Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Сўнгги йилларда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг (кейинги ўринларда – маҳаллий Кенгашлар) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ваколатларининг такомиллашаётганлиги, шунингдек, янгиланган Конституцияда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида қарор қиламан:

    I. Мақсадлар

    1. Ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгилансин:

    а) маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш;

    б) фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш;

    в) ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш ва Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари ваколатларини мувозанатли тақсимлаш, ҳар бир бўғиндаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш;

    г) ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш.

    II. Дастурий ҳужжатлар ва уларни амалга ошириш механизмлари

    2. Қуйидагилар:

    а) Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

    б) Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини янада ошириш мақсадида қуйидаги ваколатларни Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиш бўйича таклифларга розилик берилсин:

    а) давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш;

    б) дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ва дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини тасдиқлаш;

    в) ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш;

    г) йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат бериш.

    4. Белгилаб қўйилсинки:

    а) бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий бюджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатларининг бевосита ташаббуси асосида шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;

    б) Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги ёшлар парламентлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, жамоатчилик асосида маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар гуруҳлари ташкил этилади;

    в) маҳаллий Кенгаш ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда илмий доиралар вакилларидан иборат жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Маслаҳат гуруҳлари ташкил этилади;

    г) маҳаллий Кенгашлар котибиятлари фаолиятини ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан мустақил молиявий ҳисоб-китоб тизими жорий этилади;

    д) Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институти ташкил этилади.

    5. Концепция доирасида қуйидаги таклифларни амалга оширишга розилик берилсин:

    а) вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлигига номзодларни тегишли маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, Кенгаш сессияларида номзодлар томонидан ўз йўналишлари бўйича ҳудудни ривожлантириш дастурларини тақдим этиш тартибини жорий этиш;

    б) маҳаллий Кенгашларда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институтини жорий қилиш;

    в) маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ташкилий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларини маҳаллий бюджет параметрларида алоҳида кўрсатиш орқали меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш шартларини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият даражасидан паст бўлмаган ҳолда белгилаш;

    г) маҳаллий Кенгашларнинг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияларига Кенгаш қарори билан лавозимга тасдиқланадиган, тайинланадиган, лавозимга тайинланишида Кенгаш розилиги олинадиган мансабдор шахслар томонидан одоб-ахлоқ нормаларини бузганлик бўйича ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқини бериш;

    д) Маҳаллий Кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг сессия ишини бевосита кузатиш имкониятини яратиш. Бунда маҳаллий Кенгаш сессияларида фуқароларнинг сессия ишига аралашиш ҳуқуқисиз кузатувчи сифатида иштирок этиши тартибини белгилаш.

    III. Ахборот ва дастурий таъминот

    6. Рақамли технологиялар вазирлиги босқичма-босқич “E-Kengash” электрон платформасини “қулайлик – соддалик – хавфсизлик” тамойили асосида доимий такомиллаштириб борсин. Бунда “E-Kengash” электрон платформасида қуйидаги асосий имкониятлар бўлиши назарда тутилсин:

    а) маҳаллий Кенгашлар фаолиятига доир ҳужжатларни хавфсиз электрон архив платформасида (blockchain) сақлаш имкониятини жорий этиш;

    б) катта ҳажмли маълумотлар билан ишлашда жамланган намунавий ҳужжатлар, таҳлилий маълумот, ҳисобот ва ахборотлардан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида тезкорлик ва қулайлик яратиш;

    в) “E-Kengash” электрон платформасини турли ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва киберҳужумларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан такомиллаштириш;

    г) “E-Kengash” электрон платформасида ҳужжатларни тасдиқлаш ва имзолашда Кенгаш раисини биометрик идентификациялаш (Face ID) технологияларини жорий этиш;

    д) сунъий интеллект технологиялари асосида маҳаллий Кенгашлар қарор лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш.

    IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

    7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.

    8. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу Концепция доирасида амалга ошириладиган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борсин.

    10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2025 йил 23 июнь

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates