Юртимизда аҳолининг кўп қисми жамоат транспортидан фойдаланади. Бироқ ривожланган мамлакатлар билан солиштирганда кўрсаткичларимиз нисбатан паст. Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳолат барча ҳудудларда автобусларнинг етарли эмаслиги билан изоҳланади. Биргина мисол, республикамизда 5 мингга яқин йўловчи ташиш йўналиши бўлса, шундан 15 фоизи автобус, қолган 85 фоизи микроавтобус ёки “Дамас”лар ҳиссасига тўғри келмоқда. Натижада Тошкент шаҳри аҳолисининг 30, вилоятларда 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланяпти. Ваҳоланки, бу кўрсаткич бошқа давлатларда юқорироқ, хусусан, Қозоғистонда 76 фоиз, Россияда 30 фоизни ташкил этади. Мутахассислар ушбу муаммонинг сабаби ва ечимлари ҳақида гапирди.
Руслан РЎЗМЕТОВ,
Транспорт вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Автобус, микроавтобуслар йўналишини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозир соҳада фаолият юритаётганларнинг 99 фоизини хусусий сектор ташкил қилмоқда. Бу жуда яхши натижа. Аммо бу ҳолат мазкур тизимни ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз мумкинлигини англатмайди. Ҳудудларда автобуслар камлиги ижтимоий масала. Ўрганишлар натижалари автобуслар етишмовчилигининг сабаби ушбу транспорт воситаси нархининг баландлиги, кредитлашнинг самарали механизми мавжуд эмаслиги, субсидия тизими ишламаётгани билан боғлиқлиги маълум бўлди. Ҳатто 2019 йилда автобус сотиб оладиганларга 24 фоизли кредит берилган. Хусусий автокорхоналарнинг кўпчилиги бундай катта фоизни тўлай олмаган. Ана шу муаммолар сабаб тадбиркорларнинг автобус сотиб олиб, фаолият кўрсатишга интилиши камайиб кетган.
Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Транспорт вазирлиги “Ҳудудлардаги жамоат автотранспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйди. Лойиҳада айни юқоридаги масаларнинг ечими кўрсатилган. Унда автобус, микроавтобус сотиб олаётган корхоналарни самарали кредитлаш механизмини яратиш, фоиз ставкаларини пасайтириш, автобус харид нархининг 5 фоизини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаш, зарар билан фаолият юритаётган корхоналарнинг кўрган зиёнини маҳаллий бюджетдан ойма-ой қоплаб бериш механизми ҳамда гаров масаласида ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Бу қулайликлар соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириб, аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш учун шароит яратади.
Таксида йўловчи ташиш соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўпчилик кутган янгиликлардан бири бўлди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати таксичилик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш тизимининг соддалаштирилгани ҳисобланади.
Қарор қабул қилинишидан олдин ўтказилган таҳлилларда республикада қонуний фаолият кўрсатаётган таксилар сони 61 мингга яқин, ноқонуний таксичилар эса 100 мингдан зиёд экани аниқланди. Хўш, улар нима учун қонуний фаолият кўрсатмаяпти? Тегишли лицензияни олиб ишламаяпти?
Бунинг биринчи сабаби шуки, қонуний фаолият кўрсатиш механизми талаблари жуда мураккаб. Яъни аввалги қонунчилик талабларига кўра, таксичи лицензия олиш учун машинасини юридик ташкилотга ижарага бериши, муайян рангга бўяши, махсус давлат рақамини олиши талаб этилган. Буларнинг барчаси ортиқча харажат эди.
Иккинчи сабаб - ноқонунний фаолият кўрсатаётган 100 минг ҳайдовчидан 50-60 фоизининг асосий иш жойи бор ва улар бўш вақтларидагина таксичилик қилади. Бу кишилар учун лицензия олиш ортиқча оворагарчиликдан бошқа нарса эмас. Бундан ташқари, вилоятларда аксарият фуқаролар бола-чақасини таксичилик орқасидан боқади. Шу пайтгача амал қилган меъёрий ҳужжатлар, қонунчиликда уларнинг молиявий ҳолати билан ҳисоблашилмаган. Юқоридаги қарорда ана шу масалаларга ечим белгиланди. Яъни таксичилик фаолияти билан қўшимча иш сифатида шуғулланадиганларга якка тартибда, ҳеч кимга аъзо бўлмасдан, шунчаки давлат рўйхатидан ўтиб, минимал қатъий солиқни тўлаган ҳолда, истаган вақтда фаолият кўрсатиш ҳуқуқи берилди. Улар бунинг учун аввалгидек катта харажатлар қилишга мажбур бўлмайди. Ягона шарти — якка тартибда рўйхатга олинган таксичилар бир ёки бир нечта такси корхонасига бирикиб, фақат буюртма асосида ишлаши керак бўлади. Шу жиҳатдан қарор билан агрегаторлар, яъни такси корхоналари фаолияти ҳам тартибга солинди. Уларга ўз базасини солиқ органи ва Транспорт вазирлиги билан интеграция қилиш ҳамда 1 сентябрдан фақат лицензия олган жисмоний шахслар билан ишлаш талаблари қўйилди. Боиси, берилган лицензия орқали рўйхатга олинган ҳар бир такси ҳайдовчисидан аҳолига қонуний, қулай ва сифатли хизмат кўрсатишни талаб қилиш мумкин бўлади.