳар Тахтақорача ва Оқрабод довони орқали Бақтриядан Марғушга олиб борувчи стратегик йўлни назорат қилиб турган. Подаётоқтепа буржли мудофаа девори ва теварагида хандақ билан ўралган иншоот бўлиб, Узунқирни қўриқлаш учун олдинга чиқарилган ва ҳарбий томондан ўта кучайтирилган қўрғон ёки ҳукмдор ўрдасидир. Сангиртепа эса Узунқир шаҳарсозлик тизимига кирувчи ва шаҳарнинг бош зардуштийлик топиноғи вазифасини бажарган меъморий қурилмадир. Қазишмаларда бу ёдгорликнинг ўртада оташгоҳ турадиган йирик қисмдан ташкил топгани ва Туронда энг қадимги зардуштийлар топиноғи бўлгани аниқланган.
Ерқўрғон Жанубий Суғднинг қадимги бош шаҳарларидан бири Нахшабнинг харобаси, ҳозирги Қарши шаҳри яқинида жойлашган. Ички қисмининг майдони 40 гектар бўлиб, бу ерда ўрда ва ҳукмдор саройи, шаҳар топиноғи, зардуштийлик кўмиш маросими ўтказиладиган дахма, юқори табақа вакилларига тегишли қабристон, кулоллар ва металлурглар маҳалласи ҳамда эрамиздан олдинги VIII-VII асрлар мудофаа тизими бўлаклари мавжуд.
Марказий Суғдда илк шаҳар ва давлатчиликни кўрсатиб берадиган икки йирик ёдгорлик — Кўктепа ва Афросиёб харобалари бор. Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шаҳридаги умумий майдони 100 гектарга тенг Кўктепа ёдгорлиги икки қатор мудофаа девори билан ўралган. Эрамиздан олдинги II минг йилликнинг сўнгидаги Бургалик мажмуасига тегишли кичик қишлоқда турмуш тўхтагандан сўнг бу ерда эрамиздан олдинги VII асрга келиб, гуваласимон хом ғиштлардан улкан меъморий қурилмалар қурилади. Тез орада шаҳарлашув хусусиятига эга Кўктепанинг қоқ ўртасида йирик олов топиноғи кўтарилади. Бу ерда археологлар томонидан “шаҳар ҳокими қароргоҳи” деб аталган икки қаватли ва 200 квадрат метр майдонга эга яна бир улкан меъморий қурилма топилган. Кўктепани айланасига ўраб турган мудофаа деворлари ҳам гуваласимон хом ғиштлардан қурилган бўлиб, эни 12 метрга тенг.
Афросиёб Марказий Суғднинг энг қадимий бош шаҳарларидан бири бўлиб, бугунги кунда 200 гектардан ортиқ майдонга эга харобаси бор. Самарқанд шаҳридаги бу ёдгорликда ҳаёт эрамиздан олдинги VII асрда бошланиб, худди Кўктепадагидек гуваласимон хом ғиштдан мудофаа девори кўтарилган.
Амударёнинг қуйи оқимида ўрнашган Хоразм тарихий-маданий ўлкаси илк темир асрига келиб шаҳарчилик негизида давлатчилик вужудга келган ўчоқлардан яна бири саналади. Хоразм цивилизациясининг илк излари Кўзалиқир, Ҳазорасп, Хумбузтепа каби илк шаҳар харобалари ва уларнинг теварагида ўз даврида гуллаб-яшнаган воҳалар бўлган. Кўзалиқир Туркманистоннинг Тошҳовуз шаҳридан 60 чақирим ғарбда жойлашган, майдони 25 гектарга тенг, икки қатор мудофаа деворлари билан ўралган ва эрамиздан олдинги VII-V асрларда гуллаб-яшнаган қадимги Хоразмнинг илк шаҳарларидан бирининг қолдиғидир. Бу ердан ҳукмдор саройи, кўплаб сопол идиш синиқлари, жездан ясалган ўқ учлари, от югани бўлаклари, аёл тақинчоқлари топилган. Кўзалиқирликлар экин-тикин билан шуғулланган, бироқ кўпроқ вақтини яйлов сурувчилиги билан ҳам ўтказган.
Хумбузтепа ёдгорлиги Амударё бўйида жойлашган ва 4 гектари сақланиб қолган Жанубий Хоразм илк шаҳарларидан биридир. Олиб борилган қазишмалар натижасида эрамиздан олдинги VII-VI асрларга тегишли бўлган топилмалар очилган. Ушбу қазишмалар илк шаҳарчилик ва давлатчилик Хоразмнинг жанубида юз берганини кўрсатмоқда. Изланишларда хумбузтепаликларнинг илк бошданоқ чархда ишланган юқори сифатли кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаргани ва Туронда энг қадимгилардан бири бўлган олов топиноғига эга бўлгани аниқланган.
Фарғона водийсида илк темир асрига тегишли энг қадимги шаҳар кўринишга эга ёдгорлик Эйлатондир. Бу шаҳар Андижон вилояти Избоскан туманида жойлашган бўлиб, ўз даврида унинг мудофаа девори ичкарисидаги майдони 200 гектарга тенг бўлган. Шаҳарнинг 20 гектарли ҳукмдор ўрдаси ҳам кучли мудофаалангани қазишмалардан маълум бўлган.
Эрамиздан олдинги VII-III асрларда яшаган эйлатонликлар Фарғона водийси бўйлаб 40 дан ортиқ қишлоқ ва шаҳар қуриб, кулолчилик, темирчилик ва тўқувчилик билан шуғулланган.
Шундай қилиб, илк темир асрида эрамиздан олдинги I минг йилликнинг биринчи ярмида — 3000 йиллар олдин Туроннинг бир неча тарихий-маданий ўлкасида, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида мустақил ўлароқ илк шаҳарчилик ва давлатчилик шакллангани кузатилган. Бу Шимолий Бақтрия, Суғд, Хоразм ва Фарғона ҳисобланади.
Фарҳод МАҚСУДОВ,
ЎзФА Миллий археология маркази директори,
тарих фанлари доктори