Қарор билан қарз юки кўрсаткичи жорий этилмоқда, у ўртача кредит тўловларининг қарз олувчининг ўртача ойлик даромадига нисбати орқали ҳисобланади.

Қарз юки кўрсаткичи — бу қарз олувчи ўртача ойлик даромадининг солиқлар чегириб ташлангандан кейин барча кредитлари ва қарзлари бўйича шартнома тўловларини амалга ошириш учун зарур бўлган улуши ҳисобланади. Паст ҚЮК қиймати қарз олувчининг даромадлари ва харажатлари баланси мавжуд кредитлар бўйича тўловларни ўз вақтида тўлашга имкон беришини кўрсатади. Юқори даража эса ортиқча қарзни билдиради, яъни қарз олувчи ҳар ой даромадининг асосий қисмини қарзни тўлашга сарфлашга мажбур бўлади.

Ҳозир Ўзбекистонда қарз юки талаби фақат микрокредитларга нисбатан қўлланади ва 50 фоизни ташкил этади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб барча кредитларни (шу жумладан, микрокредитларни) беришда кредиторлар ўз мижозларининг қарз юки 60 фоиздан ошмаслигини таъминлаши шарт.

2025 йил 1 январдан бошлаб бу кўрсаткич 50 фоизгача қисқартирилади.

Қарз юкини барча кредитлар контекстида ҳисоблашни жорий этиш орқали регулятор аҳоли даромадларини легаллаштиришга эришиш, ўз даромадларини қонунийлаштирган қарз олувчиларни кредитлашни рағбатлантириш, норасмий даромадларни баҳолашни расмийлаштириш ва банкларни масъулиятли кредитлашга жалб этишни мақсад қилган.