Таниқли болалар шоири 95 ёшида вафот этди

    Таниқли болалар шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўта Бердиёр 95 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

    Ўта Бердиёр 1930 йил 12 август куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Ғаллачи қишлоғида туғилган. 1949 йили Бухоро давлат педагогика институтининг тарих факультетини тамомлаган.

    Шоир ўзининг узоқ йиллик умри ва меҳнат фаолиятини мактабга, болалар тарбиясига бахшида этган. 1949 йилдан 1994 йилгача Чироқчи туманидаги 27-мактабда тарих фанидан дарс берган.

    Унинг таълим-тарбия соҳасидаги меҳнатлари "Ўзбекистон халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан мукофотланган.

    Шоирнинг "Қачон одам бўламан?"," Икки меҳр бирлашса", "Баҳор санъати"," Чўпон бола орзуси", "Жилғанинг йўли"," Эртаклар", "Кўнгил ва муҳаббат қаримайди"," Қирқ оёққа қирқ пайпоқ", "Ота насиҳати" номли болаларга бағишланган шеърлар ва эртаклар тўпламлари нашр этилган.

    Ўта Бердиёр болаларга бағишлаб ёзилган "Тасалли" ва "Орият" номли китоблари учун 2024 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Ватан учун яшайлик" танлови ғолиби бўлган.