Ўзбекистон халқига байрам табриги

    Ҳукумат 7 декабр 2023 7272

    Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Асосий Қонунимизнинг жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётидаги беқиёс аҳамиятини юксак қадрлаймиз.

    Албатта, бу йилги байрам ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, мамлакатимиз ривожида алоҳида маъно-мазмунга эга. Бу, аввало, шу йил 30 апрелда миллий тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилингани билан боғлиқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

    Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди.

    Биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадларга етишда Асосий қонунимизда муҳрланган барча қоида ва тамойилларни амалга оширмоқдамиз. Жамиятимизда Конституция ва қонун устунлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйишнинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, бу борада тизимли ишларни бошладик. Хусусан, Асосий қонунимиздан келиб чиқиб, амалдаги қонунларимизни янги конституциявий нормалар билан уйғунлаштириш юзасидан жадал ишлар олиб борилмоқда.

    Бу ҳақда сўз юритганда, қисқа муддатда 30 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилганини таъкидлаш лозим.

    Конституция ва қонун устунлиги тамойили – бу барқарор тараққиётнинг асосий мезони. Сўнгги йилларда барча ислоҳотларимизни айни шу тамойил асосида амалга оширдик.

    Юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми охирги 6 йилда 1,5 мартадан ортиқ, тадбиркорлар сони 2 баробар ва саноатдаги ўсиш 40 фоиздан зиёд ошгани буни яққол тасдиқлайди.

    Шунингдек, жорий йилда ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 134 триллион сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 5,6 баробар кўпайди.

    Кенг кўламли ва тизимли ислоҳотларимиз натижалари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага, Матбуот эркинлиги индексида 28 поғонага, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 13 поғонага кўтарилди.

    Азиз дўстлар!

    Биз инсон қадр-қиммати ва манфаатларини таъминлаш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни янги конституциявий маконда янада қатъий давом эттирамиз. Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқаришимиз ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим.

    Шу муносабат билан олдимизда турган энг муҳим устувор вазифаларни қайд этмоқчиман.

    Биринчидан, Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, дейилган. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларимиз изчил давом эттирилади.

    Иккинчидан, Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан-тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтишимиз зарур. Шундагина халқимиз Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш кучи ва таъсирини теран ҳис этади.

    Бу борада барча давлат идоралари, жумладан, судлар фаолиятида конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллашни жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилади.

    Учинчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги конституциявий маконга уйғунлаштирилади. Бу жараёнда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади.

    Тўртинчидан, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва жазо турларини ўзгартириш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилади.

    Бешинчидан, Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари
    ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифаларимиздан биридир.

    Ушбу йўналишда асосий эътиборимиз бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишга, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилади.

    Олтинчидан, барча ислоҳотларимизда инсон ва унинг манфаатлари марказий ўринда туриши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда қулай ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат органлари учун бош мақсад бўлиши лозим. Сўнгги йилларда шу мақсадда 300 га яқин давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилди ва аҳолига 50 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

    Шу боис, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда мавжуд бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда ушбу жараёнлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ишларни изчил давом эттиришимиз керак.

    Еттинчидан, биз “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинди. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилиши лозим. Шунинг учун давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этишимиз зарур.

    Саккизинчидан, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берамиз. Хусусан, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сони қарийб 40 фоизга ошди ва уларни қўллаб-қувватлашга 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

    Шу билан бирга, фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз лозим ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий чораларни кўришда давом этамиз.

    Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

    Дунёнинг турли минтақаларида зиддият ва қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бормоқда. Олдимизда янги-янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда барчамиз янада бирлашишимиз керак. Танлаган йўлимиздан қатъий олға боришимиз зарурлигини асрлар давомида кўплаб оғир синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва донишманд халқимиз албатта яхши тушунади.

    Аминманки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси биз учун бу йўлда улкан ишонч, куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

    Биз Асосий қонунимизга таянган ҳолда, мана шундай ноёб Конституциямизнинг асосий ижодкори бўлган кўпмиллатли, бағрикенг ва олижаноб халқимиз билан бирга улкан мақсадларимизга албатта етамиз!

    Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!

    Сиз, азиз ватандошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

    Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

    Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates