Ўзбекистон билан БАА ўртасида кўп қиррали алоқаларни, жумладан савдо-иқтисодий, ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликнинг барча йўналишларида сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 2,1 баробарга ошган бўлса ($518,6 миллион), 2023 йилда эса 2022 йилга нисбатан қарийб 21%га ўсган ($625,9 миллион), БАА иштирокидаги корхоналар сони 300 тага етди.
Суҳбат давомида бу борада Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаолиятини янада кучайтириш орқали савдо кўрсаткичларини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, ҳамда рақамли технологиялар йўналишларида биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бу йил Ўзбекистонда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани муносабати билан айнан ёшлар билан ишлаш, яъни, уларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, қатор илғор замонавий соҳаларда ўтказиладиган тадбирларда ёшлар иштирокини таъминлаш, бир сўз билан айтганда ёшларининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.