Ўзбекистон ташаббуслари миллий манфаатлар ва умуминсоний қадриятлар устуворлигининг ёрқин ифодаси

    Суҳбат 2 март 2021 8515

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод АСАДОВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга берган эксклюзив интервьюси

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, универсал хал­­қаро тузилма ҳисобланади. Ўзбекистон 1992 йилнинг 2 мартида ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизнинг БМТ билан муносабатлари бутунлай янги босқичга кўтарилди.

    Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган очиқ ва манфаатли ташқи сиёсат муҳим аҳамият касб этяпти. Пировардида республикамиз халқаро ҳамжамият орасида бир қанча долзарб ва глобал масалаларда прагматик қарашларни илгари суриб, уларни рўёбга чиқаришда ўзига хос модель яратди.

    — Сўнгги йилларда давлатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, кундан-кунга фаоллашиб бормоқда. Айтингчи, ўзаро муносабатларимизнинг қайси жиҳатларини алоҳида қайд этган бўлардингиз?

    — Дарҳақиқат, бугунги кунда ­Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ­муносабатлар янги маъно-мазмун касб этиб, ривожланиб бормоқда. ­Мамлакатимиз 1992 йил 2 мартда тузилмага аъзо бўлган бўлса, 1993 йилда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси ўз фаолиятини бошлади. Шундан буён республикамиз БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан самарали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

    Республикамизнинг БМТ доирасидаги кўптомонлама ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида халқаро ва минтақавий хавфсизликка бўлган таҳдидлар, шунингдек, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш, қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда унинг иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш, қуролсизланиш ва ­оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик, жумладан, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, барқарор ижтимоий-иқтисодий, жумладан, туризмнинг ривожланишини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни қўллаб-қувватлаш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

    Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги қарийб 30 йиллик ҳамкорлик алоқалари тарихида сўнгги тўрт йил алоҳида ўрин тутади. Чунки ушбу даврда мазкур ташкилот билан ўзаро муносабатларимиз сифат ва миқёс жиҳатидан мутлақо янги поғонага кўтарилиши таъминланди. Чунончи, ҳар
    иккала томон ўртасидаги олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот сезиларли жадаллашди.
    Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси ва унинг ихтисослашган муассасалари ишида бирмунча фаол иштирок эта бошлади.

    2017 йилнинг июнь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга расмий ташриф буюриб, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев билан учрашди. Шундан сўнг ҳар иккала томон ўртасидаги сиёсий мулоқот мунтазам тус олиб, Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош котиби билан 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияда ва 2019 йилнинг апрель ойида Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштироки доирасида ҳам учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларига оид кенг миқёсли масалаларни муҳокама қилди.

    Олий даражада ўтказилган учрашувлар ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларида ўзаро ишонч ва илиқ муносабатлар муҳитининг тобора кучайиб боришининг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон БМТ фаолиятининг турли соҳаларидаги жараёнларнинг олд қатнашчиларидан бирига айланди. Бу эса мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар билан ўзаро алоқаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

    Икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йилнинг июнь ойида БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди ва унинг ижроси изчил таъминланмоқда. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш, мамлакатимиз ва унинг вакилларини БМТнинг сайлов органларида аъзолигини таъминлаш, сиёсий-дипломатик тадбирларни ва республикамизнинг халқаро майдондаги имижини оширишга қаратилган кенг миқёсли халқаро фаолиятни назарда тутади.

    Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва “2030 йилгача даврдаги кун тартиби”да кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш борасида изчил саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. 2020 йил 15 июлда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг юқори даражадаги сиёсий форуми доирасида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Биринчи ихтиёрий миллий маърузаси тақдимоти бўлиб ўтди. ­Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилган маълумотлар ва видеоматериаллар БМТ ва аъзо давлатлар томонидан юқори баҳоланди.

    Шу боис, БМТ Ўзбекистонни жамиятнинг турли соҳаларида ислоҳотларни оғишмай амалга ошираётган ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Марказий Осиё минтақасидаги энг фаол аъзо давлат сифатида тан олмоқда. БМТ Бош котиби А.Гутерриш бугунги кунда сайёрамизнинг турли минтақаларида миллатлараро келишмовчилик ва бир-бирини тушунмаслик оқибатида ҳар хил низолар келиб чиқаётгани, бундай нохуш ҳолатлар наинки ўша миллатлар, балки дунё халқлари бирдамлиги, хавфсизлигига таҳдид солаётганини бир неча бор таъкидлаган. У ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ҳаёт кечираётгани, бунда маҳалла институти муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга сазовор эканини мамнуният билан қайд этган. Ташкилот Бош котибининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва бағрикенглик муҳити БМТнинг асосий мақсад ва тамойилларига тўла мос келади.

    Шунингдек, БМТ раҳбари Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини бир неча бор тасдиқлади. Бундан ташқари, А.Гутерриш давлатимиз раҳбари томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳоламоқда.

    — Шерзод Икромович, Ўзбекистон ўз овози ва мавқеига эга бўлган аъзо сифатида БМТ олдига муҳим ва долзарб масалаларни қўйиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мамлакатимиз ва БМТ ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур тарихий нутқда кўтарилган масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталсангиз?

    — Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсий ташаббуслари мамлакатимизни халқаро майдонда янада кенгроқ танитиш, унинг умумжаҳон жараёнларидаги тутган ўрнини кучайтириш борасидаги муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги тўрт йил мобайнида Ўзбекистон халқаро ҳамжамият доирасида қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб, дунё майдонидаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси эканини яққол исботлади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштироки мамлакатимизнинг глобал миқёсда долзарб ташаббусларни илгари суриш борасидаги фаолиятида янги босқични бошлаб бергани, шубҳасиз.

    БМТ Бош Ассамблеясининг мазкур сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан қатор халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бўлган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Булар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ва шу орқали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, Афғонистон муаммоси бўйича Тошкент анжуманини ўтказиш орқали томонлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашиш ва Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш, маърифат ва диний бағрикенглик ҳақидаги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини ҳамда Ёшлар ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кабилардир.

    Дунё миқёсида илгари сурилган жуда кўп сонли ташаббуслардан фарқли равишда, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари ўзининг амалийлиги ва жамиятнинг турли жабҳаларида ўз татбиқини топаётгани билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг биринчиси 2018 йилда Нур-Султонда, иккинчиси 2019 йил ноябрда Тошкентда бўлиб ўтгани ва учинчи учрашувни Бишкекда ўтказиш режалаштирилгани фикримизнинг яққол исботидир.

    Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясида қатор халқаро ва минтақавий характерга эга бўлган махсус резолюциялар қабул қилинди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

    Ўзбекистон Марказий Осиёда марказий географик ўринни эгаллайди ва минтақадаги ҳар бир жараённинг муваффақиятли ривожида мамлакатимизнинг иштироки беқиёсдир. Ана шунга мос равишда, Президентимиз ташаббусининг амалий ифодаси сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” бўйича резолюция 2018 йил 22 июнда қабул қилинди.

    Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро дўстона қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган оқилона ва изчил ташқи сиёсатнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

    Президентимиз томонидан илгари сурилган яна бир ташаббус асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик ҳақида”ги резолюцияни БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йил 12 декабрда тасдиқлади. Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз томонидан диний экстремизм ва радикализмга қарши кураш борасида илгари сурилган “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилининг амалий ифодаси ва бу борадаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини дунё миқёсида кенг қўллаб-қувватланиши демакдир.

    Кўрсатиб ўтилган резолюциялар нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё мамлакатлари, балки кўп сонли БМТга аъзо ҳамкор давлатлар иштирокида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Жумладан, уларнинг қабул қилинишида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган.

    Шунингдек, Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича, хабарингиз бор, 2018 йилнинг 27 мартида Ўзбекистон ташаббуси билан халқаро конференция ташкил этилиб, “Тошкент декларацияси” қабул қилинди. Ўзбекистон Афғонистонда тинчликка эришиш ва мазкур мамлакат иқтисодиётини тиклаш бўйича халқаро ва минтақавий саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этиб келмоқда.

    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, БМТ Бош котиби А.Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у давлатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб, уларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

    — Ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Ушбу ташаббусларни халқаро жамоатчилик қандай эътироф этмоқда?

    — Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 23 сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг умумий мунозараларида иштирок этиб, ушбу нуфузли ташкилот минбаридан давлат тилида нутқ сўзлади. Сессияда Юртбошимиз томонидан хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид 12 та халқаро ташаббус ва таклифлар илгари сурилди. Ушбу ташаббусларнинг қамрови ва миқёси жуда кенг, улар нафақат миллий ёки минтақавий, балки бутун жаҳон ҳамжамияти манфаатларини ўзида акс эттиради.

    Алоҳида қайд этиб ўтиш лозим, давлатимиз раҳбарининг барча ташаббус ва таклифлари жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

    Мисол учун, пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус илк бор Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 8 июлида Женева шаҳрида дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасида COVID-19га қарши курашиш масалалари бўйича глобал виртуал саммити иштирокчиларига йўллаган мурожаатномасида илгари сурилган эди. ­Эътиборлиси, мазкур ташаббусни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти қўллаб-қувватлади ҳамда уни амалга жорий этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

    Ўзбекистон пандемияга қарши самарали курашиш, жумладан, зарур дори-дармон ҳамда вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан кенг фойдаланишга қаратилган халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ҳаракатларни амалга оширмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унга аъзо мамлакатларнинг қатор компаниялари билан аҳолини COVID-19 га қарши эмлаш бўйича амалий музокаралар олиб борилмоқда.

    Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО)нинг 2020 йил 2-4 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Европа учун Минтақавий анжумани 32-сессияси давомида БМТ Бош котибининг 2021 йилда Озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммитни ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳозирги вақтда БМТ томонидан ушбу муҳим тадбирни ўтказиш санаси ва ташкилий масалалари бўйича аъзо давлатлар билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

    Президентимиз томонидан таклиф этилган 2021 йилда БМТ Глобал антитеррор стратегияси минтақавий Қўшма режасининг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро анжуманни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси БМТ томонидан қўллаб-қувватланди. Мазкур анжуманни жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази билан ўзаро келишувга эришилди.

    2021 йил Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумини ташкил қилиш ташаббуси мазкур ташкилот Бош директори Одри Азуле томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Ҳозирда мазкур тадбирни ўтказишнинг аниқ саналари ва тартиби, иштирокчилар рўйхатини шакллантириш жараёни ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

    БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ҳозирги вақтда БМТга аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари билан фаол музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур ҳужжатни 2021 йил давомида қабул қилиш мўлжалланмоқда.

    Таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббусларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича идоралараро “Йўл харитаси” тузилиб, унинг барча бандлари ҳозирги вақтда тегишли ташкилот ва идоралар томонидан ўз вақтида бажарилмоқда.

    — 2020 йил Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу, шубҳасиз, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, ташқи сиёсати ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларнинг тан олиниши ва эътироф этилиши бўлди. Мазкур сиёсий тузилмага аъзо бўлишнинг аҳамияти нималарда кўринади?

    — Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 22 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди. Давлатимиз раҳбарининг тарихий нутқи — янги Ўзбекистоннинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатидаги муҳим тарихий воқеа эканлиги, шубҳасиз. Зеро, тўрт йил ичида бир вақтлари Инсон ҳуқуқлари кенгаши энг кўп танқид қиладиган давлатдан ушбу тузилманинг тўлақонли аъзоси бўлиш ва шу билан бирга, бошқа мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиёсатига баҳо бера оладиган мавқега эга бўлиш — бу жуда катта сиёсий иродадан далолат беради.

    Биринчидан, бу воқеликнинг моҳиятини чуқурроқ таҳлил этсак, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланиши ва давлатимиз раҳбарининг юқори даражадаги сегмент ишида иштироки — охирги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган “ортга қайтмас” ўзгаришлар ва янгиланишларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан, нафақат юқори баҳоланиши, балки тан олинишининг тасдиғидир.

    Иккинчидан, Президентимиз нутқини янги Ўзбекистоннинг ўзига хос “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доктринаси” деб баҳолашимиз мумкин. Чунки нутқда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туриши алоҳида қайд этилди.

    Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида ­Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида аниқ стратегия борлигини кўрсатиб берди. Яъни, ҳар бир масала ва муаммони тизимли ечиш бўйича режа мавжудлиги кўрсатилди. Бунга бир мисол сифатида, Президентимиз мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди. Бу Юртбошимизнинг юксак сиёсий иродасини яна бир бор намоён қилди.

    Давлат раҳбари ўз нутқида мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга қатъий содиқ қолишини алоҳида таъкидлади. Шу билан бир вақтда, бу соҳада айнан Ўзбекистон учун устувор саналган вазифаларни айтиб ўтди:

    — гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан ошириш;

    — алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;

    — аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

    — қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш;

    — фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

    Учинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон халқаро жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида майдонга чиқди. “Янги Ўзбекистон”ни бунёд этиш йўлида ислоҳотчилик сиёсатининг бошланишига кўп вақт ўтмаганига қарамасдан, мамлакатимиз халқаро жараёнларни “кузатувчи” давлатдан бу жараёнлар кун тартибини белгилаб берувчи давлатга айланди.

    Ташқи ишлар вазирлиги вакили сифатида яна шуни таъкидламоқчи эдимки, мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши фаолиятида тўлақонли аъзо сифатида иштирок этиши — бу ўзбек дипломатия мактабини янада кучайтириш учун катта имконият ҳамдир. Буни тизимдаги ҳамкасбларимиз билан ифтихор ва масъулият сифатида қабул қиляпмиз.

    Мамлакатимиз илк бор Инсон ҳуқуқлари Кенгашига аъзо бўлишига қарамай, унинг фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Бу борада катта тайёргарлик ишлари олиб борилиб, Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ўз олдидаги ихтиёрий мажбуриятлар ва мақсадларни ишлаб чиқди.

    Бу вазифалар халқаро, минтақавий ва маҳаллий йўналишда жами 44 банддан иборат. Булар аниқ тизимли тартибда ишлаб чиқилган ва изчил амалга ошириб келинмоқда.

    — БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги фаолиятини қандай баҳолайсиз? Уларнинг жамиятимиз ривожида тутаётган ўрни қай даражада?

    — Ҳозирги вақтда мамлакатимизда фаолият юритаётган “БМТ жамоаси” 24 та турли агентлик, жамғарма ва дастурларга тегишли муассасаларни ўз ичига олади. Улар 2030 йилгача бўлган БМТ кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда ­Ўзбекистонда миллий ривожланишнинг устувор йўналишларини илгари суриш борасида кўмак бериш бўйича ўзаро биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

    БМТ доирасида амалга оширилган тузилмавий ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, 2019 йилдан буён мамлакатимиздаги барча БМТ агентликларининг фаолияти Доимий вакил (ҳозирги вақтда Х.Фрейзер) томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Мамлакатимизда ваколатхона даражасида ўз фаолиятини олиб бораётган БМТ тузилмалари қаторига БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Аҳолишунослик бўйича жамғарма (ЮНФПА), Болалар жамғармаси ­(ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси, Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Халқаро миграция ташкилоти ва БМТТД раҳбарлигида иш юритувчи ташкилотнинг Кўнгиллилар дастури кабилар киради.

    БМТнинг мамлакатимиздаги фаолиятига Саноат ривожланиши бўйича ташкилот (ЮНИДО), Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД), Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича дастур (ЮНЕП) ва ташкилотнинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, Бутунжаҳон банки БМТнинг ихтисослашган муассасаси сифатида ташкилотнинг республикамиздаги фаолияти доирасида сезиларли ишларни амалга оширмоқда.

    БМТ агентликларининг Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро ҳамкорлиги 2020 йилнинг сентябрида мамлакатимиздаги Ташкилот жамоаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 2021-2025 йилларга мўлжалланган БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадидаги янги Доиравий ҳамкорлик дастурига биноан амалга оширилади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ҳукумати, Олий Мажлис палаталари ва кенг фуқаровий жамият вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик натижасида яратилди ва томонларнинг яқин келажакка мўлжалланган ўзаро саъй-ҳаракатлари дастури ҳисобланади.

    Мазкур дастур мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилаётган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлари билан ҳамоҳангдир.

    — Орол муаммосини ҳал этиш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари БМТ томонидан мунтазам қўллаб-қувватланиб келмоқда. Бу йўналишдаги ишлар келгусида қандай давом этади?

    — Ўзбекистон Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга БМТ минбаридан туриб доимий равишда бонг уриб келган. Минтақамиз мамлакатлари билан ҳамкорликда тузилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси БМТда кузатувчи мақомига эга. 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан ҳамда БМТ Бош котиби шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст жамғармаси ташкил этилди.

    Жамғарманинг асосий мақсади — аҳолининг турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик вазият, ижтимоий ҳимоя ва бошқа шу каби соҳалар билан боғлиқ бўлган Оролбўйининг зарурий муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш.

    Ҳозирги кунга қадар Траст жамғармаси фаолияти учун донор мамлакатларнинг жами 26,1 миллион АҚШ долларига тенг маблағ жалб қилинган.

    Жамғарма доирасида доимий равишда лойиҳа таклифлари портфели ишлаб чиқилмоқда ва янгиланмокда. Жумладан, Оролбўйи минтақаси экологик ҳолатини тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича лойиҳаларнинг ягона платформаси яратилди. 47 та йўналиш бўйича лойиҳалар рўйхати шакллантирилди.

    Улар доирасида қуйидаги 3 та лойиҳа тасдиқланди: инновацион лойиҳалар яратиш ва самарали қишлоқ хўжалик амалиётини жорий этишда ёшларни қўллаб-қувватлаш, мактабларда ичимлик суви таъминоти ва санитария тизимларини яхшилаш, Қорақалпоғистонда соғлиқни сақлаш тизимини баҳолаш.

    Ҳозирги вақтда БМТ Тараққиёт дастури Оролбўйи ҳудудида қишлоқ жойларидаги бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Қатор вазирликлар ва идоралар билан имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида 2020 йил “Яшил Орол денгизи” ташаббусига старт берилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 100 гектар қуруқ денгиз тубида саксовул кўчатлари экилади.

    А.Гутерриш ўзининг 2017 йил июнь ойида Оролбўйига қилган сафари якунида Орол экологик ҳалокатини “бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири” деб қайд этди. Шу боис, у БМТ Ўзбекистонни Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф қилишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

    — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кун тартибида ёшлар масаласи долзарб мавзулардан бирига айланди. Бунда Ўзбекистоннинг ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга бўлиб боряпти. Шулар ҳақда фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

    — Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда БМТ доирасида ёшлар масалаларига жуда катта эътибор бериляпти. БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили лавозимининг жорий этилгани ва ушбу масала ташкилотнинг қатор анжуманлари кун тартибига киритилаётгани бу фикрнинг яққол далилидир. Шу билан бирга, ­Президентимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.

    Шу боис, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларида сўзлаган нутқларида ёшлар масалаларига алоҳида ­эътибор қаратди. Жумладан, давлатимиз раҳбари 72-сессияда “ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа...” эканлигини алоҳида таъкидлаб, “сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ”лигини айтиб ўтди. Шу муносабат билан, “глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш”ни илгари сурди.

    БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида эса, Президентимиз “мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини, республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётгани ва Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатаётгани”ни алоҳида таъкидлаб ўтди.

    Ушбу ташаббусни амалга ошириш йўлида БМТ билан ҳамкорликда “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида мазкур ҳужжат лойиҳасини тақдим этамиз.

    Ҳозирги вақтда Юртбошимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасидаги ташаббусларини амалиётга татбиқ этиш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги ваколатхонаси томонидан мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича “Дўстлар гуруҳи”ни шакллантириш ишлари изчил давом этяпти. Конвенциянинг моҳияти, мақсади ва уни қабул қилиш масалалари бўйича БМТга аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

    Бундан ташқари, 2020 йилнинг 12-13 августида мазкур ташаббусни амалга ошириш масалаларига бағишланган “Ёшлар — 2020: Глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтди.

    Тадбир давомида Ўзбекистон Президентининг мазкур ташаббусини амалга ошириш масалалари хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги ёшлар иштирокида батафсил муҳокама қилинди, таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

    Самарқанд Инсон ҳуқуқлари веб-форуми натижалари бўйича қабул қилинган ­“Самарқанд декларацияси” БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида ташкилотнинг 6 та расмий тилида чоп этилди. Буларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ташаббусининг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

    Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates