Бу ҳақда университет маъмурияти маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур олий ўқув юрти Кенгашининг қарорига мувофиқ, университетда ҳар ўқув йили учун ном бериш белгиланди. Шундан келиб чиқиб, бу йилги ўқув йили “ЎзЖОКУ — инсонлар ва билимлар учрашадиган маскан“ деб ном олди.
Хабарда бу каби ташаббус республика олий таълим муассасалари орасида биринчи бор ЎзЖОКУ томонидан илгари сурилгани айтилди.
Шунингдек, бошланган ўқув йилида қуйидаги йўналишларни ривожлантириш бўйича устуворлик белгилаб олинди:
- Ҳамфикрлар ҳамжамиятини шакллантириш;
- Гуманитар ва гуманистик ёндашувга урғу;
- Фанлараро алоқаларни ривожлантириш;
- Инновацион таълим дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
- Шахсий ривожланиш учун шароит яратиш;
- Илм-фан ва амалиёт интеграцияси.
"Университет бу талабалар, ўқитувчилар, илмий ва маъмурий ходимлар ўртасида тажриба алмашиш, фикрлар билан бўлишиш ва мулоқот қилиш майдончасидир.
Университет бу фақат билим олиш жойи эмас, балки учрашувлар, кашфиётлар ва биргаликда яратувчанлик муҳитидир.
Ҳар бир талаба ва профессор-ўқитувчи бу ҳамжамиятнинг фаол аъзоси бўлиб, ўз ғоясини рўёбга чиқаради ва университетнинг умумий манзарасига ҳисса қўшади.
Шундай экан, Сизларни ЎзЖОКУда — инсонлар ва билимлар учрашадиган масканда кутиб қоламиз," — дейилади хабарда.








