Яқин танишим ҳар гал кўришганимизда UzQuiz деган интеллектуал ўйинда жамоа тузиб қатнашиш таклифини берарди. Ўксимасин деймизми, биз ҳам ҳар гал розилик билдиришдан чарчамасдик. Ўзимизча бу ўйинлар бекорчиликдан бошқа нарса эмас деб ўйлагандирмиз-да. Бироқ UzQuiz фаолияти билан яқиндан танишиб, бир қанча ўйинларини томоша қилиб, амин бўлдимки, бу ўйин шунчаки бекорчилар машғулоти эмас экан.
UzQuiz ўйинлари 2021 йилдан ўтказила бошланган. У қисқа вақт ичида кўпчиликнинг севимли машғулотига айланиб улгурди. Бугун бу ақл баҳсларида минглаб одамлар қатнашади. Хўш, нима сабабдан бу ўйинлар бунчалик тез оммалашди?
Энг аввало, инсон табиатан ақлан чархланишга эҳтиёж сезади. Бирор муаммо ечимини топиш руҳиятимизга рағбат ҳиссини беради. Болалигимизда ёши катталар бизни синаб кўриш мақсадида савол берса, биринчи жавоб топганимиз “қаҳрамон” саналардик, ўзимизни бошқаларга қараганда донороқ ҳис этардик. Бироқ улғайиб, ўзимиз ҳам катталарга айланамиз, энди бизга савол ҳам беришмайди. Ваҳоланки, болаликдаги бу эҳтиёж тафаккуримизни узоқ йиллар тарк этмайди. Айни интеллектуал ўйинлар эса кўпчилик учун қайсидир маънода болалигини қайтариб бера олди.
Иккинчидан, интеллектуал ўйинлар жамоавий руҳни шакллантириш, жамоа билан ишлаш кўникмасини оширишда кўмак бўлади. Бир ҳақиқат бор, мақсад сари ёлғиз ҳаракат қилишдан кўра унга биргаликда интилишнинг завқи ўзгача. Шу туфайли кўплаб ташкилотлар бу интеллектуал ўйинлар ривожини қўллаб-қувватлади, уларнинг мунтазам ташкил қилинишига ҳисса қўшди.
Яхши эслайман, бошланғич синфда ўқиб юрган пайтларимда дам олиш кунларини интиқ бўлиб кутардим. Сабаби айнан дам олиш кунлари телевидение орқали “Заковат” кўрсатувининг янги сони эфирга узатиларди. Тўғриси, мен учун ниҳоятда мураккаб туюлган саволларга ўйинчилар жавоб топа олишидан ҳайратланардим. Бу айни жавоблар хаёлимнинг бир учига ҳам келмаганидан бўлса керак. Ўшанда бундай зукколикнинг асосий омили ўйинчиларнинг ниҳоятда кўп китоб ўқигани деб ўйлаган бўлсам, бугун бунга асосий сабаб ҳамжиҳатликда экан, деган хулосага келаман.
Айнан “Заковат” ўйини илм-маърифатга қизиққанлар учун бугун тобора оммалашаётган мотивация тушунчаси ўчоғи эди. Мактабда ўқиб юрганимизда шу ўйиндан илҳомланиб, биз ҳам синфлараро шундай беллашув ташкил қилганмиз. Беллашувга чамаси бир ойча тайёрланганмиз. Нима бўлганда ҳам синфимиз ғолиб чиқиши керак! Гуруҳ сардори сифатида ғолиблик учун мен кўпроқ ҳаракат қилишим лозим деб ўйлардим.
Ота-онам мактабда ишлатасан деб берган пулларни йиғиб, кунора мактаб яқинидаги интернет кафега борардим. У ерда “Заковат”нинг эски сонларини топиб кўриб, ноодатий саволларни ёзиб олардим. Эртасига синфимиздан тузилган жамоага шу саволларни бериб, тайёргарлик кўрардик. Тайёргарликлар самараси ўлароқ, синфимиз бу беллашувларда тўртта тенгдош жамоа орасида ғолиб бўлди. Ўша ғолиблик ҳаяжони ҳалигача ёдимизда.
Шу ўйинлар сабаб бўлибми, менда ҳамжиҳатлик деган тушунчага ҳурмат уйғонди. Дарвоқе, ҳамжиҳатликда гап кўп. Айниқса, бирор мақсадга эришишда унинг аҳамияти ниҳоятда юқори. Халқимиз бежиз “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, демайди.
Интеллектуал ўйинлар яна нимаси билан аҳамиятли? Эътибор берсангиз, тортинчоқ табиатли юртдошларимиз кўп. Бу ген орқали ўтадими ёки тарбия сабабми, алоҳида масала. Бироқ тортинчоқлик ҳаётимизда кўп қийинчиликларни пайдо қилиши мумкин. Ана шу асосий муаммо. Аксариятимиз жамоатчилик орасидаги баҳс-мунозараларда фикр билдиришга, фикримиз бўлса-да, уни ифодалашга қийналамиз. Худди ҳозир хато гапириб қўямиз-у, ҳамма устимиздан куладигандек. Аслида, ундай эмас. Баҳс-мунозара маданиятида хато гапириб қўйиш мумкин эмас деган қоида йўқ. Буни билсак-да, аксариятимиздаги қўрқув йиллар давомида яшайверади. Интеллектуал ўйинлар эса бизга мана шу “одат”имиздан қутулишга ёрдам бериши мумкин.
Интернетдаги маълумотларга кўра, дунёнинг нуфузли нотиқлик мактаблари ўз машғулотларида айнан интеллектуал, жамоавий ўйинларга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, интеллектуал ўйинлар тафаккуримизда стратегик фикрлаш ва таҳлил қобилиятини яхши ривожлантиради. Тезлашиб бораётган замонда вақт тушунчаси тобора нисбийлашиб кетяпти. Яъни бир хил ижтимоий шароитда яшагани ҳолда, кимларнингдир вақти бемалол, кимлардадир эса у ниҳоятда танқис. Бу ўз-ўзидан уни тақсимот қилиш эҳтиёжини яратади. Шу ишни қилсам, бир йилдан кейин нима бўлади, 5 йилдан кейин нима бўлади, 10 йилдан кейин-чи?.. Бугун шу каби саволлар ҳар биримизда бўлиши керак. Унга жавоб топиш эса кишидан стратегик фикрлаш қобилиятини талаб этади. Интеллектуал ўйинлар ушбу жиҳати билан ҳам аҳамиятли.
Ён-атрофимизга назар солсак, имкониятларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин улардан фойдаланишга нимадир тўсиқдек, бу “нимадир” ўзимизга бўлган ишончнинг етишмаслиги. Эътибор берганмисиз, теварагимизда ютуқларга эришган инсонларнинг ишончи баланддек кўринади. Дарҳақиқат, муваффақият кишида ишончни мустаҳкамлайди.
Агар биз ўзимизда ишончни мустаҳкамламоқчи эканмиз, бу борада интеллектуал ўйинлар катта ёрдам беради. Айниқса, ота-оналар тарбия жараёнида интеллектуал ўйинларнинг таъсир кучидан самарали фойдаланса, фарзандлар ўзига ишонувчан бўлиб вояга етади, муваффақиятга мойиллиги кучаяди.
Замоннинг тезкорлашуви ўз-ўзидан стресс ва хавотирларни келтириб чиқаради. Бундай вазиятдан чиқиш, унинг босимидан халос бўлиш учун ҳар ким турлича ёндашади. Тадқиқотларга кўра, бугунги кунда психотроп дори истеъмолига ўрганиб қолган ёшларнинг аксарияти бу иллатга ружу қўйишига айнан стрессларни унутишни сабаб қилиб кўрсатади. Лекин бу иллатларнинг охири борми? Олимлар фикрича, мия ишлаш фоизи қанча катта бўлса, инсонда стресс шунча камаяди. Бундай вазиятда ҳам интеллектуал ўйинлар ёрдам бера олади.
Ижтимоий алоқалар инсон ҳаётида ниҳоятда муҳим. Биз атроф-муҳитни яхшироқ англашимиз учун оила аъзоларимиздан ташқари кўплаб танишларимиз бўлиши керак. Лекин таниш-билишни қандай топиш мумкин? Камига бизга ақлли, ишбилармон танишлар керак бўлса! Шубҳасиз, биз бундай танишларни тунги клублардан ёки бозорлардан изламаймиз. Айнан интеллектуал ўйинлар атрофимизга шундай инсонларни тўплашимизга ёрдам беради. Шу жиҳати билан ҳам улар тарбиявий аҳамият касб этади.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









