Ўзбекистонда Бизнес-омбудсманнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилди

    Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

    «Норма» портали маълумотига кўра, ҳукумат қарори билан Бизнес-омбудсман девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилмоқда ва тегишли низом тасдиқланмоқда.

    Жамғарма маблағлари Бизнес-омбдусман девонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш учун сарфланади.

    Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

    -Бизнес-омбудсман томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарима суммасининг 100 фоиз миқдори;

    -техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг грантлари;

    -жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

    -вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар.

    Маълумот учун: Бизнес-омбудсман хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказиш, уларни хомийликка мажбурлаш каби жами 9 та турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқишга ҳақли.

    Жамғармага раҳбарлик қилиш ва маблағларни сарфлаш масалалари жамғарма Кенгаши томонидан амалга оширилади, Бизнес-омбудсман Кенгаш раиси ҳисобланади.