Мақолада 10 сентябрь куни Россия Катта театрининг тарихий саҳнасида Ўзбекистон Маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси кўмагида Москва шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун «Лазги. Қалб ва муҳаббат рақси» балети намойиш этилиши маълум қилинган.
Нашрда қайд этилишича, таниқли немис хореографи ва балетмейстери Рауль Раймондо Ребек томонидан саҳналаштирилган ушбу спектакль ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган қадимий халқ рақси «Лазги»га бағишланган.
«Халқ донишмандлиги тимсоли бўлган, кўплаб сирларга бурканган «Хоразм Лазги»си 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга, - дейилади мақолада. – Мафтункор энергия, қизғин ҳаракатлар, мураккаб рақс нақшига асосланган ўзига хос услуб - буларнинг барчаси «Лазги»ни ажойиб маданий ҳодисага айлантиради. Ўзбекистон Миллий балетининг спектакли биринчи марта 2021 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган ва шу заҳотиёқ катта шов-шувга айланиб, санъат ихлосмандларининг юқори баҳоларига сазовор бўлди».
Мақолада таниқли немис хореографи ва балетмейстери Раймондо Ребекнинг анъанавий қадимий рақсни мумтоз балет элементлари билан уйғунлаштирган мазкур ажойиб спектакли томошабинларга Шарқнинг барча ҳашамати ва Буюк ипак йўлининг улуғвор сеҳрини тақдим этиши таъкидланган.
Ушбу спектакль намойиши ҳақидаги хабарлар Россия жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, яқинда «Российская газета» ҳам Россиянинг бош саҳнасида ўзбекистонлик санъаткорларнинг чиқишлари ҳақидаги ахборот материалини ўз муштарийлари ўртасида тарқатди.