“Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида

    Ҳужжатлар 8 ноябр 2022 12218

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

    Юртимиз тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат бўлган Бош Қомусимизни бугунги давр талабларига мос ҳолда, энг муҳими, фуқароларимиз хоҳиш-иродаси ва фикри ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ҳақиқий халқ Конституциясига айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:

    1. “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилсин.

    2.Белгилансинки:

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади;

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

    3.“Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонининг низоми ва тавсифи 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

    4.Вазирлар Маҳкамаси (А. Арипов) бир ой муддатда:

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин;

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни тўплаш ва умумлаштириш ишларини ташкил этсин.

    5.Вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари Конституция қабул қилинган кун муносабати билан жойларда ўтказиладиган тадбирларда тантанали вазиятда топширилишини ташкил этсин.

    6. Белгилаб қўйилсинки, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

    Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур бандда назарда тутилган тадбирлар билан боғлиқ сарф-харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

    7. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлашга бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

    8. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 8 ноябрь

    * * *

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг
    2022 йил 8 ноябрдаги ПФ–243-сон Фармонига
    1-илова

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги”
    эсдалик нишони тўғрисидаги
    НИЗОМ

    1.“Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.

    2. “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

    3. “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Олий Мажлис Сенатининг Раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, Бош вазир, вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, шу ишга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.

    Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга унинг гувоҳномаси берилади.

    4. “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.

    * * *

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг
    2022 йил 8 ноябрдаги ПФ–243-сон Фармонига
    2-илова

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги”
    эсдалик нишонининг
    ТАВСИФИ

    “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликда олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Эсдалик нишонининг умумий баландлиги 54 миллиметрни ташкил этади.

    Эсдалик нишонининг қалинлиги – 2,2 миллиметр, олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

    Эсдалик нишонининг олд томони марказида миллий нақшлар фонида қонунийлик ва адолат тимсоли бўлган тарози ва очиқ ҳолатдаги китоб – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси рамзий маънода акс эттирилган. Китоб тасвирининг ичида баландлиги 8,6 миллиметр бўлган “30”, пастки қисмида эса баландлиги 2,5 миллиметрли “YILLIGI” ёзуви жойлашган.

    Китоб тасвири ортида давлатимиз суверенитети ҳамда чегараларимиз дахлсизлигини ифода этувчи миллий нақшдаги мустаҳкам дарвоза акс эттирилган.

    Эсдалик нишони айланаси миллий нақшлар билан безатилган бўлиб, унинг юқори қисмида “O‘ZBЕKISTON”, пастки қисмида “KONSTITUTSIYASINING” сўзлари ёзилган. Ёзувлар ва тасвирлар зарҳал рангда бўлиб, ҳарфларнинг баландлиги 1,8 миллиметрни ташкил этади.

    Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.

    Эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рангларидаги шойи лента билан қопланган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида уланган. Қадағичнинг бўйи – 16 миллиметр, эни – 25 миллиметр.

    Қадағичнинг орқа томонига эсдалик нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates