Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Makroиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан go4WorldBusiness платформаси маълумотларига асосан Ўзбекистон маҳсулотлари учун потенциал экспорт бозорлари ва буюртмачилар талаби ўрганилди.
Унга кўра, жумладан:
- Мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатлар.
Ҳудудлар - Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятлари
Потенциал бозорлар - Ҳиндистон, БАА, Буюк Британия, АҚШ, Малайзия ва Сингапур
- Ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола ва тери маҳсулотлари.
Ҳудудлар - Наманган, Қашқадарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси
Потенциал бозорлар - Испания ва Индонезия
- Ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, ун ва крахмал.
Ҳудудлар - Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри
Потенциал бозорлар - Хитой, Малайзия, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Шри Ланка
- Қимматбаҳо тошлар ва металлар, рух ва мис маҳсулотлари.
Ҳудудлар - Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри
Потенциал бозорлар - АҚШ, Япония, БАА, Корея Республикаси, Таиланд, Хитой, Ҳиндистон, Виетнам
Қайд этилишича, мазкур маҳсулотлар буюртмачиларининг 73 фоизи маҳсулотни ишлаб чиқариш, суғурталаш ва етказиб бериш харажатлари сотувчининг зиммасига юклатилиш талабини қўйишган (CIF).
Харидорларнинг 61 фоизи эса тўлов шакли сифатида аккредитивни (халқаро савдода риск даражаси кичик бўлган энг ишончли тўлов шакли – Letter of Credit), 16 фоизи банк орқали тўғридан-тўғри ўтказмаларни, 11 фоизи телеграфик пул ўтказмасини (TT - Telegraphic Transfer) афзал кўришади.
Буюртмачиларнинг 81 фоизи учун маҳсулотни етказиб берувчи корхона қайси мамлакатдан эканлигининг аҳамияти йўқ ва ушбу бозорларга ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам кириб бориш имкониятига эга.
«Шуни таъкидлаш жоизки, ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консултатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши, аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилади», – дейилади марказ ахборотида.