Ўзбекистон гилоси нима учун ФАОнинг глобал ҳаракатлар дастуридан жой олди?

    Ёз яқинлашиши билан турли хилдаги мазали мевалар дастурхонлар кўркини, бозор расталарининг олд қисмини эгаллай бошлайди. Жанубий ҳудудларимизда кўкламнинг одатдагидан илиқ келиши туфайли баъзи эртапишар мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳар йилгидан барвақтроқ пишиб етилмоқда.

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, Янгиариқ қишлоғидаги аҳоли хонадонларидан бирида апрель ойининг ўнинчи санасида гилос пишган.

    Албатта, хонадон боғбони бундан худди япониялик ҳамкасби каби ҳар қанча фахрланса арзийди. Агар пойтахт бозорига чиқарса, килосини 50-70 минг сўмдан сотиши мумкин. Буни АҚШ пулига чақадиган бўлсак, ўртача 6 доллар атрофида туради.

    Япониянинг Ямагата префектураси соҳибкорлари эса, биринчи савдоларни бир қути гилос (500 грамм) бир миллион иена (9,8 минг АҚШ доллари) нархида сотишдан бошлар экан. Кимошди савдоларидаги бундай қиммат лотда энг эртапишар “Сатонисики” нави мевалари харид қилинади. Гилоснинг пул дарахти, деб эъзозланиши ҳам ана шундан бўлса керак.

    Мутахассисларнинг фикрича, гилоснинг нега бунча қимматлиги уни етиштириш технологияси билан боғлиқ. Улар махсус тувакларда ўстирилади. Июндан то октябрь ойи бошигача махсус совуткичларда сақланган гилос дарахтлари, кейин иссиқхонага кўчирилади. Бу ерда кундузи 25 даража, кечаси 13 даражадаги ҳарорат бир хилда таъминланаб турилади. Қарабсизки, гилос мевалари кўклам кирмасдан туриб бозор пештахталаридан жой олади.

    Ямагата префектураси Япониядаги энг ширин гилослар ўлкаси ҳисобланади ва мамлакатдаги мазкур маҳсулотнинг 75 фоизини етказиб беради. Аммо уларда ҳам оддий гилослар худди юртимиздаги каби баҳорнинг охирлари ва ёз бошларида пишади.

    Гилос етиштириш 10 минг йиллик тарихга эга. Атиргуллилар оиласига мансуб бу данакли мева дарахти жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қадим замонлардан экиб келинади. Гилос юз йилгача яшайди ва ҳар бир тупи 300 килограмгача ҳосил беради.

    Мазкур мева ҳақида гап кетганда, гилос дарддан этар халос ёки одам организмига мос, деб бежиз айтилмаган. Шифокорларнинг қайд этишича, у танадаги витаминлар мувозанатини нормаллаштиришга ёрдам беради, калий манбаи бўлиб, қон босимини меъёрда ушлаб туради. Бу, ўз навбатида, организмдаги метаболик жараёнларни яхшилайди. Шунингдек, гилосда жуда кўп темир моддаси борлиги боис камқонлик билан тезда курашишга имкон беради. Таркибидаги Б витамини оғир йўтални даволайди ва астма аломатларини йўқотади. Унинг гуллари ва баргларидан тайёрланган малҳам яраларни ва сепкилларни бартараф этади.

    Бир сўз билан айтганда, ҳар жиҳатдан кони фойда. Тармоқ экспертларининг таҳлилича, ҳар йили дунёда гилос етиштириш ўртача 20 фоизга ортяпти. Ушбу мева ҳажми 2018 йилда жаҳон бўйича 2;44 миллион тонна (15,4 миллиард АҚШ доллари) ни ташкил этган бўлса, 2025 йилга бориб 10 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу борада Туркия, АҚШ, Эрон, Чили ва Ўзбекистон пешқадамлик қилиб келади.

    Техник жиҳатдан Ўзбекистон гилос экспорти бўйича дунёда бешинчи ўринда, аммо иккинчи ўриндаги Гонконг гилосни реекспорт қилувчи мамлакат ҳисобланади. Шу боис соф экспортчилар орасида Ўзбекистон тўртинчи ўринда туради.

    Мамлакатимизда 2022 йилда гилос боғларининг гуллаш даврида узоқ давом этган ёмғир туфайли унинг ҳосили кескин камайди ва экспортга салбий таъсир кўрсатган. Расмий статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон 25,3 минг тонна гилос экспорт қилган, бу 2021 йилги рекорд кўрсаткичдан 2,4 баробар, 2020 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга камдир.

    Ўтган йил ҳолати бўйича, юртимизда 19,5 минг гектар, шундан,14,5 минг гектари ҳосилли гилос боғлари мавжуд бўлиб, улардан 213,6 минг тонна маҳсулот етиштирилган. 2022 йилда 1,3 минг гектар майдонларда гилос плантациялари ташкил этилди. Жорий йилда мавжуд майдонларни 500 гектарга кенгайтириш режалаштирилган.

    — Кейинги пайтда гилос экиш ва парваришлашда ресурс тежовчи инновацион технологиялардан фойдаланиш, яъни, юқори юқори ҳосилдор навларни экиш, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш натижасидаминерал ўғитларни сарфини камайтириш, касаллик ва зараркунандаларга ўз вақтида ишлов бериш каби агротехника тадбирларни сифатли бажарилиши орқали унинг ҳосилдорлигини ошириш имконини бермоқда, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров. — Одатда ҳосилдорлик бир гектар майдонда 12-13 тонна бўлса, янги технологияларни қўллаш орқали ҳосилдорликни 13,5-14,5 тоннагача оширишга эришиляпти.

    “Sweet Ryana”, “Sweet Lorenz”, “Skeena”, “Early Lory”, “Баҳор”, “Ревершон”, “Восход”, “Ревна”, “Наполеон”, “Стелла”. энг машҳур гилос навлари сирасига киради. Ўтган йили қадоқлаш сифати ҳамда турига қараб, 26 миллиметрли ўлчамдаги гилосни етказиб бериш нархи юклаш ва тушириш ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда, бир килограмм учун 50 мингдан 70 минг сўмгача (4,5 — 6,3 АҚШ доллари) экспорт қилинган.

    Мамлакатимизда 2022 йилда гилос боғларининг гуллаш даврида узоқ давом этган ёмғир туфайли унинг ҳосили кескин камайди ва экспортга салбий таъсир кўрсатган. Расмий статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон 25,3 минг тонна гилос экспорт қилган, бу 2021 йилги рекорд кўрсаткичдан 2,4 баробар, 2020 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга камдир.

    2022 йилнинг ноябрь ойида Римда бўлиб ўтган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) анжуманида “Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот” глобал ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошланганлиги эълон қилинди.

    Бош директор Цюй Дунъюйнинг таъкидлашича, агроозиқ-овқат тизимини янгилаш алоҳида бир маҳсулотни ёки бирон бир соҳавий йўналишни танлаб олишдан бошланади. Ана шу белгилаб олинган маҳсулот кейинчалик ишлаб чиқаришни ошириш, озиқ-овқат сифати, табиий муҳит, кишилар ҳаётини яхшилашга қаратилган янги амалий чораларни қабул қилишга асос бўлади. Бунда ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмаслиги керак.

    Мамлакатимизнинг ФАОдаги доимий раиси ўринбосари Нуриддин Қўшназаров ушбу анжуманда “Ўзбекистонда гилосни ривожлантиришнинг “яшил“ усули” мавзусидаги тақдимотида юртимизда қишлоқ хўжалиги тармоғига кўрсатилаётган эътибор, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар ҳақида фикр юритди. Юртимизнинг устувор меваларидан бири сифатида гилоснинг ҳаракатлар дастурига киритилиши нечоғлик муҳимлигини қайд этар экан, уни “яшил” усулда етиштириш учун ФАОнинг мазкур ташаббуси (ОСОР) доирасида техник кўмак ва қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратди.

    — Янги дастурнинг биринчи босқичида саксондан ортиқ талабгор давлат иштирок этди, — дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Хуршид Норов. — Бундан кўзланган асосий мақсад барқарор озиқ-овқат қиймати занжирларини яратиш, оилавий ҳамда майда фермер хўжаликларини даромад олиш ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича қўллаб-қувватлаш, кимёвий воситалар ва табиий ресурслардан фойдаланишни минималлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини йўқотилиши ва чиқиндига чиқишини камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни чеклашга эътибор қаратишдан иборат.

    Талабгор мамлакатлар орасидан устувор лойиҳаларини амалга ошириш учун бешта давлат овоз бериш йўли билан танлаб олинди. Европа ва Марказий Осиё минтақаси вакили бўлган Ўзбекистоннинг гилос етиштиришни ривожлантириш бўйича илгари сурган лойиҳаси ҳам энг кўп овоз олганлар орасидан жой олди.

    Шу билан бирга, Африка минтақаси бўйича Малавининг банани, Осиё-Тинч океани бўйича Бангладешнинг жекфрути (нон дарахти), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси бўйича Тринидад ва Тобагонинг какаоси, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси бўйича Мисрнинг хурмоли палмаси ҳам халқаро ташкилотимизнинг ҳаракатлар дастурига киритилди.

    Мазкур алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича танланган мамлакатлардаги тўплаган тажрибалар, илғор инновация ва технологиялар ФПОга аъзо бошқа мамлакатларда ҳам тарғиб қилинади. Алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари деганда, маҳаллий миқёсда яхши маълум бўлган, кенг тарқалган ёки кам фойдаланиладиган ҳамда айни пайтда миллий, минтақавий ва халқаро бозорларда илгари суриш имкониятига эга бўлган маҳсулотлар тушунилади.

    Яратилган агроэкологик шароитлар бутун мамлакат ҳудудида кичик фермерларга кимёвий моддалардан минимал даражада фойдаланган ҳолда, гилос етиштириш имконини беради. Бундан ташқари, мазкур меванинг кўп тармоқли ва барқарор деҳқончилик тизимини, шунингдек, агроўрмончилик ва ўрмон яйловчилигини ривожлантиришга кенг йўл очади. Шу тариқа, гилос “яшил” ва инклюзив ривожланиш бўйича катта салоҳиятга эга маҳсулотга айланмоқда.

    Лойиҳанинг яна бир ўзига хос бизнес модели шундаки, у кичик уй хўжаликларига озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор кўпайтириш, шу орқали даромадларини ошириш ва пировардида уларнинг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.

    Яқинда Тошкентда худди шу каби масалаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича семинар ўтказилди. ФАОнинг Ўсимликшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш (NSP) бўлими директори Ся Цзинъюаннинг қайд этишича, “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, экспертлар ва бошқа юқори мартабали шахслар Ўзбекистонда OCOPни жорий этишни, гилос қиймат занжирининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун “яшил” технологияларни илгари суриш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олганидан жуда мамнунмиз. Чунки, лойиҳанинг кириш семинарида ушбу мақсадларга тўлиқ эришилди.”

    Демак, олдинда гилос етиштиришни ривожлантиришга қаратилган тажрибаларни кенг татбиқ этиш, айниқса, кичик хонадонлар ва фермер хўжаликларида “яшил” усулда парваришлаш ва мўл ҳосил олишни ташкил этиш вазифалари турибди. Айтиш жоиз бу жиҳатдан мамлакатимиз ҳудудларида муайян тажриба тўпланган. Халқаро ташкилотнинг техник кўмаги ва қўллаб-қувватлаши ушбу тажрибани дунё минтақаларида кенг ёйишни рағбатлантиради.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates