Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Италия Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқеа эканини таъкидлади.
Сержо Маттарелла Ўзбекистон етакчисига таклиф ҳамда Италия делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун дилдан миннатдорлик билдирди.
Италия Президенти Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади ҳамда мамлакатимизнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграциялашувни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти жорий йил июнь ойида Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари парламентлар ва ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш муҳим эканини айтдилар.
Келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
“Марказий Осиё - Италия” мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилади.
Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этди.
Савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилди.
Мамлакатимиз миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди.
Томонлар Тошкент шаҳрида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган “Конфиндустрия Ўзбекистон” саноатчилар уюшмаси очилганини олқишладилар.
Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.
Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди.
Ушбу етакчи олий таълим даргоҳи негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади.
Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Мактабларимизда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва мактабларимизда уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди.
Халқларимиз бир-бирининг бой ва бетакрор маданий-тарихий мероси билан танишиши учун мамлакатларимизда Ўзбекистон ва Италия маданият, кино ва туризм кунлари ўтказилади.
Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неаполь университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юксак баҳоланди.
Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.