Миллий қўшиқчилик санъатимизнинг атоқли намояндаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев шу йил 4 сентябрь куни 77 ёшида вафот этди.
Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрелда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилди.1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Шодлик” ашула ва рақс ансамблининг хонандаси сифатида бошлади. Кўп йиллар Андижон вилояти филармонияси, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси каби ижодий ташкилотларда фаолият кўрсатиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилди.
Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқимиз ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди.
Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, миллий парламентимиз депутати сифатида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди.
Кейинги йилларда “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида самарали меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди.
Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.
Шерали Жўраевнинг миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.
Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Х.Султонов, О.Назарбеков