Ўзбекистон сайёҳлар учун қулай манзил

    Туризм ҳозир дунё иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан. Ушбу йўналишда мақбул ва қулай шароитлар яратилса, мамлакатга катта даромад олиб келади.

    Шу йил 9 апрель куни Президентимиз раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселекторда сўнгги йилларда мамлакатимиз туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етгани қайд этилди. Бу соҳада 2000 дан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими, ўтган йили хорижлик сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди.

    Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Юртимизда 7300 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, мамлакатимиз бетакрор табиати, гўзал дам олиш масканлари имкониятидан фойдаланиб, янги туристик йўналишларни очиш мумкин. Мазкур соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

    Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони туризм соҳасини иқтисодиётнинг муҳим стратегик тармоғи сифатида янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кес­кин ошириш, янги туризм объектларини ташкил этиш, соҳадаги тадбиркорларни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаб қолишга қаратилган. Ушбу ҳужжатда 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилган. Жумладан, мамлакатга хорижлик 15,8 миллион сайёҳнинг сафарини ташкил этиш ва туризм хизматлари экспортини 4 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш ҳисобига маҳаллий 40 миллион сайёҳнинг ҳудудларга сафарини уюштириш ҳамда қўшимча 378 та туроператор фао­лиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

    2025 йил июндан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дас­турини амалга ошириш учун ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасидаги шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгилаб қўйилди.

    Аксарият мамлакатлар, хусусан, бозор муносабатларига ўтиш давридаги минтақалар иқтисодиёти учун туризмни ривожлантириш миллий даромадни диверсификация қилиш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.

    Жойларда туризмнинг ривожланиши валюта оқимини кўпайтириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнеснинг кенгайиши, ­инфратузилма талаб даражасида яхшиланиши ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат қилади. Туризм туфайли инфратузилма ривожланади, маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади ва даромади ортади. Хорижий тиллар, миллий мерос ҳамда қадриятларимизни билиш орқали аҳолининг маданий саводхонлиги юксалиб боради. Туризм миллий урф-одатлар, қадимий анъаналар ва ҳунармандчиликни сақлашга ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Мамлакатимиз ҳар бир ҳудудининг хорижлик сайёҳлар учун нечоғлиқ жозибадорлигини ҳис этган маҳаллий аҳолида ўз юртига қизиқиш янада ортади.

    Туризмнинг фаол ривожланиши мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини ошириб, имижини мустаҳкамлаш ва маданиятлараро алоқаларни яхшилашга ёрдам бериши билан бирга, атроф-­муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Жамият аъзоларининг экологик маданиятини оширади ва табиат неъматларидан самарали фойдаланишга имкон беради. Сўнгги йилларда юртимизда миллий боғлар, қўриқхоналар яратиш ва экотуризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-­ҳаракатлар тимсолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

    Бундан ташқари, юртимиз улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Давлатимиз нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда сайёҳлик марказларидан бири сифатида эътироф этилади. Ўзбекис­тонда ўтмишнинг турли даврларига хос ноёб тарихий-меъморий ансамбллар мавжуд бўлиб, қадимий шаҳарлардаги замонавий архитектура ўтган асрлардаги миллий меъморчилик ёдгорлик­лари билан уйғунлашган. Бу фақат мамлакатимизга хос хусусиятдир.

    Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган 12 та тумани ва шаҳрида туризм марказлари ташкил этилган. Уларда туну кун ишлайдиган рес­торан, кафе, соғломлаштириш ва бассейн хизматлари йўлга қўйилмоқда. Зомин, Чимён, Амирсой, Мираки каби курорт зоналар ҳамда кўнгилочар мажмуаларда халқаро брендлар, миллий ипак матолар, сувенир, заргарлик маҳсулотлари дўконлари очилмоқда. Бунинг учун 2027 йил 1 январгача туризм марказларидаги тадбиркорларнинг ер ва мол-мулк солиғини белгиланган миқдордан 90 фоиз камайтириш, 2026 йил 1 мартгача заргарлик ва олтин маҳсулотлари учун керак бўладиган асбоб-ускуналар ва технологияларни божхона божидан озод қилиш чоралари кўрилмоқда.

    Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланяпти. Жумладан, сўнгги саккиз йилда сайёҳлик соҳасига 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилди. Мамлакатда 20 та туризм қишлоғи фаолият юритяпти. Бўстонлиқ туманида “Amirsoy”, “Ugam River” туризм зоналари ташкил этилди. Паркент туманидаги Олтин бел чўққисида янги халқаро тоғ-чанғи зонаси барпо этилди.

    Шунингдек, ўтган йиллардан бошлаб “Ўзбекис­тонда яна бир кун саёҳат” дастури амалга оширилмоқда. Унга кўра, вилоятлараро туризм объектларини ўзаро боғловчи “республика туризм ҳалқалари” ҳамда туман ва шаҳарлар ўртасида “ҳудудий туризм ҳалқалари” ташкил этилмоқда.

    “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” дастури амалга оширилиб, баҳор ва куз фаслларида экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш, ёзда сув ҳавзалари ва оромгоҳлар, қишда экстремал туризм ва тоғ-чанғи зоналарининг имкониятлари тарғиб қилиняпти. Мазкур туризм мавсумларининг очилиши учун фестиваллар уюштирилмоқда.

    Буларнинг барчаси Ўзбекистон туризми жадал ривожланаётганидан ва бу ишни давом эттиришга мамлакатда барқарор ижтимоий-иқтисодий муҳит яратилганидан далолат беради. Ички ва ташқи сайёҳликнинг жадал ривожланиши юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

    Эркинжон БОТИРОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates