Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова вафоти муносабати билан ҳамдардлик

    Ташвишли хабар 14 январ 2023 7324

    Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова шу йил 13 январь куни 68 ёшида вафот этди.

    Энахон Сиддиқова 1954 йил 28 августда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилди. 1976 йилда Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг филология факультетини тамомлади.

    Меҳнат фаолиятини 1976 йилда ўқитувчиликдан бошлаб, Олтиариқ ва Фарғона туманларидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, мактаб директори бўлиб ишлади. Қатор йиллар Фарғона тумани ва Фарғона вилояти ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаб, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш, баркамол авлод тарбияси йўлида фаоллик кўрсатди.

    Айни вақтда истеъдодли шоира, жонкуяр жамоатчи сифатида танилди. Унинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, эл-юртимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган “Қоракўз турналар”, “Кўнглим уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Эъзозли аёллар”, “Она ҳақида қўшиқ”, “Барханларда унган гул” сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллади.

    Энахон Сиддиқова 2001 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари сифатида қизғин меҳнат қилди. У вилоятда адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, жойларда илм-фан ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида самарали хизмат қилди. Юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда ташаббускор бўлди.

    Айниқса, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда чинакам жонбозлик кўрсатиб хизмат қилди.

    У 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш, ижтимоий ва маънавий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшди.

    Энахон Сиддиқованинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган эди.

    Таниқли ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Энахон Сиддиқованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

    Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
    А.Арипов, С.Саидов, Х.Бозоров